Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
20.02.2014

ДАСТУР ИЖРОСИДАГИ ИЗЧИЛЛИК

партия ғоялари ҳаётда ўз ифодасини топишининг муҳим шартидир

Газетанинг Фарғона вилоятидаги мухбирлик бўлимига мурожаат қилган йигит ўзини қувасойлик Авазбек Ҳусаинов, деб таништирди.

— Эшитишимча, бугун ЎзХДП­нинг йиғилиши бор экан, мен ҳам иштирок этсам, у ердаги гапларни тингласам, дегандим. Ёш сиёсатчилар сафига қўшилиш ниятим бор.

Очиғи, нима дейишни билмай қолдим. Лекин унинг товушидаги самимийликни кўриб, «бемалол юринг», дедим.

Биз ЎзХДП Марказий Кенгаши ва Фарғона вилоят кенгаши ҳамкорликда ташкил этган аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини оширишда партия ташкилотлари, депутатлик фаоллигини кучайтириш масалаларига бағишланган давра суҳбатига бирга бордик, ёнма-ён ўтирдик.

Тадбирда Президент Ислом Каримовнинг бош Қомусимиз қабул қилинганлигининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 17 январдаги мажлисидаги маърузаларида кўтарилган масалалар, сиёсий партиялар фаолияти ҳақида билдирилган фикрлардан келиб чиқиб, уларни ҳаётга жорий этишда ЎзХДП­нинг ўрни ва иштирокини янада кенгайтириш ҳақида партия етакчилари, депутатлар, фаоллар иштирокида фикр алмашув, мунозара бўлди. Партиянинг 2014 йилга Ҳаракат дастурининг устувор йўналишлари белгилаб олинди, 2013 йилдаги натижалар танқидий баҳоланди.

Халқ депутатлари Фарғона вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида ЎзХДП вакиллари бўлган 223 нафар депутат фао­лият олиб бормоқда. Ўтган 2013 йил давомида партия Ҳаракат дастури ва бошқа ҳудудий дас­турларда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун пар­тия гуруҳлари томонидан жойлардаги турли ижтимоий-иқтисодий масалалар ўрганилди ҳамда муҳокама этилди. Жумладан, 20 та масала партия гуруҳлари йиғилишларида, 52 та масала доимий комиссиялар йиғилишларида кўриб чиқилган бўлса, 11 та масала сессиялар­да муҳокама этилган. Аҳамиятли жиҳати шундаки, сессиялар, доимий комиссиялар йиғилишларида масала бир томонлама муҳокама этилмасдан, унга дахлдор ташкилот, корхоналар раҳбарлари, ижро ҳокимияти вакилларининг иштироки таъминланди. Шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгашлари сессияларида мансабдор шахсларнинг ахборот ва ҳисоботларини эшитиш амалиёти йўлга қўйилмоқда. Бу эса ўз-ўзидан электорат манфаатлари таъминланишига, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига хизмат қилади.

Давра суҳбатида расмий маъ­рузалар, ҳисоботлар бўлмади. Ҳар ким ЎзХДПнинг амалий ишларини кучайтириш, мавқеини янада мустаҳкамлаш борасида таклифларини ўртага ташлади. Камчиликлар очиқ-ойдин айтилгани тегишли хулоса чиқаришга чорлади.

— 2014 йилга мўлжалланган партия Ҳаракат дастуридаги асо­сий вазифалар Соғлом бола йили муносабати билан қабул қилинадиган Давлат дастурининг устувор йўналишларини амалга оширишда партия ташкилотлари ва халқ депутатлари Кенгашларидаги гуруҳларининг фаол иштирокини таъминлаш мақсадига қаратилмоқда, — деди ЎзХДП вилоят кенгаши раиси Маҳмуджон Маҳкамов. — Бунда ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа инс­титутлари билан ижтимоий ҳам­корликни янада ривожлантириш зарур. Бундан ташқари, жорий йилда ҳам партиямиз фаолиятининг муҳим йўналиши парламент томонидан тасдиқланган Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижросини тў­лиқ таъминлаш бўйича депутатлик ва жамоатчилик назоратини изчил йўлга қўйишдан иборат бўлади.

