22.02.2014

ТАЪСИРЧАН СИЁСИЙ ТЕХНОЛОГИЯЛАР

фуқаролар сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилади

Демократик жараёнларни чуқурлаштириш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш ишлари даражаси фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти, ижтимоий-иқтисодий ­фаоллигига боғлиқ. Шу боис, ЎзХДПнинг барча ташкилотларида сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги ўқув-семинарларни мунтазам ва юқори савияда ташкил қилишга эътибор қаратиб келинмоқда.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ва Тошкент шаҳар кенгаши томонидан сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги нав­батдаги ўқув-семинар ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, экспертлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Ўзбекистон ХДП ­Тошкент шаҳар ва туман кенгашлари масъул ходимлари, «Тарғиботчилар» гуруҳлари аъзолари, «Фаол аёллар» ва «Истиқбол» ёшлар қанотлари вакиллари, халқ депутатлари ­Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, сиёсатшунос олимлар, мутахассислар, Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

— Бугунги семинар партия дастурий ғоялари тарғиботини олиб боришда сиёсий технологиялардан фойдаланишни ўрганиш, партия мақсад ва вазифаларини электоратга, қолаверса, кенг оммага чуқурроқ тушунтиришнинг янги услубларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева. — Тарғибот воситалари, турли тарқатма материаллар, буклетлар, роликлар, дебат, ўзаро баҳс мунозара асосида интерфаол шаклдаги жонли тадбирларни кўпроқ ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади. Жумладан, йиғилишларда маъруза ўқиш билан чекланмасдан, видеолавҳа намойиш этиш, интерфаол тартибидаги тадбирлардан кенгроқ фойдаланиш яхши самара беради. Маълумотлар қисқа ва лўнда тайёрланган элек­трон шаклда бўлса, матн қўлланма сифатида тарқатилса, эсда сақлаб қолишга қулай бўлади, тингловчини зериктирмайди.

Ўқув семинарда қонун ижодкорлигини янада фаоллаштириш, депутатлик корпусининг қонунларни қабул қилиш ва уларнинг ижросини таъминлашда ташаббускорлигини ошириш, қонунлар билан кўз­да тутилган депутатлик назорати ва ҳуқуқни қўл­лаш механизмини такомиллаштириш, парламент депутатларининг ўз сайлов округларида тизимли иш олиб боришларини яхшилаш ва бу соҳада янги сиё­сий технологиялардан кенг фойдаланишни йўлга қўйиш тўғрисида фикрлар билдирилди.

— Партия ўз электорати ва сайловчилар билан ишлашида энг кенг фойдаланиладиган сиёсий технологиялардан бири бу сиёсий рекламадир, — дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Фалсафа факультети катта ўқитувчиси Гул­баҳор Исанова. — Сиёсий реклама орқали пар­тиянинг бошқа сиёсий кучларга нисбатан устун томонлари очиб берилади, бу эса тарафдорларни кў­пайтиришга хизмат қи­лади. Демак, бугун бизнинг партиямиз етакчилари, экспертлари, фаоллари ҳам сиёсий реклама имкониятларидан маҳорат билан фойдаланиш йўллари ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўриши керак.

Сиёсий реклама воситасида партия ёки сиёсатчи имижининг тез-тез намо­йиш қилиниши натижасида унинг қиёфаси ёдда қолади ва партия имижи жамоатчилик онгидан ўрин олади. Бу эса ўз навбатида, мазкур сиёсий кучларнинг фуқаролар томонидан қўллаб-қувватланишига туртки бўлади.

Сиёсатшунослар фикрига кўра, ҳозирги кунда дунёда тахминан 500 дан ортиқ сиёсий технология мавжуд, — дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Фалсафа факультети катта ўқитувчиси Абдулла Абдухалилов. — Албатта, улар орасида энг оммалашгани бу сиёсий технологияларнинг функционал тури ҳисобланади. У асосан сиёсий ҳокимиятни амалга ошириш ва давлат бошқаруви билан боғлиқ турли жараёнларда кенг қўлланилади. Шу боис, технологиялар вазиятни барқарорлаштириш ёки беқарорлаштиришга, сайлов кампанияларини уюштиришга, тезкор ахборот беришга, қарорлар қабул қилишга, давлат дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш орқали манфаатларни уйғунлаштиришга хизмат қилади.

Ўқув-семинар якунида барча даражадаги партия ташкилотлари етакчиларига сиёсий технологиялардан унумли фойдаланиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Басандабону ЖАЛИЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.