13.02.2014

ТАЪЛИМ ВА ТАРБИЯ — МАМЛАКАТ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОРИ

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари.

Юртнинг эртанги куни қандай бўлиши бугун таълим муассасаларида илм-фан, касб-ҳунар сирларини ўрганаётган ўғил-қизларга боғлиқ. Ҳаётнинг шу ҳақиқати ҳар томонлама ҳисобга олиниб, мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ Президентимиз раҳнамолигида таълим тизимининг барча бўғинларида улкан ислоҳотлар амалга оширила бошланди. Айниқса, «Таълим тўғрисида»ги Қонун ва «Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури» таълим тизимини бутунлай янги ­босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этди.

Ёшларимиз билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши учун давлатимиз томонидан барча шарт-шароитларга эга бўлган энг замонавий таълим муассасалари барпо этилди ва зарур ўқув лаборатория жиҳозлари, инвентарлар билан таъминланди. Айни пайтда асосий эътибор билимли, ўзининг мустақил фикрига эга, ҳеч кимдан кам бўлмаган, юксак маънавиятли баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган.

2014 йилда давлат бюджетининг 60 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда. Унинг 35 фоизи эса таълимга сарфланаяпти. Президентимиз Ислом Каримов Вазирлар Маҳкамаси мажлисида сўзлаган нутқида таълим тизимини янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Таъкидланганидек, ўтган йили республикамизда 28 та касб-ҳунар коллежи қурилиб, 381 та умумтаълим мактаби, олий ўқув юртлари тизимидаги 45 та объект, 131 та касб-ҳунар коллежи ва лицей реконструкция қилиниб, капитал таъмирланди. Шунингдек, 55 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 112 та болалар спорт объекти ва 4 та сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилиб, уларнинг барчаси зарур ускуна ва инвентарлар билан жиҳозланди.

Таълим тизимини ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш ишлари ҳеч қачон тўхтаб қолмайди. 2014 йилда 380 та умумтаълим мактаби, 161 та касб-ҳунар коллежи ҳамда академик лицейни реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун 410 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтириш мўлжалланаяпти. 34 та олий таълим муассасасида қурилиш, реконструкция ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш учун 173 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган. Андижон, Қарши давлат университетларида, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва бошқа олий ўқув юртларида янги ўқув бинолари ва ахборот-ресурс марказлари қуриш, шунинг­дек, 51 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 17 та олий таълим муассасасида капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган.

Бу рақамлар нимани англатади? Аввало, бу мамлакатимизда ёшларга эътибор ва улар келажагига ғамхўрликнинг юксак намунасидир.

Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўсиб келаётган авлод таълим тизими билан тўлиқ қамраб олинмаган, ёшларнинг кўпгина қисми фақатгина бошланғич таълим билан чекланиб қолган бир вақт­да бизнинг мамлакатимизда таълим-тарбия, ёшлар келажаги учун барча шароитлар яратиб берилмоқда.

Ҳозирда мамлакатимиздаги 4950 та мактабгача таълим муассасасида 600 мингдан кўпроқ болаларимиз тарбияланаётган бўлса, 9739 та умумий ўрта таълим мактабида 4,5 миллиондан ортиқ ўғил-қиз дунёнинг кўплаб мамлакатлари фарзандлари ҳавас қилса арзийдиган замонавий масканларда таълим олмоқда.

Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан мазмунан янги бўлган ўрта махсус касб-ҳунар таълими тизими шакллантирилди. Ҳозирги кунда мазкур таълим ­муассасаларида бозор иқ­ти­содиё­ти шароитига мослаша оладиган кичик мутахассис кадр­лар тайёрланмоқда.

Республикамиздаги 1554 та коллеж ва лицейда таҳсил олаётган 1 миллион 600 минг нафардан кўпроқ ўқувчи 220 дан ортиқ йўналиш ва мутахассислик бўйича касб-ҳунар сирларини ўрганмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур таълим муассасаларининг деярли барчаси мустақиллик йилларида янгидан қурилди, капитал таъмирдан чиқарилди ва энг замонавий ўқув лаборатория жиҳозлари ҳамда дарслик, ўқув қўлланмалар билан таъминланди.

Биргина мен депутат этиб сайланган Наманган вилоятининг ­Янгиқўрғон туманидаги 9 касб-ҳунар коллежининг 7 таси, вилоятдаги мавжуд 118 ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасасининг 54 таси янгидан қурилган, 64 таси эса тўлиқ капитал таъмирланди ва реконструкция қилинди. Тизимда мавжуд 126 та спорт залининг 90 таси янгидан барпо этилгани кишини қувонтиради, албатта.

Таълим жараёнини ислоҳ этиш ва меҳнат бозорида талаб қилинадиган юқори малакали кадрлар тайёр­лашда олий ўқув юртлари муҳим ўрин эгалламоқда. Мамлакатимизда замонавий ўқув қуроллари билан жиҳозланган, етук малакали мутахассислар тайёрлашга ихтисослаштирилган 58 олий ўқув юрти ва уларнинг 11 филиалида бугунги кунда 260 мингдан кўпроқ талаба ва магистр таҳсил олаяпти. Шунингдек, хорижий давлатларнинг нуфузли олий ўқув юртлари филиаллари фаолият кўрсатаётгани ҳам бугунги кун талабига жавоб берадиган юксак малакали мутахассис кадр­лар тайёрлаш имкониятини кенгайтирди. Мазкур таълим муассасаларида машинасозлик, нефть-газ иши, ахборот технологиялари, иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви, молиявий менежмент, тижорат ҳуқуқи каби меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича бакалавр ва магистрлар тайёрланмоқда. Мазкур мутахассислар бугунги кунда иқтисодиётимизнинг турли соҳаларида самарали фаолият кўрсатаётгани таълим ислоҳотидан кўзланган мақсадлар ўз мевасини бераётганининг ёрқин мисолидир.

Таълим-тарбия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юртимиздаги туб ўзгаришлар, янгиланишларнинг асоси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Зеро, ҳар бир юртнинг бугуни ва келажаги, том маънода, таълим тизимининг қай даражада ривожлангани, баркамол авлодни тарбиялаш учун яратилган шароит, ислоҳотларнинг натижалари билан белгиланади.



DB query error.
Please try later.