— Соғлом бола йили ғоялари­ни рўёбга чиқариш бўйича ўз ре­жамизни ишлаб чиқдик, — дейди ЎзХДП Тошлоқ туман кенгаши раиси Умматали Маҳмудов. — Бу борада Президентимиз томонидан белгилаб берилган бешта йўналиш биз учун дастуруламал бўлди. Партия гуру­ҳимиз билан ҳамкорликда 3 та масалани доимий комиссиялар муҳокамасига, 1 та масалани сессия кун тартибига киритишни режалаштирдик. Соғлом бола камол топишида маънавиятнинг роли катта эканини ҳисобга олиб, Президентимизнинг 2006 йил 25 августдаги «Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги қарори асосида таълим муассасаларида амалга оширилаётган ишларнинг аҳволини ўрганиб, сессия муҳокамасига тайёрлаш ҳаракати депутатлар ва фаоллар томонидан бошлаб юборилди.

Биз учун энг муҳими, партия­миз Сайловолди дастурида илгари сурилган ғояларни қай да­ражада амалга ошираётганимиздир. Туманни ижтимоий-иқ­тисодий ривожлантириш дас­турларини ишлаб чиқиш ва амал­га оширишда иштирок этиш, узоқ муддатга мўлжалланган режаларни белгилаб олишда қатнашиш, вакиллик ҳокимияти муҳо­камасига турли масалаларни олиб чиқишдан асосий мақсад ана шунга қаратилган.

— Партиямизнинг илдизи бош­ланғич ташкилотлардир. Биз барча амалий ишларимизда, аввало, уларга таянишимиз лозим. Чунки у кенг аҳолини сиё­сий жараёнга тортишнинг энг самарали воситасидир, — де­ди тажрибали партия фаоли, халқ депутатла­ри вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Топиболди Холдоров. — Мен хизмат юзасидан ҳар куни шаҳарма-қишлоқ кезаман. Жойларда партиямизнинг бошланғич ташкилотлари иши билан ҳам танишдим. Мақ­товга лойиқ БПТ ҳақида гапирмоқчи эмасман. Ютуқлар ўзимизники, лекин айрим жойларда партия Дастури, Устави, Сай­ловолди дастури ва бошқа ҳужжатлари, рамзлари етарли эмас. Бошлан­ғич ташкилотнинг кундалиги юри­тилмайди. Демак, айнан БПТнинг таъсири жу­да оз. Биз шу каби камчиликларни аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича алоҳида иш олиб боришимиз керак. Ахир вилоятда БПТлар борасида ўр­нак олса арзийдиган тажрибалар бор-ку.

Давра суҳбати модератори ЎзХДП Бувайда тумани кенгаши раиси Ҳабибахон Тошматова ибратли ташаббуслар ҳақида тўхталди.

— Партия ташкилотимизда ай­ни пайтда 6000дан зиёд аъзо мавжуд, — деди Ҳ.Тошматова. — Улар 44 та бошланғич партия ташкилоти атрофида уюшган турли ёш ва ҳар хил касб-кор вакилларидан иборат. Партия ташкилотининг нуфузи, таъсири, аввало, унинг аъзола­ри фаол­лигига боғлиқ эканини ҳисобга олиб, ишлаяпмиз. Биринчи навбатда партия сафини кенгайтириш, йиғилишлар ва тадбирлар таъсирчанлигини ошириш, ташкилотларимизнинг мод­дий-техник ҳолатини яхшилашга катта эътибор бериляпти.

Туман кенгашининг 11 та ҳу­дудий партия ташкилоти қошида доимий фаолият юритадиган Жамоатчилик қабулхона­лари ишлаб турибди. Партия электорати ва аҳоли билан ишлашда улар орқали кўтарилган масалаларга алоҳида эътибор қаратиляпти. Лозим топилган масалалар умумлаштирилиб, халқ депутатлари туман кенгаши сессиялари ва доимий комиссиялар муҳокамасига олиб чиқилиб, ижроси депутатлар орқали назоратга олиняпти. 2013 йил ва шу йилнинг ўтган 2 ойи давомида 3 та масала туман Кенгаши сессиясига олиб чиқилди, 4 та масала эса доимий комиссиялар йиғилиш­ларида муҳокама этилди.

Жумладан, туман кенгашининг 18-сессиясида фермер хўжаликлари қошида ҳисобчи, ташкилий ишлар бўйича хўжалик раҳбари ёрдамчиси ва тиббиёт ҳамшираси штатлари жорий этиш ва коллеж битирувчиларини шу вазифаларга жойлаштириш ҳақидаги аниқ таклиф билан чиқдик ҳамда тегишли қарор қабул қилинишига эришдик.

