25.02.2014

ЭЛЕКТОРАТ МАНФААТИ ҲИМОЯСИ

самарали бўлиши учун ҳаётни чуқурроқ ўрганиш, аниқ ташаббусларни кўпайтириш керак бўлади

Ҳар бир депутат зиммасида сайловчилар ишончини оқлашдек катта вазифа турибди. Бу борада партиямизнинг барча даража­даги ташкилотлари ва депутатлар қандай ишларни олиб бора­япти? Сайловчилар манфаати қандай ҳимоя қилинмоқда?

ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳининг кенгайтирилган қўшма йиғи­лишида ана шу саволлар ўртага ташланди. ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вилоят, туман ва шаҳар партия кенгашлари раислари ҳамда фаоллар бу борада ўз фикр-мулоҳа­заларини билдирди.

Йиғилишда асосий эътибор Президентимизнинг Конституция­миз қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузаларида билдирилган фикрлардан келиб чиқадиган вазифаларни амалга оширишга қаратилди.

— Мамлакатимизда тобора чуқурлашиб бораётган демок­ратик жараёнларнинг бугунги босқичи пар­тия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари фаолияти­ни кучайтириш­ни, электорат манфа­атларини ҳи­моя қилишда ташаббускорликни оширишни талаб этмоқда, — дейди ЎзХДП Андижон ви­лоят кенгаши раиси Абдулҳамид Нурматов. — Президентимиз маъ­рузасида билдирилган фикр­лар фаолиятимизни яна бир бор тан­қидий ўрганиб, тегишли хулосалар чиқаришни тақозо қиляпти. Аввало, жойлардаги турли ижтимоий масалаларни ҳал этишда партиямиз иштирокини таъминлаш керак. Бунинг учун партия кенгашлари, бошланғич ташкилотлар ва депутатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш лозим.

Бугунги кунда халқ депутатлари Андижон вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида ЎзХДП вакиллари бўлган 182 нафар депутат фаолият юритмоқда. Улар томонидан ўтган йил давомида 58 та депутатлик сўрови юборилди. Шунингдек, Ҳаракат дастурига асосан ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ва электорат манфаатларига дахлдор 9 та масала партия гуруҳларида, 9 та масала доимий комис­сияларда муҳокама қилинди ва 4 та масала сессия кун тартибига киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Бироқ партиямиз ташкилий тузилмаси ва салоҳиятидан электоратимиз манфаатларини ҳи­моя қилишда янада самаралироқ фойдаланишимиз лозим. Бу электо­рат, сайловчилар ишончини тўлақонли оқлашга хизмат қилади.

Олий Мажлис Қо­нунчилик пала­таси депутати, ЎзХДП фрак­цияси аъзоси Алишер Тиллабоев ЎзХДПнинг 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш механизмлари ҳа­қида тўхталди.

— Ўтган йили ЎзХДП ташкилотлари ҳамда гуруҳлари томони­дан қатор ижобий ишлар амалга оши­рилди, — деди у. — Бу пар­тия таш­килотлари ва гуруҳлари ҳамкорлигининг самараси, деб ўйлайман.

Гап шу ҳақида кетганда, Ҳа­ракат дастурига киритилган масалаларни ҳал этишни фақат партия гуруҳларининг ўзларига ташлаб қўйишни нотўғри, деб ҳисоблайман.

ЎзХДП Асака туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Муйдинжон Дадажонов партия гуруҳининг жорий йилдаги фаолияти асосий йўналишлари ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди.

— Жорий йилда олдимизда турган вазифалардан келиб чиқиб, партиямиз ўзини оқлаган, ижтимоий аҳамиятга эга мақсадли тадбирларни ўтказиш амалиё­тини янги мазмун билан бойитиши керак, деб ўйлайман, — де­ди у. — Хусусан, ҳудудий инвестиция ва маҳаллий ресурслар ҳисобига қўшимча лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифларни шакллантириш, оналар ва болалар саломатлигини асрашга қаратилган ишларни кучайтириш, депутатлик ва жамоатчилик назоратини такомиллаштириш масалаларида янада фаол бўлишимиз, энг муҳими, ўз позициямизни кўрсатишимиз талаб этилади.

Йиғилишда ибратли ташаббусларни ўрганиш бўйича семинарлар ташкил этиш, ЎзХДП туман, шаҳар кенгашлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари фао­лиятини кучайтиришга қаратилган таклифлар билдирилди.

Аҳмадилло СОЛИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.