13.02.2014

БОШЛАНҒИЧ ПАРТИЯ ТАШКИЛОТИ

электорат орасида фаолият юритади, бу унинг зиммасига катта масъулият юклайди

Бугун давр сиёсий партиялар олдига қўяётган муҳим вазифалар ижроси кўп жиҳатдан бошланғич ташкилотларнинг фаоллигига боғлиқ. Бошланғич ташкилот партиянинг асосий таянчи бўлиб, сиёсий партияни унинг фаолиятисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Бошланғич ташкилотлар жойларда партиямиз ғоявий мақсадларини тарғиб қилиш билан биргаликда электоратни ташвишга солаётган муаммоларни аниқлаши, таҳлил қилиши ва уларни бартараф этиш йўллари юзасидан партия гуруҳлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиши керак. Қаерда иш шундай ташкил этилган бўлса, ўша ерда бошланғич ташкилотнинг нуфузи ошади, партия ташкилотининг фаолияти ҳам самарали бўлади. Шу боис ҳам бошланғич ташкилотларга амалий ёрдам кўрсатиш, улар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш долзарб вазифаларимиздан ҳисобланади.

Айни кунда Тошкент вилоятида ЎзХДПнинг 30 мингдан зиёд аъзоси бор. Улар 900 та бошланғич ташкилотга бирлашган. Биз уларнинг фаолиятини такомиллаштириш, жамоатчилик назорати функцияларидан фойдаланиш тажрибасини орттиришга ҳаракат қилаяпмиз. Партия аъзоларининг сиёсий-ҳуқуқий билимини мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида ўтказиладиган сиёсий ўқув машғулотлари, семинар-тренинг ва давра суҳбатларини кўпроқ бошланғич ташкилотларда ташкил этаяпмиз. Натижада қуйи бўғинларимиз ­фаоллиги ошиб бормоқда.

Масалан, партиянинг Олмалиқ шаҳри бошланғич ташкилотлари фаолияти бунга мисол бўла олади. Ҳозирги кунда шаҳарда партиямизнинг 47 та қуйи бўғини мавжуд. Улар орасида Олмалиқ шаҳар газ таъминоти идорасидаги бошланғич ташкилотни намуна қилиб кўрсатса арзийди. Бу жамоадаги ишчи-ходимларнинг 168 нафари ЎзХДП аъзосидир.

— Партиямиз аъзоларида ижтимоий-­сиёсий ислоҳотларга қизиқишни ошириш мақсадида аввало сиёсий ўқувлар сифатини ошириш, уларда долзарб партиявий мавзулар муҳокама қилинишига эътибор қаратаяпмиз, — дейди бошланғич партия ташкилоти етакчиси ­Сивил Иманова. —  Масалан, ўтган йили «Демократик ўзгаришлар жараёнида фуқаролар сиёсий маданиятини шакллантириш масалалари», «Электорат вакилларида юксак маънавият, сиёсий маданият ва фуқаролик масъулиятини шакллантириш», «Конституция  — мус­тақиллигимизнинг ҳуқуқий пойдевори» каби мавзуларда 10 дан ортиқ семинар ташкил этдик. Тадбирларга партия вакиллари ва халқ депутатлари вилоят, шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзоларини таклиф ­эта­яп­миз.

Бошланғич партия ташкилотимизда Жамоатчилик қабулхонаси фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Қабулхонага тушган масалалар ечимини топишга ҳаракат қиламиз. Кучимиз етмаган жойига партия кенгаши раиси Баҳодир Содиқов ёки халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Мавжуда ­Илёсовага мурожаат қиламиз.

Масалан, ўтган йили қабулхонага Олмалиқ саноат касб-ҳунар коллежини тамомлаган ­Музаффар Абдумуталов ҳамда уй-жой қурилиш касб-ҳунар коллежини битирган Зиёда Шокировалар мурожаат қилди. Биз улар билан суҳбатлашиб, қи­зиқиш­ларини ўрганиб, идорамиз раҳбариятига тақдим этдик. Уларнинг назарий билимлари синовдан ўтказилгандан сўнг, ўзларига мос иш билан таъминланди.   

Демак, партия кенгашлари бошланғич ташкилотлар масъулиятини ошириш бўйича мунтазам иш олиб борса, уларнинг фаолияти янада жонланади. Бунинг учун туман ёки шаҳар кенгашларининг долзарб масаладаги тадбирларини кўпроқ бошланғич ташкилотларда уюштириш, БПТ режалари ижросига бағишланган йиғилишларни доимий равишда ташкил этиб бориш яхши самара беради, деб ўйлайман.

Очиғини айтиш керак, айрим БПТ етакчиларида фаоллик, ташаббускорлик етишмайди. Йил давомида бирор марта аниқ ташаббус ёки таклиф билан чиқмаган қуйи бўғинларимиз ҳам бор. Номига йиғилиш ўтказиш, номига етакчи бў­лишдан ҳеч кимга фойда тегмайди. Аксинча, пар­тиямиз нуфузига путур етиши мумкин. Бошланғич ташкилотларнинг туман ва шаҳар кенгашлари билан доимий алоқасини таъминласак, улар фаолиятини мунтазам таҳлил қилиб, ёрдам бериб борсак, ҳеч шубҳасиз, бундан партия ҳам, электорат ҳам фақат манфаат кўради.

Агар БПТ етакчилари ижтимоий масалаларни ўрганиб, уларнинг натижаларини юқори партия ташкилоти ва партия гуруҳлари доирасига олиб чиқса, депутатларимиз Кенгашлар сессиялари муҳокамаларига масалалар киритиши учун асос бўлади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз уларнинг таклифларини қонунларда акс эттириш учун ­курашади. Демак, бош­­лан­ғич ташкилотлар ­фа­­­ол­­лигини кучайтириш орқали партиянинг жамиятдаги таъсир кучи ошади.

Меҳрож ДАРХОНОВ,

ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси ўринбосари.



DB query error.
Please try later.