Умуман, кенгаш фаолиятида ибратли жиҳатлар кўп. Аъзоларимиз фаол ва ташаббускорлигининг муҳим омили партиямиз марказий нашрларига тўлиқ обуна бўлгани деб биламан.

Давра суҳбатида партиянинг кўплаб ёш фаоллари ҳам иштирок этаётганди. Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Дилфуза Содиқова мунозарага қўшилди.

— Боя партия ташкилоти «ёшариб» бораётгани айтилди. Бу — бежиз эмас. Чунки бугун­ги ёшлар мамлакатдаги сиёсий жараёнларга бефарқ эмас. Биз ҳали кўп ўрганишимиз лозим. Бунда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва аҳа­мияти катта. Шунинг учун «Ўз­бекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталарида ёш сиёсатчилар тажрибалари кенг­роқ ёритиб борилса, партиянинг ёш фаоллари қатламини янада кенгайтиришда бу муҳим аҳамиятга эга бўлар эди, деб ўйлайман.

Яна бир гап. 2013 йилдан бошлаб чет тили ўқитишнинг янги тартиб ва меъёрлари жорий қилинди. Бу нақадар аҳа­миятли эканини ҳисобга олиб, жойларда партиянинг ҳар бир шаҳар-туман кенгаши, партия гуруҳи масала ижросини доимий назоратга олишини таклиф этаман...

Давра суҳбати чоғида вилоят­ни ижтимоий-иқтисодий ривож­лантиришда партия ташкилотлари, партия гуруҳлари иштирокини кучайтириш билан боғлиқ яна кўплаб масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билди­рилди. Давра суҳбатига Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов якун ясади.

— Бугунги суҳбатдаги очиқлик ва самимият руҳи партиямизнинг барча тадбирларида сақланиб қолади, деб ишонаман. Албатта, 2014 йилда ҳам партиямиз олдида масъулиятли вазифалар турибди. Бу халқ фаровонлиги, мамлакат равнақига ҳисса қўшиш билан чамбарчас боғлиқ. Биз айрим одам­лардаги боқимандалик кайфиятига бутунлай барҳам бериб, тараққиётга фаол ҳисса қўшадиган кишилар сафи тобора кенгайиб боришига эришишимиз керак. Бош ғоямиз ижтимоий ҳимояга муҳтожларга мод­дий ёрдам кўрсатиш эмас, балки улар ижтимоий ёрдамга эҳ­тиёж сезмай яшашлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, хусусан, уларни муносиб ҳақ тўланадиган иш ўрни билан таъминлашга эришишдир. Биз партия ғояларини аҳоли орасида кенгроқ тарғиб қилишда бу йўлдаги амалий ишларимизни оддий мисоллар билан тушунтириб беришимиз керак. Электорат манфаатлари ҳи­моясига қаратилган масалаларни доимий комиссия, сессияларга киритиб, ижро ҳокимиятининг масъулиятини оширувчи қарорлар қабул қилинишига эришиш таж­рибасини давом эттирамиз. Депутатлик назоратини кучайтириш асосий йўналишлардан бири бўлиб қолаверади. Кўчма жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини кенгайтириб, кўтарилган ма­салалар бўйича мансабдор шахслар ҳисоботини тинглашни йўлга қўямиз.

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси жонли мисоллар асосида Фарғона вилоят партия кенгаши, партия гуруҳлари ютуқ ва камчиликларини таҳлил қилиб берди. Давра суҳбатидаги таклиф ва мулоҳазаларга муносабатини билдирди.

...Авазбек Ҳусаинов давра суҳбатини диққат билан тинглади, ён дафтаридаги қайдлари бир неча саҳифадан ўрин олди.

— Яқинда ЎзХДПга аъзо бўл­гандим, — деди у секингина. — Адашмабман. Мен энди шундай суҳбат, учрашувларда доим иштирок этибгина қолмай, олган таассуротларимни тенгқурларим билан ўртоқлашаман. Партия белгилаган вазифаларни амалга оширишда ўзим ҳам қатнашаман.

Давра суҳбати якунида «Ўзбе­кистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталарига обунани намунали уюштирган Фарғо­на шаҳар, Риштон, Бувайда, Қўштепа, Данғара, Тошлоқ, Учкўприк, Қува туман партия кенгашлари Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашининг ташаккурномаси, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари таҳририятининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.