20.02.2014

Фуқаролик жамияти институтлари – демократик ислоҳотларнинг фаол иштирокчилари

Тошкентда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ривожланишининг сифат ва миқдор ўзгаришлари” мавзусидаги ҳисобот конференцияси бўлиб ўтди.

Унда парламент аъзолари, давлат тузилмалари, фуқаролик жамияти институтлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон ўз мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига эга демократик давлат қуриш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари асосий қадриятга айланадиган, қонун устуворлиги таъминланадиган фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлини танлади. Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган ва жаҳонда кенг эътироф этилган ислоҳотларнинг “ўзбек модели” давлатимиз томонидан мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича танланган йўлнинг асосига айланди. Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш бу борадаги ислоҳотларнинг асосий тамойилларидан биридир.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти директори Э.Солиҳов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қуввватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси раиси А.Саидов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори А.Абдувоҳидов, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Т.Норбоева ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган вазифаларнинг амалга оширилиши фуқаролик жамияти институтларининг ривожланишида янги босқич бўлганини алоҳида таъкидлади.

Учинчи секторнинг ривожланиш тенденцияларини аниқлаш мақсадида Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳар йили фуқаролик жамиятида рўй бераётган жараёнларнинг тизимли мониторинги ва таҳлилини ўтказиб келмоқда, ижтимоий-сиёсий ҳамда ижтимоий-иқтисодий вазифаларни бажаришда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ролини янада оширишга бағишланган турли тадбирлар ташкил этмоқда.

Навбатдаги мониторинг натижалари сўнгги йилларда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни амалга ошириш, муҳим ижтимоий-иқтисодий ривожланиш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасида қонунларга риоя қилиш ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш устидан жамоатчилик мониторингини ўтказишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли ва аҳамияти сезиларли даражада кучайганини кўрсатди.

Бу борада мамлакатимизда фуқаролик жамияти шаклланиши, унинг институтлари ташкил этилиши ва мустаҳкамланиши йўлида зарур шароитлар яратишга қаратилган қатор ташкилий-ҳуқуқий чоралар амалга оширилди. Жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат бирлашмалари ва фондлари, касаба уюшмалари, ОАВ, улар фаолиятининг ҳуқуқ ва кафолатлари тўғрисида қонунлар қабул қилинди. Булар фуқаролик жамиятининг институционал тузилмасини ташкил этиб, фуқароларни муҳим ижтимоий вазифаларни ҳал қилиш жараёнига фаол жалб этиш имконини бермоқда.

2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг ташкил этилиши нодавлат нотижорат ташкилотларининг изчил ривожланишига кўмаклашмоқда. Парламент комиссияси қарорларига мувофиқ, сўнгги беш йилда турли нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларига муҳим давлат дастурлари ва бошқа ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун 28,9 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.

– Фуқаролик жамияти – ривожланган демократик давлатнинг асосидир, – деди элчи, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Дьердь Сабо. – Ўзбекистонда фуқаролик жамияти фаол ривожланмоқда. Ушбу жараёнда биз ҳам иштирок этиб, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти каби ташкилотлар билан аниқ лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилаётганимизни таъкидлашни истардим. ЕХҲТга аъзо давлатлардаги халқаро экспертларни таклиф этган ҳолда тадбирлар ўтказмоқдамиз, уларда иштирокчилар тажриба алмашиб, билимларини бойитмоқда.

2013 йилнинг декабрь ойида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Экологик назорат тўғрисида”ги қонуни нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу қонун жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш ва атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш масалаларини ҳал этишда фаол қатнашиш имконини яратди. Нодавлат нотижорат ташкилотларини янада ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида 2013 йил 12 декабрда Президентимиз Ислом Каримовнинг “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорда нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатга олиш, уларнинг ҳисобот топшириш тартибларини соддалаштириш, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўзаро муносабатларининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган. Бундан ташқари, давлат божи ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг рамзларини давлат рўйхатига олиш учун тўланадиган йиғимлар миқдори сезиларли даражада камайтирилди, давлат рўйхатига олиш бўйича мурожаатларнинг адлия органлари томонидан кўриб чиқиш муддати қисқартирилди.

Конференцияда нодавлат нотижорат ташкилотларининг янада ривожланишини, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда уларнинг ролини кучайтириш мақсадида “Ижтимоий шериклик тўғрисида” ва “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунларни тез муддатларда қабул қилиш зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқларини белгилаб берадиган қонунчилик талабларини бузганлиги учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини оширишни назарда тутадиган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш ҳам муҳим масала бўлиб қолмоқда.

