25.02.2014

ОДАМЛАР ТАШВИШИ БИЛАН ЯШАГАН ИНСОН

ҳамиша элнинг назарида бўлади Жиззах шаҳридаги

39-мактабгача таълим ­муассасасига ЎзХДП халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашидаги гуруҳи аъзоси Шоира Фозилова раҳбарлик қилади. Бу даргоҳда эртамиз эгалари баркамол, соғлом вояга етиши, билим олиши, тил ўрганиши учун барча шароит яратилган.

Шоира Фозилова халқ депутатлари шаҳар Кенгашига 23-Фузулий сайлов округидан депутат этиб сайланган. Мазкур ҳудудда унинг ташаббуси билан бошланғич партия ташкилоти тузилган. У БПТ фаолиятини ташкил этиш, аъзоларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, партия дастурий мақсадларини аҳоли орасида кенг тарғиб қилишда ҳам фаол иштирок этмоқда.

Депутат сифатида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларига таклифлар бериш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, Жамоатчилик қабулхоналарига тушган мурожаатларни тегишли идоралар ҳамкорлигида ўз вақтида ҳал этишда намуна кўрсатаяпти. Сайловчилар билан тез-тез учрашиб, уларни қийнаётган масалаларни ўрганиб, ечими юзасидан депутатлик сўровлари юбораяпти.

— Маҳалламизни ободонлаштириш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхши­лашда депутатимиз хизмати катта бўлмоқда, — дейди «Зар­гарлик» маҳалласи бошлан­ғич партия ташкилоти етакчиси Анора Бойбобоева. — Биргина якунланган йилда у маҳалламизда истиқомат қиладиган 76 нафар фуқаронинг мурожаат ва таклифларини ўрганган ҳолда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органла­ри, корхона ва ташкилотларга 37 депутатлик сўрови юбор­ди. Натижада мурожаат қилган 30 га яқин электорат вакилининг муаммоси ҳал бўл­ди. Депутатнинг ана шу саъй-ҳаракатлари, одамларга бераётган кўмаги натижасида фуқароларнинг партиямизга бўлган ишончи ошиб боряпти.

Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашининг 2013 йил 26 сентябрь куни бўлиб ўтган сессиясида партия гуруҳи ташаббуси билан Ҳаракат дастури доирасида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликлари бўйича иш билан таъминлаш масаласи муҳокама этилди ва тегишли қарор қа­бул қилинишига эришилди.

— Масалани партия гуруҳи, кейинчалик доимий комиссия йиғилишида кўриб чиқиш, сессия муҳокамасига тайёрлашда Шоира Фозилованинг алоҳида фаоллик кўрсатганини айтиб ўтишни истардим, — дейди ЎзХДП Жиззах шаҳар кенгаши раиси Носиржон Сиддиқов. — Айни пайтда сессия қарори ижроси юзасидан ҳам қатъият билан иш олиб бормоқда. Бу борада сусткашлик ва масъулиятсизликка йўл қўяётган шаҳар «Иссиқлик манбаи» идораси, уй-жой коммунал депар­та­менти, «Халқ банки» шаҳар бўлими, ободонлаштириш бошқармаси сингари корхона ва ташкилот раҳбарлари масъулиятини ошириш бўйича таъсирчан ва амалий чо­ра-тадбирлар қўлланилишига ҳаракат қиляпти.

Бундан ташқари, у ЎзХДП «Фаол аёллар» қаноти шаҳар бўлими ишини жонлантириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорлик, касаначиликка жалб этиш бўйича ҳам аниқ режа асосида иш олиб боряпти.

Шоира Фозилова халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг Ёшлар сиёсати ва соғ­лом авлод масалалари бў­йича доимий комиссияси аъзоси сифатида йиғилишлар, сессияларга материаллар тайёрлаш, уларда электорат манфаатларига дахлдор масалаларни муҳокама этишда ташаббус кўрсат­моқда. Депутатнинг таклифи, фикр-мулоҳазалари ҳар доим кўпчиликда қизиқиш уйғотади, муҳим қарорлар қабул қи­лишга асос бўлади.

— Одамлар ишончига муносиб бўлиш учун зиммамиздаги масъулиятни ҳис этиб ишлашимиз керак, — дейди Шоира Фозилова. — Улар билан учрашганимда, мулоқотда бўлганимда ўзимга ишончим ортади. Шу инсонлар менга суянади, ёрдам беришимни кутади, деган фикр тинчлик бермайди.

Бугун маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ишини тубдан кучайтириш, ҳудудларни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини таъминлашдаги иштирокини кенгайтириш борасидаги ҳуқуқий механизмлар мустаҳкамланмоқда. Энди депутатлар ўз ишига бўлган муносабатини ўзгартириши, янги талаблар асосида меҳнат қилиши керак.

Бугун уйғоқ, доимо сергак бўлган, ҳамиша одамлар ташвиши билан яшаган, ўзи ва ўзгаларга талабчан депутатгина эл назарида бўлади. Шу билан бирга, у номзодини кўрсатган партиянинг ҳам жамиятдаги мавқеи ошади, мамлакат тараққиётидаги иштироки кенгаяди.

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.