Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
25.02.2014

ИПОТЕКА КРЕДИТИ КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?

Давлатимиз раҳбари ҳамда ҳукуматимиз томонидан ёш оилаларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш, уларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Таҳририятга мурожаат қилаётганларнинг кўпчилиги ёш оилаларга уй-жой сотиб олиш учун банклар томонидан бериладиган кредитни олиш тартиби, миқдори, имтиёзлари хусусида маълумот беришимизни сўраган. Шу мақсадда мухбиримиз «Ипотека-банк» АТИБ бошқаруви раисининг биринчи ўрин­босари Равшан БаҲромов билан суҳбатлашди.

— Аввало, кредитлар қандай ёш оилаларга ажратилиши тўғ­рисида маълумот берсангиз.

— Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш идораларида никоҳлари рўйхатга олинган, ҳар иккиси биринчи марта расмий никоҳда бўлган ҳамда ҳар бири 30 ёшдан ошмаган, доимий иш жойига ва ўз фаолияти натижасидан олинадиган даромадга ёки бошқа расмий манбаларига эга бўлган ёш оилаларга ипотека кредитлари ажратилади.

Президентимизнинг 2007 йил 18 майдаги «Ёш оилаларни мод­дий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ўтган 2013 йил давомида биргина банкимиз томонидан 446 нафар ёш оилага жами 32 миллиард 138 мил­лион 800 минг сўм миқдорида ипотека кредитлари берилди.

Банк томонидан ажратилаётган ипотека кредити миқдори ҳам кўпчиликни қизиқтириши табиий. Якка тартибда уй-жой қуриш учун ажратиладиган кредитнинг энг кўп миқдори мамла­катимизда белгиланган амалдаги энг кам ойлик иш ҳақи­нинг 3000 баробаригача, якка тартибдаги уй-жойни реконс­трукция қилиш ҳамда якка тартибдаги уй-жой ёки кўп қаватли уйдан квартира сотиб олиш учун ажратиладиган кредитнинг энг кўп миқдори республикамиз­да белгиланган амалдаги энг кам ойлик иш ҳақининг 2500 баробаригача белгиланган.

— Уй-жойга эҳтиёжи бор ёш оила банк муассасасига қандай ҳужжатларни топшириши лозим?

— Ипотека кредитини олиш учун банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

кредит олиш учун кредит суммаси кўрсатилган ариза, қарз олувчининг паспорти асл нусхаси ҳамда яшаш жойидан берилган оила таркиби тўғрисидаги маълумотнома, қарз олувчи томонидан охирги 12 ойда асосий ва қўшимча иш жойидан олинган даромадлар ва ушланмалар миқдори ҳақида маълумотнома ёки қарз олувчи (ало­қадор қарз олувчи) яшаш жойи бўйича солиқ идоралари томонидан тасдиқланган даромадлари ҳақидаги декларациялар нусхаси, қарз олувчининг бошланғич бадаллар тўлаганлигини тасдиқловчи квитанция, ҳов­ли-жой ёки квартирани сотиб олиши учун тузилган (бош­лан­ғич) шартнома, фуқаролик ­ҳо­­­­­лат­и далолатномаларини ёзиш идораларидан биринчи маротаба расмий никоҳдан ўтганлигини тасдиқловчи маълумотнома ҳам­да никоҳ расмийлаштирилганлигини тасдиқловчи гувоҳнома нусхаси, иккиламчи бозордаги ҳовли-жой ёки квартира сотиб олинаётганда уларнинг қиймати бўйича амалдаги қонунчиликка асосан мустақил баҳоловчининг баҳолаш ҳисоботи ва ниҳоят, ҳовли-жой сотиб олинаётганда ҳудуд архитектура бош­қарма (бўлинма)си томонидан кредит ҳисобига сотиб олинаётган ҳовли-жой бузилмаслиги ҳақидаги маълумотнома.

— Ушбу кредит ёш оилага неча йил муддатга берилади, унинг йиллик фоизи қандай белгиланган?

— Қарз олувчининг ўз маблағлари миқдоридан қатъи назар (лекин уй-жой қийматининг 25 фоиздан кам бўлмаган миқдорда) ипотека кредити 15 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан банкнинг ўз маблағлари ҳамда бошқа манбалар ҳи­собидан ажратилади. Ёш оилаларга бериладиган ипотека кредитлари йиллик фоиз ставкаси кредит ажратиш санасидаги Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкаси миқдорида (бугунги кунда йиллик 10 фоиз) амалга оширилади.

— Кредит олиш учун қандай мулк ва воситалар гаровга қўйилиши мумкин?

— Бу ҳолатда ипотека кредити таъминотига сотиб олинаётган ҳовли-жой ёки квартира гаров сифатида қабул қилинади, холос.

— Яна бир савол. Қандай ҳолларда ёш оилаларга имтиёз бериш кўзда тутилган?

— Қарз олувчининг кредити бўйича ойлик тўловларни сўндириш учун йўналтирилган даромадлари, шунингдек, корхоналарнинг қайтиб олмаслик шарти билан ёш оилалар тоифасига кирувчи ўз ходимларига ипотека кредитининг бошланғич бадалини тўлаган даромади ҳам солиққа тортилмайди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишим жоизки, агарда кредит ҳисобига харид қилинган ҳовли-жой ёки квартира сотиб олинган кундан бошлаб 5 йил ичида сотилса, ушбу давр мобайнида ёш оиланинг кредитни сўндириш учун йўналтирилган даромадлари белгиланган тартибда жисмоний шахслар даромадларига олинадиган солиққа тортилади.

Шубҳасиз, ёш оилаларга ажратиладиган ипотека кредитлари ёш оилаларнинг ижтимоий ҳи­моясига қаратилган бўлиб, уларнинг уй-жойга бўлган эҳтиё­жини қондиришга хизмат қилади.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Мирбахтиёр МИРФАЙЗИЕВ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.