13.02.2014

МЕҲР ҚАЕРДАН БОШЛАНАДИ?

Кимдир сизнинг ­ёрдамингизга муҳтож. Буни сезасиз, аммо баъзида унга вақт ажратол­майсиз. Кўнглингиздаги хайрли ишни қилиш учун кундалик ташвишлар сизга халақит ­беради. Бироқ одамларнинг оғирини енгил қилиш, дардига дармон бўлиш, уларга оқибат кўрсатишдан, меҳр улашишдан ортиқ бахт борми дунёда?! Айни шу тушунчалар бизга нима учун яшаёт­ганимизни англатади. Қалбимизда инсоний ­туйғуларни тарбиялайди. Яхшилик қилиш, ёрдамга шошилиш, кўнгли ўксик ­инсонларга шодлик улашишдан муҳаббат, одамгарчилик, меҳр бошланади.

«Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди фаолияти ана шу эзгу мақсадларга қаратилган.

Яқинда мазкур фонд васийлик кенгаши ҳамда бошқарувининг йиғилиши бў­либ ўтди. Унда 2013 йилда амалга оширилган ишлар, жорий йилдаги муҳим вазифалар муҳокама этилди.

Йиғилишни Соғлиқни сақлаш вазири, Фонд васийлик кенгаши раиси Анвар Алимов кириш сўзи билан очди:

— Мамлакатнинг энг катта бойлиги бу соғлом миллатдир. Юртимизда соғлиқни сақлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар замирида ҳам айнан соғлом миллат ғояси мужассамлашган. Ушбу эзгу мақсадларни амалга оширишда «Меҳр-шафқат ва саломатлик» фондининг ҳам муносиб ўрни, ҳиссаси бор.

Фонд томонидан ўтган йил давомида ёрдамга муҳтож кексалар, пенсионерлар, жисмоний имконияти чекланган кишиларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор хайрия тадбирлари ташкил этилди. Кў­макка муҳтож оилалар фар­зандлари соғлиғини муҳофаза қилиш, уларни малакали шифокорлар кўригидан ўтказиш борасида ҳам муайян натижаларга эришилди. Шунингдек, мамлакатимиз даволаш-профилактика муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишлари учун маблағлар ажратилди.

Аммо бугунги кун ишимизни яна­да такомиллаштириш, масъу­лиятни чуқур ҳис қилишни талаб этмоқда. Хусусан, фонд фаолиятини янги босқичга кўтариш, Соғлом бола йили муносабати билан тарғибот-ташвиқот, маънавий-маърифий йўналишда­ги ишларни кучайтиришимиз лозим. Бунда асосий эътибор оилаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, Мурувват уйлари, руҳий касалликлар шифохоналари, махсус мактаб-интернатларга кириб бориш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳамкор ташкилотлар кўмагида мазкур муассасаларда тарбияланаётган болалар учун турли акциялар, байрам кечалари ўтказишга қаратилиши зарур. Бу ишларни амалга оширишда фонднинг вилоятлардаги ваколатхонала­ридан ҳам ташаббус ва фидойи­лик талаб этилади.

Йиғилишда «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди бош­қаруви раиси Асрор Мирзаҳмедовнинг 2013 йил якунлари юзасидан ҳисоботи тингланди.

— 2013 йилда давлат идоралари, жамоат ташкилотлари, ишлаб чиқариш корхоналари томонидан фонд фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди, — деди у. — Хусусан, фонд ҳи­­соб-рақамига жами 1.603. 248.659 сўм маблағ келиб тушди. Фонд ва унинг вилоят, туман ва шаҳар ваколатхоналари томонидан ёлғиз кекса, қариялар соғ­лиғини муҳофаза қилиш, муҳтож беморлар учун малакали шифокорлар маслаҳати ва даволаш ишларини уюштириш, жисмоний имконияти чекланган кишиларни протез-ортопедия буюмлари ва техник воситалар билан таъминлаш, тиббиёт тизимида олиб борилаётган ислоҳотларга муносиб ҳисса қў­шиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида қатор ишлар амалга оширилди.

Йил якунларига кўра, жамоат фондининг жами харажатлари 1.572.185.000  сўмни, хайр-эҳ­сон, ҳомийлик харажатлари эса 1.382.156.925 сўмни, шундан хў­жалик харажатлари 12,1 фоизни ташкил қилди.

Албатта, бу ишлар меҳр-шаф­қатга муҳтож инсонлар ҳаётини янада яхшилашга қаратилгани билан муҳимдир. Шу боис 2014 йилда фаолиятимизнинг ана шу жиҳатига алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Одамларга нафақат моддий ёрдам кўр­сатиш, шу билан бирга уларни маънавий-руҳий жиҳатдан қўл­лаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга. Ёрдамга муҳтож кишилар давлат ва жамиятнинг эътибо­рини ҳис қилиб яшашига эриши­ши­миз лозим. Шунда зиммамизга юклатилган вазифани тў­лақон­ли бажарган бўламиз...

Йиғилишда намунали ҳудудий ваколатхоналар иши эътироф этилди, айримларининг фао­лияти танқидий-таҳлилий кўриб чиқилиб, зарур тавсиялар берилди.

— Фонднинг вилоят ваколатхонаси 2004 йилда очилган эди, — дейди Қаш­қадарё вилоят ваколатхонаси раҳбари Алишер Ҳайдаров. — Айни кунда ви­лоят туман ва ша­ҳарларида фонднинг 14 филиа­ли фаолият кўрсатиб келмоқда. Ижтимоий шериклик асо­си­да ҳокимликлар, соғ­лиқни сақ­лаш бошқармаси ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа инс­титутлари билан дои­мий ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. 2011-2013 йилларда фонд­нинг Деҳ­қонобод ва Косон туман филиаллари Олий Мажлис ҳузури­даги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жа­миятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тараққиёт дастури, «Маҳалла» хайрия жамоат фонд­ларининг гранд лойиҳаларини қўлга киритди.

Йиғилишда, шунингдек, Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси, Сенатор Фарида Абдураҳимова, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири биринчи ўринбосари Фаррух Ҳамроев ва бошқалар сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Тадбир якунида «Меҳр-шаф­қат ва саломатлик» жамоат фондининг 2014 йилги иш режаси тасдиқланди.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.