18.02.2014

ОБОДЛИК — ЮРТ КЎРКИ

Қишнинг совуғи аста-секин чекиниб, кўклам яқинлашаётган шу кунларда ­юртдошларимиз қишлоқлар, маҳалла ва гузарлар, кўчалар, йўллар атрофини ­ободонлаштиришга киришмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга ошири­лаётган кенг кўламли ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари самарасида шаҳар ва қишлоқлар тобора обод ва гўзал бўлиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 январда қабул қилинган «Республика аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлаётир.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ташаббуси билан тозалик кунларини ўтказиш анъанага айланган. Хусусан, пойтахтимизда ҳар шанба «Тозалик куни» деб эълон қилинган. Ушбу тадбир давомида жойларда тўпланган маиший чиқиндиларни ўз вақтида ташиб кетиш, ободонлаштириш ишларида уй-жой мулкдорлари ширкатлари ролини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу йилги қиш фаслининг совуқ келиши, қор кўп ёққани аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш баробарида ҳудудларни ободонлаштириш билан боғлиқ тадбирларни узвий равишда ташкил этишни тақозо этди. Тегишли хизматларнинг ишчи-ходимлари йўллар, кўчаларни қордан тозалаш борасида тизимли равишда иш олиб борди. Тозалик, ободонлаштириш ишларини изчил амалга ошириш ва бу ишларда аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 15-16 февраль кунлари пойтахтимизда оммавий ҳашар ўт­казилди.

«Маҳалла» хайрия жамоат фондининг Тошкент шаҳар бўлимидан маълум қилишларича, ҳашар барча маҳаллада уюшқоқлик билан ташкил этилди. Кўп қаватли уйларнинг йўлаклари, маҳаллалар ҳудуди ҳамда йўлларни қор ва яхмалаклардан тозалаш, уларни ташиб кетиш учун Ободонлаштириш бош бошқармаси, «Махсустранс» корхонасининг транспортлари жалб этилди.

Ҳашар давомида олтмишдан ортиқ серқатнов кўча тартибга келтирилиб, ҳудуди ободонлаштирилди. Савдо, маиший хизмат кўрсатиш ва умумий овқатланиш шохобчаларининг теварак-атрофи, бозорда тозалик ишлари амалга оширилди.

«Маҳалла» хайрия жамоат фондининг Ҳамза туман бўлими раиси ўринбосари Илҳом Эшмуродовнинг айтишича, ҳашарда туман ҳудудида ўн саккиз минг нафардан кўпроқ аҳоли иштирок этди. Ҳашарчиларнинг асосий қисми бозор, тиббиёт ва таълим муассасалари ҳудудида иш олиб борди. Кўп қаватли уйларнинг йўлаклари, кўчалар, бекатлар, аҳоли гавжум жойлар чиқиндилардан тозаланди.

Пойтахтимизнинг Бектемир туманида ҳашарчилар кўчаларни ободонлаштиришга асосий эътибор қаратди.

Ҳашарлар халқимиз ўртасида ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш билан бирга, ёшларда юрт ободлиги учун масъуллик ҳис­сини кучайтириш, экологик муҳит барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Баҳор ХИДИРОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.