15.02.2014

ИЖТИМОИЙ СИЁСАТНИ ЧУҚУРЛАШТИРИШ

ҳамда мамлакат сиёсий ҳаётини барқарорлаштириш ғоялари фаол қўллаб-қувватланди

Италия Республикаси ривожланиб бораётган кўппартияли тизимга эга. Мамлакат конституциясининг 49-моддасига кўра, сиёсий партиялар фуқароларнинг мамлакат сиёсий ҳаётида иштирок этиш ҳуқуқини таъминлайдиган эркин бирлашмадир. 2013 йил 24-25 февраль кунлари бўлиб ўтган муддатидан олдинги сайловларда Италия парламентининг қуйи — Депутатлар палатасига 630 нафар депутат, юқори палата — Сенатга 315 нафар аъзо сайланди. Мамлакатнинг йирик партиялари мутлақ кўпчилик ўринларни қўлга кирита олмади ва улар кичикроқ партиялар билан коалиция тузишига тўғри келди.

Аввало, нима учун Италияда муддатидан олдин сайлов ўтказилди, деган саволга ойдинлик киритиш керак бўлади.

2008 йилги парламент сайловларида Халқ эркин партияси етакчилик қилаётган ўнг марказчилар коалицияси Шимолий лига билан бирга Депутатлар палатасида ҳам, Сенатда ҳам мутлақ кўпчилик ўринни эгаллаган эди. Халқ эркин партияси етакчиси Сильвио Берлускони эса Президент томонидан учинчи бор ҳукумат раҳбари этиб тайинланган. Маълумки, бу партиянинг асосий суянадиган қатлами йирик сармоядорлар, бой-бадавлат кишилар, катта молия ва саноат тармоқлари мулкдорлари ҳисобланади. Шу сабабли асосан ижтимоий масалалар ва ижтимоий ҳимоя ғояларини илгари сурадиган Демократик партия ўз иттифоқдошлари билан бирга асосий оппозицияда бўлиб келди.

2010 йил июлга келиб, Депутатлар палатаси спикери ва Миллий альянс партиясининг собиқ етакчиси парламент қуйи палатасида етакчи мавқега эга бўлган коалициядан юз ўгирганидан кейин у тузган ҳукуматда инқироз даври бошланди. Қанча уринмасин Берлускони ўз мавқеини сақлаб қололмади. Ҳатто Халқ эркин партиясини тугатиб, ўз тарафдорлари билан янги тузган Италиянинг келажаги ва озодлиги учун пар­тияси ҳам унга ёрдам беролмади. 2010 йил охирида у парламентда янги тузган Масъулиятли ташаббус гуруҳи ёрдамида ҳукуматга билдирилган ишончсизлик вотумидан қийинчилик билан сақланиб қолган эди. 2011 йил ноябрь ойига келиб, Европа иқтисодий инқирози чуқурлашгани натижасида Президент Наполитано Берлусконини ҳукумат раҳбарлигидан истеъфога чиқарди. Унинг ўрнига тайинланган Марио Монти Шимолий лига ва Италия қадрли партиясидан ташқари парламентда етакчи ўринларни эгаллаган барча сиёсий партия­ларнинг кенг қўллаб-қувватлаши натижасида иқтисодиёт ва молия соҳасида қатор тизимли ислоҳотларни амалга оширди.

2012 йил декабрь ойида Депутатлар палатасида ҳукуматга ишонч билдириш масаласи овозга қўйилганда Берлускони коалицияси депутатлари овоз беришдан ўзларини тийганидан сўнг Марио Монти ҳам истеъфога чиқди. Ўнг марказчилар ва сўл марказчилар блоклари ўртасидаги муносабатлар боши берк кўчага кириб қолган ана шундай бир вазиятда Президент партиялар вакиллари билан маслаҳатлашиб, парламент­ни тарқатиб юборди ва янги сайловларни эълон қилди.

2013 йил февраль ойида Италия Республикаси парламентига навбатдан ташқари умумий сайловлар ана шундай инқироз ҳолатида, сиёсий ҳаётдаги беқарорлик, мамлакат ижтимоий ҳаётидаги танглик вазиятида бўлиб ўтди. Сайловчилар олдида бир савол турар эди. Қандай ғоя, ким таклиф этаётган йўл мамлакат ҳаётини барқарорлаштиради, ижтимоий турмушда ўзгаришларга олиб келади, инқироз оқибатларидан қутқаради?

Таъкидлаш керакки, Жанубий Европада, Апеннин яриморолида жойлашган Италия парламентар республика ҳисобланади. Шу сабабли парламентда қандай кучлар ҳал қилувчи роль ўйнаши мамлакат ҳаёти учун жуда катта аҳамиятга эга.

Социал-демократия ғояларини илгари сурадиган Италия демократик партияси 2008 йилги сайловлар натижаларига кўра, Депутатлар палатасида ҳам, Сенатда ҳам иккинчи ўринни эгаллаган эди. Охирги сайловларда эса бу партия 300 тага яқин жойни қўлга киритди ва ўз иттифоқдошлари билан бирга 340 та депутатлик ўрнини банд этиб, қуйи палатада мутлақ кўпчиликни ташкил этди.

Халқаро экспертлар, сиёсатшуносларнинг таҳлилларига кўра, Демократик партия бу муваффақиятга эришишининг асосий сабаби у илгари сураётган ғоя, кўтариб чиқаётган масалаларнинг нақадар дол­зарб­лигида эди. Партиянинг дас­тури асосан икки йўналишни қамраб олди. Булар ижтимоий сиёсатни фаоллаштириш, сиёсий ҳаётни барқарорлаштириш масалаларидир.

Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳамон давом этаётган, хусусан, Италия­да ҳам ижтимоий вазият танг аҳволга келиб қолган бир пайт­да ижтимоий ислоҳотларни чуқурлаштириш долзарб аҳамиятга эга эди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, бугунги кунда ижтимоий ҳаётни барқарорлаштирмасдан, ижтимоий ислоҳотларни узоқни кўзлаб, мутаносиб олиб бормасдан туриб бош­қа бирор соҳада катта муваффақиятга эришиш қийин. Айниқса, одамларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимоя­ни мустаҳкамлаш, ижтимоий ёрдамга муҳтож қатлам манфаатини ҳимоялаш аҳолининг умумий кайфиятини, юритилаётган сиёсатга муносабатини белгилайдиган муҳим омиллардир.

Эътибор қаратиш керакки, 2008 йилги сайловларда парламентнинг иккала палатасида ҳам кўпчилик ўринларни эгаллаган бўлса-да, бир неча бор номини ўзгартирган, лекин асосан консерватив либерализм, либерализм ғояларини илгари сурган Халқ эркин партияси 2013 йил сайловларида иккала палата бўйича ҳам ўз позицияларини бой берди.

Бу нарса либерал ғоялар анча эскириб, жозибасини йўқотаётганлигини кўрсатмоқда. Дарҳақиқат, ижтимоий сиё­сат, ижтимоий ҳаётнинг бар­қарорлиги, ўз ҳаёти фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган ғоялар одамлар учун ҳар доим муҳимроқ бўлган.

Бекзод ШУКУРОВ



DB query error.
Please try later.