13.02.2014

КОМПЬЮТЕР ҚАРШИСИДАГИ БОЛАЛИК

Сиз ҳар куни қўл телефонингизда нималарни олиб юришингиз ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Мулоқот воситасидан ташқари, ёнингизда интернет, фотоаппарат, видеокамера, диктофон, соат, календарь, калькулятор, фонар, ўйин, ­мусиқа, ­телевизор, радио каби қурилмалар бўлади. ­Ажабланарлиси, яқин-яқингача улар алоҳида-алоҳида буюм сифатида харид қилинар эди. Компьютер ҳақида эса ­гапирмаса ҳам бўлади. Биргина интернет тармоғининг ўзида инсон тафаккур қилиши мушкул бўлган амаллар ва жараёнлар юз бермоқда.

Бугун кўпчиликнинг хонадонига замонавий компьютерлар кириб келди. Шундай бўлса-да, интернет кафелар мижозлар билан тўлиб-тошади. Тўловларни пластик карточка орқали амалга ошириш мумкинлиги ҳам мижозларга қу­лайлик туғдиради.

Маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда юртимизда мингдан ортиқ интернет клублари фаолият кўрсатмоқда. Бизнинг бу мавзуга мурожаат қилишимизнинг сабаби эса интернет кафелар мижозлари орасида болаларнинг кўплигидир.

Хўш, улар мижозга қандай хизмат кўрсатмоқда? Клублар қонун талабларига мувофиқ ишлаяптими?

Аввало, клублардаги ёзувларга эътибор берайлик: «Шовқин қилманг», «Чекиш мумкин эмас», «Мактаб ёшидаги болаларнинг дарс вақтида интернет-кафега кириши тақиқланади», «Компьютер экрани олдида узоқ муддат қо­лиш соғлиқ учун зарарли!», «Сиёсий ва порнографик сайтларга кириш ман этилади».

Афсуски, бу девордаги ёзувлар холос. Агар клублардан бирига кириб қолсангиз борми, қулоғингиз том битади. Ёш мижозларнинг асабийлашаётгани сизни ташвишга солади. Бир гуруҳ ўс­пирин-ёшлар умумий тармоқ тизими орқали битта ўйинни турли томондан ўйнашади (очиғи, айрим янги чиққан ўйинларнинг номи ва ёзилиши шу қадар қийинки, айтишга тилингиз бормайди). Бирлари «халоскор», бирлари «жосус», хуллас, бу вертуал оламда қуролсиз ва қон тўкмайдиган «қаҳрамон»ни учратмайсиз. Ўйиндан эрта чиқиб кетгани алам қилган Сарвар шериги Умид билан ғижиллашади. Бу ғавғолардан «кўзи пишиб» кетган администратор жаноблари бошини бир кўтарди-ю, «яна шов­қин солсанглар, чиқариб юбораман» дея пўписа қилиб қўя қолди.

Умумий хулосалар шуни кўрсатадики, мижозларнинг аксарияти ўйинга муккасидан кетган болалар. Ҳатто уларнинг ўз ўтирадиган компьютерлари бор. Кузатиш баҳонасида бироз интернетга кирган одам бўлдим. Беш дақиқа ўтар-ўтмас ёнимда 13-15 ёшлардаги бола пайдо бўлди:

— Ака, бу менинг доимий ўтирадиган жойим, ўйинимни ҳам шу ерга сақлаб қўйган эдим, бошқасига ўтиринг, илтимос.

Уни гапга соламан:

— Исминг нима?

— Жавлон.

— Бу ерга ҳар куни келасанми?

— Ҳа, дарсдан кейин кираман.

Унга жойини бўшатиб бердим:

— Пулни қаердан оласан?

У монитордан кўз узмай саволларимга жавоб қайтарди:

— Ойим овқатга деб берадилар.

— Овқат емайсанми?

Бола жавоб бермади... Шунда тармоқ ичида соатларнинг дақиқа тезлигида ҳаракатланиши ёдимга тушди. Рос­ти, компьютер қаршисида вақт шу қадар тез ўтадики, ҳатто қорнинг очганини ҳам сезмай қоласан.

Энг ачинарлиси, ёш мижоз оч қолади, боши оғрийди, асабийлашади. Дарс вақтида ҳам унинг хаёлини жанговор манзаралар, отишмалар эгаллаб турмаслигига ким кафолат беради?

Экран қаршисида ёши каттароқ мижоз ўтирса, уни тушунса бўлар. Ҳар ҳолда оқни қорадан ажрата олади. Болалар-чи?

Шунда бир ҳақиқатни англайсан: болалик чоғида бахтиёр бўлиш учун ақл, кексаликда эса вақт етмай қолар экан. Аммо на илож, ҳар қадамда турмуш ташвишлари билан бандлигимиз ҳам айни ҳақиқат. Бироқ бу жараёнларнинг назоратчиси ёлғиз ўзимиз эканлиги ҳам кундай аён.

Компьютер ўйинларининг мўмайгина даромад келтираётгани ҳеч кимга сир эмас. Вазирлар Маҳкамасининг қарорида интернет-клубларнинг кеч соат 23.00гача фаолият кўрсатиши белгилаб қўйилган. Аммо айрим клуб эгаларининг ҳали-ҳамон яширинча тунги соатларда ҳам мижозларга хизмат кўрса­таётгани қулоққа чалиниб қолади.

Масаланинг яна бир томони шундаки, болаларнинг компьютердан фойдаланиш кўникмаси тўла шаклланмаган. Ахир фойдаланувчи компьютер қаршисида қанча вақт, қандай узоқликда ўтиришни билиши керак. Бу хусусда Республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан компьютер техникаси фойдаланувчилари учун гигиеник талаблар ишлаб чиқилган. Шифокорларнинг айтишича, компьютердан 45 дақиқа фойдалангач, 10-15 дақиқа очиқ ҳавода айланиш керак. Чунки электромагнит тўлқинлар инсон организмига кучли таъсир ўтказиб, унда лейкемия (оқ қон) касаллигини келтириб чиқариши мумкин. Унгача киши бош оғриғи, ҳолсизланиш, уйқусизлик ва асабийлашишга мойил бўлиб қолади.

Хулоса ўрнида бир фильмнинг қисқа сюжети ёдимга тушди. Компьютер ўйин­ларига муккасидан кетиб, ўз ҳаётини унутаёзган болакай кичкинагина флешканинг ичига тушиб қолади. Унда сон-саноқсиз вируслар, юқумли бактерияларнинг ҳужумига дуч келади. Фильм сўнггида болакай у ҳавас билан қараётган вертуал олам ўз ҳаёти, оиласи, яқинлари олдида сариқ чақага ҳам арзимаслигини тушуниб етади.

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети магистранти.



DB query error.
Please try later.