15.02.2014

ИЖТИМОИЙ СОҲА РИВОЖИДА МУНОСИБ ИШТИРОК ЭТИШ

партия дастурий мақсадлари амалга ошишининг муҳим шартидир

Аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга қандай омиллар таъсир ­этади? Бу борада юзага келаётган муаммоларни ҳал қилишда партия ташкилотлари, ­депутатлар нималар­га эътиборни кучайтириши зарур?

Бу саволларга жавоб бераётганда кўпчилик ижтимоий соҳани ривожлантириш, иш ўринлари ташкил этиш, депутатлик ва жамоатчилик назоратини изчил йўлга қўйиш масалаларига тўхталиб ўтади. Лекин яна бир масала бор. Саволга жавоб бериш билан муаммо ҳал бўлмайди. Бунинг учун фикрни ҳаракатга айлантириш, ҳаракатларимиз эса амалий натижа кўрсатиши керак.

ЎзХДП Марказий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигида Тошкент шаҳар партия кенгашида ташкил этилган семинарда депутатлар шундай хулосага келди.

— Кўп эмас, бор-йўғи 5-6 йил олдин бошланган молиявий-иқтисодий инқироз сабабли дунёнинг энг ривожланган мамлакатларида ҳам бири-биридан мураккаб ижтимоий муаммолар пайдо бўлди. Ишлаб чиқаришнинг пасайиши, бюджет тақчиллиги ўсаётгани, энг ёмони, ишсизлик муаммоси кучайиб бораётгани аҳоли турмуш шароитига жиддий салбий таъсир кўрсатди. Ана шундай бир вазиятда мамлакатимизда ҳар йили махсус дастур асосида минглаб янги иш ўринлари ташкил этилиб, одамларнинг фаровон яшаши учун мустаҳкам замин яратилаяпти. Биргина ўтган йилнинг ўзида иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича минтақавий дастурларнинг амалга оширилиши натижасида қарийб 970 минг киши иш билан таъминланди. Биз учун энг муҳими, касб-ҳунар коллежларининг 500 минг нафардан ортиқ битирувчиси ишга жойлашди, — дейишди депутатлар.

Улуғбек ВАФОЕВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши раи­си ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари:

— Президентимиз жорий йилнинг 17 январида Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида аҳолини иш билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қа­ратди. Бу партиямиз электорати манфаатларига бевосита алоқадор бўлгани боис ҳар биримизнинг зиммамизга катта вазифаларни юклайди.

Айниқса, аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ масала­ларда партия гуруҳларимиз ўз позициясини намоён этиши керак. Жойлардаги ижтимоий-иқтисодий шароитни ҳисобга олиб, иш ўринлари очилиши бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, уларни амал­га оширишда, аввало, ўзимиз фаоллик кўрсатишимиз талаб этилади.

Парламентда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури ижроси бўйича ҳукумат ахбороти эшитилаётганда бу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу тажрибани халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ҳам кенг қўллаш зарур. Бу янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда жойларда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича берилаётган таклифларнинг пухта бўлишига хизмат қилади.

Депутатлар ва фаоллар истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш, уларга маҳал­лий ҳамда хорижий сармоя­дорларни кенг жалб этиш бўйича ташаббус кўрсатиши, бундай ҳаракатларни фаол қўллаб-қувватлаши ҳақида фикрлар билдирилганда халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати Нигора Эшметова шундай масалани ўртага ташлади:

— Манзилли ижтимоий ҳимоя масалалари билан боғлиқ қарорлар ижроси устидан депутатлик назорати ўрнатишни ҳам кучайтиришимиз керак. Назорат-таҳлил тартибида ўрганиладиган ҳар бир масала учун, албатта, ишчи гуруҳи тузилиши ҳамда унинг иш режаси бўлиши зарур, деб ўй­лайман.

Бундан ташқари, доимий комиссиялар ва сессия қа­рорлари ижроси мунтазам эътиборда бўлиши керак. Дейлик, битта долзарб масала сессия маҳокамасига олиб чиқилди. Энди шу масала юзасидан қабул қилинган қарор қандай ижро этилмоқда, аҳоли томонидан бу борада эътирозлар бўлмаяптими? Мана шу каби саволларга жавоб изласак, электоратимиз манфаатларига дахлдор кўплаб масалалар ечим топади.

Рўзибек ТЎРАЕВ, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўрин­бо­сари:

— Электорат манфаати ифода этилган масалалар, авваламбор, партиямизнинг бошланғич ташкилотларида, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги гуруҳида атрофлича муҳокама қи­линса, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблайман.

Бугун шаҳарда 1334 та бошланғич ташкилотимиз бор. Биз улар билан мунтазам ишласак, мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиб, кучи ва салоҳиятидан сама­рали фойдалансак, партия­миз аъзолари ва электорати манфаатларига дахлдор кўплаб масалалар жойида ҳал этилади.

Шунингдек, семинарда мавзу юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Зиёвуддин Мансуров ва бошқалар сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.