Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
13.02.2014

ОМБУДСМАН ҲИСОБОТ БЕРДИ

Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ қонун лойиҳалари муҳокама қилинди

Ҳеч ким бирон идоранинг эшигини бесабаб тақиллатмайди. Арзимас масала билан мансабдор шахснинг қабулига келишга истиҳола қиламиз. Менталитетимиз шундай. Модомики, фуқаро давлат идорасига, мансабдор шахсга мурожаат қилиб келаётган ёки аризами, шикоятми ёзаётган экан, унинг сабаби, асоси бор.

ЎзХДП фракцияси йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Сайёра Рашидова 2013 йилдаги фаолияти тўғрисида ҳисобот бераётганда шу масалага алоҳида эътибор қаратди.

«Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳу­қуқлари бўйича вакили (омбудсман) мансабдор шахс бўлиб, унга давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлаш ваколатлари берилган. Шунингдек, Вакил (омбудсман) Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари тўғ­рисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва уларни халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

2013 йилда ­Омбудсманга фуқаролардан 11733 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 4230 таси (54,8 фоизи) фуқароларнинг шахсий ҳуқуқлари, 2343 таси (30 фоизи) ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлар билан, қолган мурожаатлар эса сиёсий, экология ҳуқуқлари ва бошқа масалалар билан боғлиқ бўлган.

Ҳисоботда келтирилишича, мурожаатлар сони ўтган йилга нисбатан ошган. Хусусан, фуқароларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқига доир мурожаатлар сезиларли даражада кўпайган. Бу масала бўйича тушган 113 та мурожаатдаги факт ва далиллар асосли деб топилиб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини тиклаш чора-тадбирлари кўрилган.

Омбудсман томонидан назоратга олинган мурожаатларнинг ижобий ҳал этилиш кўрсаткичи ўтган йиллардагига қараганда яхшиланган.

Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи қай даражада амалга оширилаётганини ўрганиш мақсадида республикамизнинг барча маъмурий ҳудудларида «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун ижроси бўйича мониторинг ўтказилган.

С.Рашидова мазкур мониторинг натижалари асосида чиқарилган хулосалар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Маълум бўлишича, айрим ҳолларда мурожаат қилувчи фуқароларнинг тегишли қонунлардан хабардорлиги етарли эмаслиги ортиқча ва такрорий мурожаатлар кўпайишига олиб келмоқда.

Баъзи раҳбарлар, мансабдор шахсларнинг қонун талабларига бепарволик билан муносабатда бўлиши, инсон ҳуқуқлари асосларини яхши билмаслиги фуқаролар ҳу­қуқлари бузилишининг жиддий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда.

Ҳисобот йилида қонунчиликка мувофиқ Омбудсман томонидан 15 та қонун лойиҳасининг ҳуқуқий экспертизаси амалга оширилган.

Алия ЮНУСОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Фуқаролар мурожаатлари орқали жамоатчиликнинг фикри ва кайфияти, давлат ҳокимияти органлари фаолияти билан боғлиқ турли масалалар аниқланади. Айрим мурожаатларда кўтарилган масалалар қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни шакллантиришга, давлат идоралари, мансабдор шахслар фаолиятидаги камчиликларни аниқлаб, баҳо беришга асос бўлади.

Бир сўз билан айтганда, мурожаат қилиш ҳуқуқи тўсиқсиз амалга оширилиши фуқаролар ва давлат органлари ўртасидаги муносабатни демократлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Омбудсман томонидан олиб борилган тизимли мониторинг натижалари ва хулосалари давлат органларининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлашга доир фаолиятини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқларига ҳурмат маданиятини шакл­лантиришда зарур манба вазифасини ўтайди.  

