20.02.2014

ТАРҒИБОТНИНГ ТАЪСИРЧАНЛИГИ ТАЖРИБА ВА МАҲОРАТИМИЗГА БОҒЛИҚ

Зиёвиддин МАНСУРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Юртимиз турли соҳалардаги ютуқлари билан дунё ­мамлакатлари орасида ўзига хос мавқе эгаллагани бежиз эмас. Президентимизнинг шу йил 17 январдаги Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидаги маърузасида келтирилган маълумотлар буни яна бир бор исботлаб турибди.

Айни кунларда жойларда ЎзХДП Марказий Кенгаши, парламентдаги фракцияси ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ва фаоллари иштирокида ушбу маъруза маъно-мазмунини кенг тарғиб этишга бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда.

Аввало шуни таъкидлаш жоизки, Президентимиз маърузасида муайян соҳалардаги ютуқларнинг туб омиллари, айни пайтда йўл қўйилган камчиликларнинг сабаблари, уни бартараф этишнинг йўл-йўриқлари белгилаб берилгани билан муҳим эътибор ва қимматга эга. Шу боис уни ортиқча шарҳлаш, изоҳлашга эҳтиёж сезилмайди. Фақат тарғиботчидан Президентимиз томонидан олға сурилган фикрларни янги сиёсий технологияларни қўллаган ҳол­да, таъсирчан шакл ва услубларда баён қилиб, тингловчиларга етказиш талаб этилади. Айни чоғда ҳар бир мавзу, масала бўйича партиявий ёндашув бўлиши ҳам талаб этилади.

Бугунги тингловчи илгариги за­мондаги сингари папка қўлтиқлаб, узундан-узун қироатхонлик қилувчи маърузачиларга муҳтож эмас. У керак бўлса, тарғиботчидан кўра кўпроқ маълумотга эга бўлиши, ундан кўра кўпроқ нарсадан хабардор экани ҳам эҳтимолдан холи эмас. Чунки бугун биз ахборот олиш ва тар­қатиш учун катта имкониятлар яратилган, информацион тех­нологиялар ҳаётимизга тобора чуқурроқ кириб келаётган давр­да яшаяпмиз. Тарғиботларимиз ҳам шунга хос ва мос бўлиши шарт. Акс ҳолда, уни талабчан аудитория қабул қилмас­лиги аниқ.

Мазкур долзарб мавзу бўйича тарғибот ўтказишда энг авва­ло, менинг назаримда, дастлаб эътиборни Президентимиз маърузасидаги бизнинг олижаноб мақсадларимизни ифода этувчи сарлавҳага қаратиш мақсадга мувофиқ. Яъни, «2014 йил юқори ўсиш суръатлари билан ривожланиш, барча мавжуд имкониятларни сафарбар этиш, ўзини оқлаган ислоҳотлар стратегиясини изчил давом эттириш йили бўлади», — деган ёндашувнинг ўзиёқ бизнинг жорий йилдан кўзлаган бош мақсад-муддаомизни яққол акс эттиради.

ЎзХДП дастури ва шу дастур асосида ишлаб чиқилган, Сайловолди платформасида белгиланган манзилли ижтимоий ҳи­моя масалалари партия фао­лиятининг муҳим йўналишла­ридан бири ҳисобланади. Шунинг учун маърузадаги қуйидаги фикрларни тингловчилар онгига чуқур сингдирмоқ лозим:

Давлат бюджети харажатлари таркибида ижтимоий соҳага йўналтирилган харажатлар юқори даражада сақланиб қол­ди ва умумий харажатларнинг 59,3 фоизини ташкил этди. Бизнинг электорат учун бу кўр­саткичнинг муҳим жиҳати шундаки, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлам манфаатлари худди шу ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларга бе­восита боғлиқ. Шу боисдан маърузада келтирилган ушбу салмоқдор факт ва рақамлардан бизнинг партияга хайрихоҳ бўлганларнинг воқиф бўлмоғи муҳим аҳамиятга эга.

Яъни, ўтган йили ҳам аҳо­лининг ижтимоий фаровонлигини таъминлаш ва ижтимоий соҳани ривожлантириш масалалари мам­лакатимиз ҳаётида ҳал қилувчи ўрин эгаллагани, янги иш ўринлари ташкил этиш, бандликни таъминлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари доимо эътибор марказида бўлгани қувонарли ҳолдир.

