22.02.2014

МАМЛАКАТ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ИШТИРОКИМИЗ ЯНАДА ФАОЛ ВА САМАРАЛИ БЎЛИШИ ЗАРУР

Президентимизнинг Конституциямиз қабул қилинганлигининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил якунлари ва 2014 йилдаги устувор вазифаларга бағишланган мажлисида билдирган фикрлари партиямиз ташкилотларида қизғин ўрганилиб, тегишли хулосалар чиқариб олинмоқда.

Жорий йилда ЎзХДП фаоллари, депутатларимиз олдида қандай вазифалар турибди? Маҳаллий ривожланиш дастурларини амалга оширишда уларнинг иштироки қандай бўлиши керак? Электорат манфаатини янада самарали ҳимоя этиш учун қайси масалаларга кўпроқ эътибор қаратишимиз лозим?

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ҳамда Қашқадарё вилоят кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган семинарда ана шу масалалар хусусида фикр юритилди.

— Мамлакатнинг қай даражада тараққий этгани, авваламбор, жамиятдаги ижтимоий барқарорлик, аҳоли турмуш даражаси билан белгиланади, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Саттор Раҳматов. — Ўтган йили мамлакатимизда аҳолининг реал даромадлари 16 фоизга ўсди. Йил давомида 970 мингта иш ўрни яратилиб, уларнинг 60,3 ­фоизи қишлоқ ҳудудларида ташкил этилди. Бошқа соҳаларда ҳам катта ютуқларга эришилди. Бироқ, йил якунлари ва жорий йилда олдимизда турган вазифалар ҳақида билдирилган фикрлардан келиб чиқиб, хулоса қиладиган бўлсак, хотиржамликка берилишга асло ҳаққимиз йўқ. Бизни янада юксак марралар кутиб турибди. Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, халқимиз турмушини янада фаровон этишга қаратилган бу ишларда партия етакчилари, фаоллари, депутатлар иштирокини янада кучайтиришимиз зарур. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, қонун ижодкорлиги, қонун лойиҳалари муҳокамаси, уларнинг ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда ҳамжиҳатлик билан иш олиб боришимиз талаб этилмоқда.

«Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши партия гуруҳлари таклифлари асосида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш борасидаги ҳуқуқ­ларни янада кенгайтирди. Бу ваколатлардан унумли фойдаланиш, жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари билан фракция ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ўзининг ижобий натижасини беради.

— Сиёсий партиянинг жамият ҳаётидаги роли кучайиб боришида минтақавий ташкилотлари, партия гуруҳлари катта ўрин тутади, — дейди ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Олим Равшанов. — Шу боис, бугун зиммамизда турган жиддий вазифаларни амалга ошириш йўлида ташаббускор ва фидойи бўлишимиз лозим.    

Айни пайтда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳида 21 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларида 187 нафар депутатимиз фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йили партия Ҳаракат дастурида белгиланган 14 масала ўрганилиб, 12 таси доимий комиссиялар, 2 таси сессиялар муҳокамасига киритилди. Шунингдек, партиямиз гуруҳи ташаббуси билан яна 8 масала сессиялар кун тартибига олиб чиқилди. Албатта, буни етарли, деб бўлмайди. Партия ташкилотлари ва депутатларимиз масъулиятини ошириш, электорат манфаатларини таъминлаш йўлидаги ишларимизни кучайтиришимиз керак.

Шу орқали 2014 йилда 30 дан ортиқ масалани ўрганиш ва энг муҳимларини сессияларда кўриб чиқишни режалаштирганмиз. Уларда асосан иш ўринлари ташкил этиш, жисмоний имконияти чекланган кишилар манфаатларини таъминлаш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, оилавий тадбиркорликка кенг йўл очиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилиши кўзда тутилган.

— Ўтган йили шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда партия кенгашимизнинг фаол иштирокини таъминлашга ҳаракат қилдик, — дейди ЎзХДП Қарши шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Рашид Муртазоев. — 2013 йилда партия гуруҳимиз томонидан сессияларга шаҳримиз ҳаёти, электорат манфаатлари билан боғлиқ 4 та масала олиб чиқилди. Жумладан, Транспорт хизматини яхшилаш, ички транспорт йўлларини таъмирлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

2014 йилда партия гуруҳимиз билан ҳудудимиздаги жисмоний имконияти чекланган болалар учун махсус мактаб интернатида таълим жараёни, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш каби масалаларни сессия муҳокамасига олиб чиқишни режалаштирганмиз. Бугунги семинарда билдирилган тан­қидий-таҳлилий фикрлар ана шу вазифаларимизни аниқ белгилаб олишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Семинарда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулноза Эрназарова, ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Зокиржон ­Холматов, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси Муродилла Нормуродов ва бошқалар сўзга чиқиб, мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

ЎзХДП Қарши туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Замира Азизова семинардан сўнг қуйидаги фикрларни айтди:

— Тадбирда бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини кучайтириш орқали электоратни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш механизмлари ҳақида билдирилган таклифлар менга маъқул бўлди. Буни келгуси фаолиятимизга татбиқ этмоқчимиз.

Ҳозир туманимизда 3125 нафар партия аъзоси 63 та бошланғич партия ташкилотига бирлашган. Ўтган йили Жамоатчилик қабулхонамизга 70 га яқин мурожаат бўлиб, уларнинг 85 ­фоизини ижобий ҳал этишга эришдик. Электорат муаммоларига ечим топишда халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳимиз аъзоси Дилором Умарова алоҳида ташаббус кўрсатмоқда. Биргина ўтган йили депутатимиз саъй-ҳаракатлари туфайли касб-ҳунар коллежи битирувчиларидан 50 нафарга яқини имтиёзли кредит олиб, ўз мустақил ишини йўлга қўйди.

Бу йил оилавий тадбиркорлик, хотин-қизларни иш билан таъминлаш бўйича махсус режа ишлаб чиқдик. Шунга кўра, 100 нафардан ортиқ аёлга имтиёзли кредитлар олиш ва иш бошлашига кўмаклашмоқчимиз.

Семинар давомида яна кўплаб долзарб масалалар юзасидан таклиф-мулоҳазалар ўртага ташланди.

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.