25.02.2014

АСТОЙДИЛ ИНТИЛГАН КИШИ, АЛБАТТА, БАХТЛИ БЎЛАДИ

«Бундан қирқ саккиз йил муқаддам автоҳалокатга учрадим. Ўнг оёғимнинг тиззадан пастки қисми кесиб ташланди. Бу мен учун даҳшатли воқеа эди. Ўшанда тўққиз ёшли қизча қанчалар изтиробга тушганини тасаввур қила оласизми?..»

Фарида Ҳамроева ўзининг ўтган кунларини хотирлар экан, унинг овозида ҳасрат, нолиш оҳанги сезилмади. Дарҳақиқат, Фарида опа бошига тушган синовдан енгилмади, ҳаётда ўз ўрнини топиш учун курашиб яшади.

— Дастлаб руҳий тушкунликка тушдим, кейинчалик ўзимни ўнглашга уриндим, — дейди у. — Ахир юрагим соғ, бошим омон, онгим уйғоқ эди. Мен яшаяпман, қўлларим ҳали кўп ишга қодир, дедим. Беҳудага ғам-алам чекмасдан, бор имкониятдан фойдаланишни мақсад қилдим. Шундай фикрлар билан чеварликни ўргандим. 30 йил тикиш-бичиш билан шуғулландим. Ўз тақдиримдан шуни англаб етдимки, ҳар қандай ҳолатда ҳам инсон бахтли бўлиши мумкин экан. Фақат астойдил интилиш ва меҳнат керак.

Бугун кўзимнинг оқу қароси — 4 нафар фарзандимнинг чеҳрасида, 6 нафар қақажон набирам кулгусида бахтни туяман.

Ҳаётда одамга энг кераги эътибор экан. Давлатимизнинг ғам­хўрлигини доимо ҳис қилиб тураман...

Мамлакатимизда имконияти чек­ланган аҳоли манфаатларини ҳи­моя қилишга алоҳида этибор берилади. Жисмоний, ақлий, руҳий ва сезги нуқсонлари туфайли турмуш фаолияти чекланган ижтимоий ёрдамга муҳтож шахслар соғлиғини тиклаш, шу жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси эканини ҳис қи­либ яшаши учун барча шароит­лар яратиляпти. Бу борада Президентимизнинг 2011 йил 30 май­даги «2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори муҳим аҳамиятга эга бўл­моқда. Қа­рорда тиббий-ижтимоий реаби­литация чораларини янада кучайтиришга доир бир қатор вазифалар кўзда тутилган.

— Туманимизда 2014 йил 1 февраль ҳолатида 3992 нафар ногирон бўлиб, улардан 443 киши I гуруҳ, 3149 нафари II гуруҳ, 400 нафари III гуруҳ ногиронидир, — дейди Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Чилонзор туман бўлими бошлиғи Отабек Сафаров. — Албатта, улар кўмакка, моддий ҳамда маънавий қўл­лаб-қувватлашга кўпроқ эҳтиёж сезади. Ҳамма қатори мазмун­ли, бахтли-саодатли яшашга интилади. Биз эса ваколатимиз дои­расида улардан ёрдамимизни аямасликка, нафақаларини ўз вақтида етказиб беришга ҳаракат қиламиз.

— Туманимизда ногиронлар Фу­қаролар тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси ва тиббий-маслаҳат комиссияси хулосаси асоси­да протез-ортопедия маҳсулотлари ҳамда реабилитация техник воситалари билан бепул таъминланади, — дейди Чилонзор туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳо­лини ижтимоий муҳофаза қилиш марказининг ижтимоий ёрдам кўрсатишни таъминлаш бўлими бошлиғи Раъно Алимова. — Уларнинг яроқлилик кўрсаткичларига қараб алмаштириш муддатлари белгиланган. Шунга кўра, бу воситаларга эҳтиёжи бор кишилар сони ўзгариб туриши мумкин. Ҳар йилнинг бошида улар умумий со­ни аниқланиб, йил давомида зарур воситалар етказиб берилади.

