22.02.2014

ЭЛЕКТОРАТ МАНФААТИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ ВА ҲИМОЯ ҚИЛИШ

ЎзХДП фракцияси фаолиятининг асосига айланмоқда

Давлат бошқарувини янада демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида парламент таъсир кучини ошириб бориш муҳим аҳамиятга эга.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг фаолияти ривожланишига, улар ўртасида рақобат кучайишига ҳуқуқий шароит яратилди, юртимизда парламент демократиясини қарор топтириш бўйича янги саҳифа очилди.

Ана шундай шароитда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси ўз фаолиятини ҳар томонлама кучайтиришга эътибор қаратмоқда. Қонун ижодкорлиги жараёнида фаол ва самарали иштирок этиш, электорат манфаатлари ҳимоясига хизмат қиладиган таклифлар бериш, партия дастурий мақсадлари амалга ошиши билан боғлиқ масалалар бўйича изчил парламент назоратини олиб бориш фракция фаолиятида устуворлик касб этаётир.

Улуғбек ВАФОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари:

— Маълумки, ўтган давр мобайнида парламент фаолиятини янада такомиллаштиришга оид қатор қонун ҳужжатлари қабул қилиниши натижасида қонунлар ва меъёрий ҳужжатларни кўриб чиқишнинг барча босқичларида сиёсий партиялар фракцияларининг роли тубдан кучайди. Фракцияларнинг қонун ижодкорлигига ёндашуви ўзгарди.

Қонун лойиҳалари бўйича фракциялар таклиф-мулоҳазалари ҳисобга олиниши ёки олинмаслигининг сабаблари Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида, оммавий ахборот воситаларида очиқ муҳокама қилиниши анъанага айланди.

Натижада қонун лойиҳалари бўйича муҳокамалар, сиёсий партиялар дастурий мақсадлари билан боғлиқ принципиал масалаларда фракциялараро тортишувлар дои­мий тус олди. Бундай рақобат шароитида қонун лойиҳаларида белгиланаётган ҳуқуқий меъёрлар ҳар томонлама чуқур таҳлил этиляпти, электорат манфаатлари ҳимоясига қаратилган таклифлар бериляпти. Қонун лойиҳасида бирон меъёрни акс эттириш, унинг заруратини асослаб бериш оддий жараён эмас, албатта. Бунинг учун, аввало, ҳаётни яхши ўрганиш, муаммолар сабабларини билиш, баҳс-мунозарага тайёр бўлиш талаб этилади. 

Шунинг учун фракция фаолиятини кучайтириш бўйича янги тажрибаларни қўллаяпмиз. Хусусан, парламентда кўриб чиқилаётган қонунлар лойиҳалари жойларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари, фаоллар ва электорат вакиллари, тегишли соҳа вакиллари, мутахассислар иштирокида кенг муҳокамалардан ўтказилди. Шу тариқа таклифлар олиш тизими самарадорлиги янада ошди. Мисол учун «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонун ва Меҳнат кодексига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш юзасидан фракциямиз позициясини шакллантиришда бу амалиёт ўз натижасини кўрсатганлигини айтиб ўтиш ўринлидир.

Бу йўналишдаги фаолиятимизни янада кучайтиришимиз керак. Ҳозир қонунлар лойиҳалари юзасидан маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳларидан доимий таклиф-мулоҳазалар тизимини такомиллаштириш чоралари кўриляпти.

Ҳар йили парламент томонидан қабул қилинаётган бандлик Дастури ижроси, аввало, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд, иш топишда қийналаётган, меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга тайёр бўлмаган кишилар манфаатига хизмат қилади. Демак, иш ўринлари очилишида фаол иштирок этиш ЎзХДП ташкилотлари ва депутатлари учун долзарб вазифа ҳисобланади.