Партиямиз Сайловолди дас­турида фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий фаол бўлиши, ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишда бевосита иштирок этиши, шунингдек, ижро ҳокимияти, мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Фракциямиз мурожаатларнинг ўз вақтида ва самарали кўриб чиқилиши аҳоли, электоратимиз вакилларини ўй­лантираётган турли ижтимоий масалалар жойларнинг ўзида ечим топишида долзарб аҳамиятга эга, деб ҳи­соблайди. Шунинг учун биз Омбудсманнинг фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, ҳал этиш тизимини такомиллаштириш масалаларидаги аниқ таҳлил ва тавсияларини алоҳида эътироф этган ҳолда, Инсон ҳу­қуқлари бўйича вакилнинг 2013 йилдаги фаолиятини қўл­лаб-қувватлаймиз.

Яна алоҳида таъкидлаймизки, Омбудсманнинг тавсиялари партиямиз Жамоатчилик қабулхоналарининг фуқаролар, партия электорати вакиллари мурожаатлари билан ишлашини яхшилашда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Фракция йиғилишида, шу­нингдек, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

2013 йилда мазкур қонун лойиҳаси синови бўйича Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари негизида ўтказилган ҳуқуқий эксперимент қонун ижодкорлигини такомиллаштиришда янги имкониятлар яратди.

Хусусан, эксперимент жараёнида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, бу борадаги ахборотларни оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига, фуқароларга тақдим этиш тамойилларини белгилаш бўйича таклиф ҳамда тавсиялар олинди.

Эксперимент жараёнида депутатлар, сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари фаол қатнашди. ЎзХДП фракцияси аъзолари томонидан ҳам қонун лойиҳаси юзасидан партия эксперт­лари, электорат вакиллари ва кенг жамоатчилик иштирокида муҳокамалар ўтказилиб, аҳоли фикр-мулоҳазалари ўрганилди. Бу тадбирлар қонун ло­йиҳаси бўйича фракция позициясини шакллантиришда муҳим асос бўлди.

Дилбар ХОЛИҚОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Муҳокама этилаётган қонун лойиҳаси партиямиз Дастуридан ўрин олган барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслар фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши кераклиги ҳақидаги ғояни янада кенгроқ амалга оширишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳасининг тегишли меъёрлари аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар манфаатлари ҳимоясини кафолатлаш, кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш тўғрисидаги ахборотларни жамоатчиликка етказиш ишларини яхшилашда ўзига хос ўрин тутади.

Жаҳонда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиниши, оилалар ва болалар турмуш тарзи, эркаклар ва аёллар тенглиги, умуман, жамиятнинг кундалик ҳаётини очиқ-ошкора кўрсатадиган ахборотларга бўлган эҳтиёж ўсиб бораётгани кўп такрорланаяпти. Аҳолининг шундай ахборотлар билан таъминлангани ёки таъминланмаганига қараб, давлатлардаги демократияга баҳо берилаяпти.

Давлат органлари фаолиятининг очиқлигига барқарорлик ва хавфсизликка путур етказадиган салбий омил сифатида қараш дунёда борган сайин камайиб бормоқда. Қатор халқаро экспертлар ахборот манбаларининг очиқлиги фуқароларнинг ўзи яшаётган ҳудуд, ишлаётган соҳаси ҳақида равшан тасаввурга эга бўлиши ҳамда кучли фуқаролик жамиятини барпо этишда фаол қатнашишига асос бў­лишини таъкидлашмоқда. Шу маънода, Президентимизнинг мамлакатимизда «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида» қонун қабул қилиш ташаббуси долзарб аҳамиятга эга бўлди.

Қонун лойиҳасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш учун аниқ механизм яратилган. Бу давлат органларининг қабул қилинаётган қарорлар сифатини ошириш борасидаги масъулиятини, жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади. Ҳуқуқий экспериментнинг ўтказилиши шуни тасдиқлади.

Депутатлар йиғилиш кун тартибидаги бошқа қонун лойиҳалари бўйича ҳам фракция позициясини ифодалайдиган таклиф-мулоҳазаларни билдиришди.

Фракция кўрилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилди.

Тўлқин Тўрахонов,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.