Тарғиботчи партиямизга дахл­дор яна бир масалага алоҳида эътибор қаратиши лозим. Мамлакатимиз раҳбари томонидан ёш авлод, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, улар ҳаёт­дан муносиб ўрин эгаллаши учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришга жиддий эътибор қаратиш лозимлиги устувор вазифа сифатида кун тартибига қўйилиши бизнинг партиямизнинг дастурий мақсадларини амалга оширишда алоҳида аҳамият касб этади.

Маълумки, мутасадди вазирликларнинг бу борадаги ҳисоботларини эшитиб бориш, жойларда сайловчилар билан учрашувлар чоғида бу масалани назорат қилиш, партиямизнинг Марказий Кенгаши, парламент­даги фракцияси, шунингдек, маҳаллий Кенгашлардаги пар­тия гуруҳлари томонидан тизим­ли йўлга қўйилмоқда. Маърузадаги қуйидаги рақамлар бу борада мамлакатимиз миқёсидаги салмоқли ишлар амалга оши­рилганлигининг яққол исботидир:

Ўтган йили биз учун энг устувор вазифа бўлмиш касб-ҳунар коллежларининг 500 минг нафардан ортиқ битирувчиси иш билан таъминланди ва айтиш жоизки, бунинг аҳамиятини баҳолашнинг ўзи қийин. Ўз хусусий ишини очиб, биз­нес билан шуғулланишга қарор қилган коллеж би­тирувчиларига 140 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли микрокредитлар ажратилди.

2013 йилда халқимизнинг реал даромадлари 16 фоизга ошди, ўртача ойлик иш ҳақи, пенсия, ижтимоий нафақа ва стипендиялар 20,8 фоизга кў­пайди.

Масаланинг энг муҳим жиҳати шундаки, Ўзбекистонда энг паст ва энг юқори даромад оладиган аҳоли гуруҳлари ўртасидаги тафовут даражаси сўнгги йилларда 8 баробарга тўғри келмоқда. Бу жуда паст кўрсаткич. Кўпгина, шу жумладан, қўш­ни давлатларда бу рақам мамлакатимиздаги кўрсаткичдан бир неча баробар юқори экани, яъни ўта камбағал ва ночор аҳо­ли гуруҳлари ва ўта бойлар гуруҳи орасидаги тафовут ошиб бораётганини кўрсатади. Ўзбекистонда бу фарқнинг паст даражада эканлиги мамлакатимизда кенг омма, айниқса, ижти­моий ҳимояга эҳтиёжманд қатлам манфаатларини кўзлаб амал­га оширилаётган халқчил сиёсатнинг амалдаги ифодасидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, ўтказилаётган тарғибот тадбирларида фақат ютуқлар ҳақида гапириш билан чекланиб бўлмайди, албатта. Камчиликларни четлаб ўтмай, уларнинг сабабларини ҳаётий мисоллар билан тушунтириш лозим.

Яқинда Тошкент шаҳрида ўтган тадбирда мен Президентимиз маърузасида танқид қилинган корхоналардан айнан Тошкент шаҳридаги «Оникс» очиқ акциядорлик жамияти, Трактор заводи, «Агрегат заводи», «Ўзпахтамаш» очиқ акциядорлик жамиятларининг оғир молиявий аҳволга тушиб қолганини мисол келтириб, мазкур корхоналардаги бошланғич ташкилотларимиз бу масалага бефарқ қарамаслиги лозимлигини айтиб, ўз фикр-мулоҳазаларимни билдирдим.

Табиийки, тарғибот тадбири қайси соҳа вакиллари иштирокида ёки қайси ҳудудда ўтказилса, маърузадаги худди шу соҳа ёки ҳудудга дахлдор факт, рақам ва мушоҳадалардан фойдаланилса, у кутилган натижа бериши аниқ.

Мухтасар айтганда, ўткази­лаётган ҳар бир тарғибот тадбири таъсирчан бўлса, тингловчига фойдаси тегади ва сама­раcи бўлади.



DB query error.
Please try later.