ЎзХДП фракцияси халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари билан ҳамкорликда Дастурнинг ҳар бир ҳудудда самарали ижро этилишига муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қиляпти. Шу асосда аҳоли бандлиги таъминланиши бўйича парламент эшитуви ўтказилмоқда. Жумладан, ўтган йили битирувчиларни ишга жойлаштиришда юзага келаётган камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича ҳукуматга таклифлар берилди.

Фахриддин РАЖАБОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси :

— Парламент эшитуви ўтказишдан кўзлаган асосий мақсадимиз Дас­турда белгиланган иш ўринлари ўз вақтида очилиши, барқарор бў­лишига эришишдир.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш борасида жойларда ҳамон айрим муаммолар учраб турибди. Фракция­миз аъзолари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида маълум бўлдики, коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича тақдим этилаётган маълумотларда ҳанузгача нохолис ахборотларни тақдим этиш ҳоллари мавжуд. Шунингдек, яратилган шарт-шароитларга қарамасдан, битирувчиларни ўз ишини очишга янада кенгроқ жалб этиш,  айниқса, қишлоқ жойларда уларни бу борада қўллаб-қувватлаш талаб даражасида эмас.

Фракциямиз бу муаммоларни бартараф этиш бўйича ўз таклифларини берди. Уч томонлама шартномалар тўлиқ бажарилиши керак. Улар шунчаки расмиятчилик учун тузилмаслиги, ишга жойлашишни кафолатловчи қатъий ҳужжат бўлиши зарур.

Бандлик Дастури ижросида Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, парламент назорати билан бирга маҳаллий вакиллик ҳокимияти назоратини ҳам изчил олиб бориш лозим.

Маълумки, қонунчиликка кўра, таълим муассасалари битирувчилари билан биринчи марта меҳнат шартномаси тузилаётганда дастлабки синов муддати белгиланмайдиган бўлди, шунингдек, таълим муассасаларини битириб ишлаётган ёшлар иш берувчининг ташаббуси билан бўшатилганда ҳудудий меҳнат органларига хабар берилиши шарт. Бу меъёрларга амал қилиниши юзасидан депутатлик назорати ҳамда тушунтириш-тарғибот ишларини изчил олиб бориш ҳам алоҳида эътиборимизда бўлади.

Назира МАТЁҚУБОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Жорий йилда қонун ижодкорлиги, қонунлар ижроси юзасидан парламент назорати, сайлов округларидаги фаолия­ти, қабул қилинаётган қонунлар бўйича аҳоли ўртасида ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича ўз фаолиятимизни янада кучайтириш чораларини белгилаб олдик.

Бунда партия дастурий мақсадлари, электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, ижтимоий масалалардаги муаммо ва камчиликларни аниқлаш, партия гуруҳлари ҳамкорлигида жойида ҳал қилишга эътибор берилади.

Айни пайтда фракциямиз қонун ижодкорлиги соҳасида фуқаролар соғ­лиғини сақлаш, аҳолига етказиб бериладиган озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий стандартлар ва электоратимиз манфаатларига дахлдор бўлган бошқа масалаларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш устида иш олиб бор­япти.

Қонун жамият ҳаётидаги муносабатларни тартибга солишда асосий восита ҳисобланади. Фуқаролик жамиятининг негизи, пойдевори ҳам қонун ва қонунийликдир. Шунинг учун қонун ижодкорлиги соҳасида электоратимизнинг амалдаги қонун ҳужжатлари ижроси тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини, ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш эҳтиёжини ўрганиш ҳар доим долзарб вазифа бўлиб қолади.

Сиёсий партия дастурида белгиланган вазифалар амалга ошиши, электорат манфаатлари қай даражада ҳимоя қилиниши биринчи галда партиянинг парламентдаги фракцияси фаолияти кучайишига боғлиқ, албатта. Фракциялар фаол бўлиши, қатъий позиция кўрсатиши эса, ўз навбатида, жамиятда парламентнинг ўрни ва мавқеи мустаҳкамланишига асос бўлади.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.