– Ўзбекистонда давлат нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ривожланишига ҳар томонлама ёрдам кўрсатмоқда, – деди «Ўзбекистондаги минтақавий мулоқот» халқаро ноҳукумат ташкилоти (Словения) минтақавий директори Мьюша Север. – Ўзбекистон раҳбари томонидан ўтган йилнинг охирида қабул қилинган қарорда ННТларни рўйхатдан ўтказиш тартиби жиддий равишда соддалаштирилгани, уларга қўшимча имконият ва имтиёзлар берилгани бунга яққол мисол бўла олади. Ана шундай чора-тадбирлар туфайли ННТларнинг ижтимоий ва социал-иқтисодий фаоллиги ортиб, фаолият самарадорлиги юксалди.

Конференцияда фаолияти миллий қонунчилик ва халқаро стандартларнинг барча меъёрларига мос келадиган нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижобий тажрибасини кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг давлат ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга дастурларнинг ҳаётга татбиқ этилишида нодавлат нотижорат ташкилотлари саъй-ҳаракатларини бирлаштиришдаги роли қайд этилди.

Мамлакатимизда яратилган мустаҳкам қонунчилик базаси ва кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли нодавлат нотижорат ташкилотлари сони йилдан-йилга ортиб, уларнинг фаолияти самарадорлиги ва сифати юксалиб бормоқда. 2014 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, адлия идораларида рўйхатдан ўтган нодавлат нотижорат ташкилотлари сони 7,8 мингдан ошди. Ҳолбуки, 1991 йилнинг бошида мамлакатимизда атиги 95 нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият юритар эди. Бугунги кунда тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантиришга ёрдам берадиган тузилмалар, спорт ва ёшлар ташкилотлари, сиёсий партиялар ҳудудий бўлинмаларининг салмоқли ўрни бор. Ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ажратилаётган грант маблағлари ҳисобидан нодавлат нотижорат ташкилотларини молиялаштириш ҳажми кенгаймоқда. Масалан, агар 2009 йилда уларга 444,6 миллион сўм ажратилган бўлса, 2013 йилда бу кўрсаткич 2,7 миллиард сўмга етди. Шунингдек, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларнинг муҳокамасига нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолларини жалб этиш ўсиб бораётгани ҳам таъкидланди. Хусусан, 2013 йилда улар “Экологик назорат тўғрисида”, “Ижтимоий шериклик тўғрисида” ва “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизаси ва муҳокамаларида, шунингдек, “Обод турмуш йили” Давлат дастурининг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишида иштирок этди.

– Бундай муҳим тадбирларнинг ўтказилиши Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганидан, айни пайтда энг муҳим давлат дастурларини амалга оширишга ноҳукумат ташкилотлари жалб қилинаётганидан далолат беради, – деб таъкидлади БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Яко Силлерс. – Мамлакат учун муҳим аҳамиятга эга лойиҳаларга ННТ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фаол жалб қилиниши ва уларнинг иштироки Ўзбекистоннинг узоқ муддатли ижтимоий-иқтисодий тараққиётини белгилаб беради. Ушбу конференция ҳам бугунги кунда давлат сектори тадбиркорлар, учинчи сектор вакиллари билан янги иш ўринлари яратиш, соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтириш каби масалаларда яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётганидан далолат беради.

Конференцияда иштирок этган хорижлик мутахассислар мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари жадал ривожланаётгани, уларни янада рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, ОАВнинг иқтисодий мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш бўйича самарали давлат сиёсати амалга оширилаётганини алоҳида эътироф этди. Мустақил ОАВнинг жамоатчилик назорати тизимидаги роли алоҳида кўриб чиқилди ва ижобий баҳоланди.

Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунларини ўзида мужассам этган мустаҳкам қонунчилик базаси бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. Президентимизнинг 2011 йил 30 декабрда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида”ги қарори ОАВ мустақиллигини таъминлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишдаги ролини оширишда навбатдаги қадам бўлди.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари сонининг изчил ўсиб боришига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Статистик маълумотларга қараганда, 1991 йилдан буён уларнинг сони 291 дан 1372 га етди. Шу ўринда уларнинг 62 фоизи нодавлат оммавий ахборот воситалари эканини қайд этиш керак.

