15.02.2014

MАЛАКАЛИ КАДРЛАР —МАМЛАКАТ ТАЯНЧИ

Мамлакатда ўтказилаётган демократик ва ҳуқуқий ислоҳотлар, фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг юксак талаблари ҳамда замонавий халқаро стандартларга жавоб берадиган юқори малакали юридик кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 28 июндаги «Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тошкент давлат юридик институти ­Тошкент давлат юридик университетига айлантирилди.

Ушбу қарорга мувофиқ, ТДЮУ «юриспруденция» мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш бўйича базавий давлат олий таълим ва илмий-методик муассасаси этиб белгиланди. Шунингдек, мазкур ҳужжатда ТДЮУнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари ҳам белгиланди.

Жумладан, давлат ҳуқуқи ва бошқаруви, жиноят ҳуқуқи ва процесси, фуқаролик ҳуқуқи ва процесси, тадбиркорлик ҳуқуқи (бизнес ҳуқуқи), халқаро, халқаро тижорат (хусусий) ҳуқуқи ва юридик таълимнинг бошқа устувор йўналишлари бўйича талабаларнинг фундаментал базавий, шунингдек, амалий касбий тайёргарлигини таъминлайдиган дастур ва ўқув режалари асосида бакалаврлар, магистрлар тайёрлашга алоҳида эътибор берилиши лозимлиги таъкидланди.

Қарор асосида ТДЮУ тизимида Фанлар академиясининг тугатилган Фалсафа ва ҳуқуқ институти базасида ҳуқуқий тадқиқотлар маркази ташкил этилди. Унинг асосий вазифалари  давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва ривожлантириш, фуқаролик жамиятини шакллантириш, суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, шунингдек, мамлакатда қонун ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида фундаментал ва амалий тад­қиқотлар ўтказишдан иборатдир.

Бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда университетда бакалаврлар тайёрлаш бўйича соҳа мутахассисликлари белгиланди. Хусусан, давлат-ҳуқуқий фаолият, фуқаролик-ҳуқуқий фаолият, жиноий-ҳуқуқий фаолият, халқаро-ҳуқуқий фаолият ва тадбиркорлик-ҳуқуқий фаолият (бизнес ҳуқуқи) бўйича мутахассисликларга ажратилди.

Талабаларнинг мутахассисликлар ва бошқа юридик фаолият соҳаларида билим ва амалий кўникмаларни чуқурроқ эгаллаш заруратини ҳисобга олган ҳолда ихтисослаштирилган таълим бериш дастурлари доирасида махсус ҳуқуқий фанлар бўйича ўқув юкламаси ҳажми оширилди.

Таълим жараёнини янада такомиллаштириш мақсадида мутахассислик фанларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Олий суди, Олий хўжалик суди, прокуратура органлари, суд экспертиза марказларида ўқитиш амалиёти йўлга қўйилган. Қолаверса, амалиётчи мутахассислар дарс жараёнларига фаол жалб қилинмоқда.

Ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишда аҳолининг ҳуқуқий маданияти, қабул қилинаётган қонун ва меъёрий ҳужжатлар сифати муҳим аҳамиятга эга. Бу ўринда юқори малакали юридик кадр­ларга катта эҳтиёж сезилади. Тошкент давлат юридик университети зиммасига эса айнан ана шундай юксак вазифаларни бажариш юклатилган. Университет жамоаси ўз зиммасидаги масъулиятни яхши ҳис этиб турибди ва уни тўлақонли бажариш салоҳиятига ҳам эга.

Қумриниса АБДУРАСУЛОВА,

Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири, профессор,

Нодирбек САЛАЕВ,

катта ўқитувчи, юридик фанлар номзоди.



DB query error.
Please try later.