Маълумотларга қараганда, 2013 йил давомида туманда 5 та болалар учун, 1 та катталар учун но­гиронлар аравачаси, 10 та эшитиш мосламаси, 9 та қўлтиқтаёқ, 15 та ҳасса ўз эгаларига топширилган. Шунингдек, ўтган йили 110 нафар ногирон 218 та протез-ортопедия маҳсулоти билан таъминланди. Бундан ташқари, ўтган йили 285 нафар ногирон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Ногиронларни реабилитация қи­лиш ва протезлаш миллий марказида малакали шифокорлар кўмагида соғлиғини тиклади.

«Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддасида «Ногиронларни реа­билитация қилишнинг мақ­сади ногиронларга тўлақонли турмуш кечириш ҳамда ўз ҳу­қуқлари ва потенциал имкониятларини рўёбга чиқариш имконини берувчи ижтимоий мақомини, ўзига ўзи хизмат кўрсатишга ва касбий фаолиятнинг ҳар хил турларига доир қобилиятларини тиклашдан иборатдир», деб белгилаб қўйилган.

Қонун билан яратилган ка­фолатлар, имтиёзлар туфайли II гуруҳ ногирони Раҳмонберди Ҳусанов ҳам реабилитация техник воситаси билан таъминланади, ҳар йили икки марта Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказида соғлиғини тиклайди.

— Ёшлигимда, кучга тўлган вақтимда бу хасталик мен билан бирга яшаётганини билмаган эканман, — дейди у. — Соппа-соғман, деб юраверганман, ҳеч нарсани сезмаганман. Ўн йил олдин шифокорлар икки томонлама диспластик кохсартроз ташхисини қўйишди. Туғма ногирон эканлигим ҳақидаги хабарни эшитиб, аввалига эсанкираб қолдим. Бу дарддан қутилишнинг имкони йўқ. Аммо бундан буё­ғига ҳам яшашим керак. Айни пайтда саломатлигимга кўпроқ эътибор талаб этилади. Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази менга яқиндан ёрдам бериб келяпти. Яқинда муолажалар учун навбатдаги ордерни олдим. Хизматларнинг сифатли ва бепул экани биз учун бир қанча қу­лайликлар туғдиради. Энг асосийси, ҳар доим эътиборда эканлигимдан суюнаман.

Инсон қандай ҳолатда бўлмасин, у бахтли бўлишни чин дилдан истаса, шубҳасиз, муродига етишини Раҳмонберди аканинг очиқ чеҳрасидан ҳам билиш мумкин.

— Раҳмонберди ака ҳозирда тўрт фарзанднинг отаси, етти нафар набиранинг севимли буважониси, — дейди Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази мутахассиси Камола Ёқубова. — У ҳаётидан нолимайди, умрини беҳудага сарфламаганидан мамнун. Мен боримча, шу ҳолимда ҳам бахтлиман, деб кўп таъкидлайди. У кишининг руҳий тетиклигини кў­риб қойил қоласан киши.

Ҳа, инсон иродаси жамики до­ри-дармондан қудратлироқ эканига қаҳрамонларимиз ҳаёти мисолида қайта-қайта амин бўлдик.

— Ногиронларнинг саломат­лигини тиклаш, уларни ўз-ўзига хизмат кўрсатиш, хулқ-атворини назорат қилиш, ўқиш ва бошқа қобилиятларини ривожланти­ришга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар туфайли имконияти чекланган кишилар ҳам жамиятда ўз ўрнини топиб ҳаёт кечирмоқда, — дейди Ўзбекистон Халқ де­мократик партияси Чилонзор туман кенгаши раиси Рашид Муҳиддинов. — Улар манфаатини ҳимоя қилиш фаолиятимизнинг муҳим йўналишларидандир. Шу боис, уларни имконияти даражасидаги иш билан таъминлаш, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик доирасида ижтимоий хизматлар сифатини янада ошириш бўйича аниқ таклифларни илгари суришимиз керак. Зеро, биз қураётган ҳуқуқий демократик давлат, одил фуқаролик жамиятида аҳоли барча қатламларининг орзу ва интилишлари рўёбга чиқиши зарур.

Наргиза ҲУСАНОВА



DB query error.
Please try later.