2013 йилда Самарқанд ва Бухоро вилоятларида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини синовдан ўтказиш бўйича ҳуқуқий эксперимент сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш борасида муҳим воқеа бўлди. Ҳуқуқий экспериментга ОАВ, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар жалб этилди. Мазкур жараён фуқаролик жамияти салоҳиятидан фойдаланишнинг янги усули самарадорлигини яна бир бор тасдиқлади. Айни пайтда ҳуқуқий эксперимент натижалари инобатга олинган ҳолда такомиллаштирилган қонун лойиҳаси парламентимизининг қуйи палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Конференция доирасида давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш жараёнида сиёсий партияларнинг тутган ўрни ҳам кўриб чиқилди. Маърузачилар мамлакатимиздаги сиёсий партиялар фаолиятининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Сиёсий партиялар тўғрисида”, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий қонунида ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатларда белгиланган ҳуқуқий асослар тўғрисида фикр юритди. Мамлакатимизда қонунчилик асосида кўппартиявийлик тизими ва сиёсий плюрализмни ривожлантириш учун ҳам шароит яратилган.

2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунга халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида партия гуруҳлари ваколатини кучайтиришга йўналтирилган ўзгартишлар киритилди.

Мамлакатимизни демократлаштириш ва модернизация қилиш жараёнида фуқаролик жамиятининг ўзига хос институти – маҳаллага алоҳида ўрин ажратилган. Мустақиллик йилларида маҳалла жаҳон ҳамжамияти томонидан фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлайдиган адолатли институт сифатида тан олинган ноёб тузилмага айланди. Бугунги кунда мамлакатимизда маҳалланинг нуфузи тобора ошиб бормоқда. Бу кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг изчиллигидан далолат беради.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Жумладан, 2013 йилда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида” ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунлар янги таҳрирда қабул қилинди.

Айни пайтда мамлакатимизда 9,7 мингдан ортиқ фуқаролар йиғини фаолият юритмоқда. 2013 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ўтказилган навбатдаги сайловда 9756 фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва уларнинг 99,6 мингдан зиёд маслаҳатчиси сайланди. Бугунги кунда фуқаролар йиғинлари илгари маҳаллий ҳокимият органлари ваколатига кирган 30 дан ортиқ вазифани бажариб, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, фуқароларнинг манфаатлари ҳимоясини таъминлашга оид кўплаб масалаларни самарали ҳал этмоқда.

Конференция иштирокчилари фуқаролик онги ва аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти даражасининг юксаклиги мамлакатимизда фуқаролик жамияти тараққиётининг муҳим омилларидан бири эканини таъкидлади. Шу муносабат билан Ўзбекистонда фуқароларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат билан қараш, уларнинг ўз конституцион ҳуқуқларини англаш, Ватанга, мамлакатимиз ва жаҳонда рўй бераётган воқеаларга дахлдорлик туйғусини шакллантириш бўйича чоралар қабул қилинган.

2013 йилда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан таълим муассасалари ўқувчилари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти фаоллари ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровлар натижалари аҳолининг сиёсий, ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий фаоллиги янада юксалганидан далолат бермоқда. Хусусан, сўровда қатнашганларнинг 95 фоизи қонунга доимо риоя этиш зарурлигини билдирган. Улар Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек, ўзларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини яхши билади.

Бу борада давлатимиз раҳбарининг 1997 йил 25 июнда қабул қилинган “Ҳуқуқий тарбияни яхшилаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ишини яхшилаш ҳақида”ги фармони ва “2001 йил 4 январдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Президентимизнинг 2013 йил 28 июнда қабул қилинган “Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юридик кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимининг самарадорлигини оширишга қаратилди. Ушбу қарорга мувофиқ, Тошкент давлат юридик институти Тошкент давлат юридик университетига айлантирилди, юридик таълим тизимининг фундаментал базасини тубдан ислоҳ қилиш ва яхшилаш учун асос яратилди.

Конференция қатнашчилари Ўзбекистон давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини демократлаштириш ва либераллаштириш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида юксак самараларга эришганини алоҳида таъкидлади.

Очиқ муҳокамалар давомида фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги мавжуд камчиликлар ва фойдаланилмаётган имкониятларга эътибор қаратилди ва таҳлил қилинди. Конференция якунида жамоатчилик назоратини амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлашда ОАВнинг ролини кучайтириш, сиёсий партияларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш зарурлиги қайд этилди.
ЎзА


DB query error.
Please try later.