11.02.2014

ЭЛЕКТОРАТ ИШОНЧИНИ ОҚЛАЙ ОЛАЯПМИЗМИ?

Ҳар доим шу ҳақда ўйлашимиз керак

ЎзХДП тизимида семинар, давра суҳбатлари ўтказишдан олдин муҳокама этиладиган масалани чуқур ўрганиш, жойларга чиқиб таҳлил этишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу гал ҳам шундай бўлди.

ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши Олий Мажлис Қо­нунчилик палатаси депутатлигига мазкур вилоятдан сайланган депутатлар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари иштирокида Қибрай, Бўстонлиқ туманлари ҳамда Чирчиқ шаҳар партия ташкилотлари фаолиятини ўр­ганди. Бошланғич партия ташкилотлари, партия кенгаши ҳамда маҳаллий Кенгашдаги партия гуруҳи ўр­тасидаги ҳамкорлик таҳлил қилинди. Электорат манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги ишларига баҳо бе­рилди.

Президентимизнинг Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда партия ташкилотлари олдида турган муҳим вазифаларга бағишлаб партия Марказий Кенгаши ҳамда Тошкент ви­лоят кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган семинар-тре­нингда ана шу мониторинг натижалари муҳокама этил­ди ҳамда галдаги устувор вазифалар кўриб чиқилди.

Тадбирда Марказий Кенгаш масъул ходимлари, Қо­нунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари иштирок этди.

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Президентимизнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасини тинглаб, яна бир бор амин бўл­димки, мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш учун оддий фуқародан тортиб, мансабдор шахс, давлат ташкилоти, нодавлат нотижорат ташкилотлари биргаликда, ҳамжиҳатликда иш олиб бориши зарур. Бу йўл­да энг аввало, сиёсий пар­тиялар фаол, ислоҳотларнинг ташаббускори бўлиши муҳим аҳа­миятга эга. Шунинг учун партиянинг бошланғич ташкилотидан тортиб, энг юқори ор­ганигача бир бутун механизм сифатида ишлаши керак.

Маърузада иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор берилди. Бу партиямиз учун ҳам устувор аҳамиятга эга. Биз Дастур ижросига эътибор қаратиб, уни парламент эшитувига олиб чиқаяпмиз. Бироқ, ўтган йиллар давомида яратилган иш ўринларининг барқарорлиги қай даражада эканига етарли аҳамият бермаяпмиз. Бугун меҳнат қилаётган йигит-қизлар эртага ишсиз қолса, уларнинг тақдири қандай кечади? Ўйлашимча, Дастур ижроси билан бирга, олдинги йилларда ташкил этилган иш ўринларининг барқарорлигини таъминлашни ҳам назорат қилишимиз лозим.

Сирожиддин АЪЗАМОВ, ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Бугунги кунда халқ депутатлари Тошкент вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳларида 288 нафар депу­татимиз ­фаолият юритмоқда. Аммо ишимиздан кўнглимиз тўлаяпти, деб айта олмайман. Чунки, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда фойдаланилмаётган имкониятлар кўп бўлишига қарамасдан, депутатларимизнинг бу борадаги ташаббускорлиги етарли даражада эмас. Биргина мисол. Таҳлилларга қараганда, айни пайтда вилоятимизда 611 та катта-кичик бино бўш турибди. Бироқ, ўша ҳудудлардаги депутатлар бунга етарли эътибор қаратмаяпти. Аслида партия гуруҳларимиз ўша ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ўзининг таклифларини бериши, бўш турган бинолардан сама­рали фойдаланиш юзасидан муҳим қарорлар қабул қилишда иштирок этиши за­рур.

Яна бир масала. Ҳар йили ҳудудларни ижтимоий-иқ­тисодий ривожлантириш бўйича маҳаллий Дастур­лар қабул қилинади. Бунинг ижроси қандайлиги ҳам бизнинг назоратимизда бў­лиши керак. Қолаверса, ўша Дастур ҳудудни ривожлантириш учун етарли дара­жада мукаммал бўлмаса, депутатларимиз муқобил дастурлар таклиф этиши зарур. Шундагина пар­тиямизнинг жамият та­раққиётидаги иштирокини янада кенгайтирган бўламиз.

Таҳлилларга кўра, 2013 йилги Ҳаракат Дастурига мувофиқ вилоятнинг туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан 24 та масала ўрганилган. Шундан 19 таси доимий комиссияларда, 16 та­си сессия­ларда муҳокама этилган. Уларда кам таъмин­ланган, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд кишилар манфаати, бандлик ва иш ўринлари ташкил этиш, инвестиция ва маҳаллийлаштириш Дастурлари ижроси каби масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, ижроси бўйича депутатлик назорати ўрнатилган. Бу жараёнда Ангрен, Чирчиқ шаҳар, Бўка, Қибрай ва Юқори Чирчиқ туманларидаги партия гуруҳлари алоҳида фаоллик кўр­сатмоқда.

Заҳро НУРМАТОВА, ЎзХДП Қибрай туман кенгаши раиси:

— Ўтган йил давомида партия гуруҳимиз 4 та масалани ўрганди. 3 масала доимий комиссияда, биз учун устувор аҳамиятга эга бўлган 2 масала сессияда муҳокама этилди. Хусусан, ишлаб чиқариш корхоналарини кенгайтириш ҳисобига иш ўринлари ташкил этиш тўғрисидаги масала дастлаб партия гуруҳида, кейинчалик доимий комиссия ва сессияда кўриб чиқилди. Ҳозирги кунда сессия қарори ижросини таъминлаш мақсадида депутатлик назорати ўрнатилган. Жорий йилнинг биринчи ярмида мазкур қарор ижроси билан боғлиқ масалани яна бир бор сессия муҳокамасига олиб чиқишни режалаштирганмиз. Бу масала кейинчалик вилоят даражасида кўриб чиқилишига эришмоқчимиз.

Семинарда, шунингдек, Олий Мажлис Сенати аъзоси Дамир Сиддиқов, Қонунчилик палатаси депутатлари Алия Юнусова, Сайдивали Аҳмедов ва бошқалар мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Тадбир якунида ўрганиш натижалари умумлаштирилиб, мавжуд камчиликларни бар­тараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди. Электорат ишончини қандай оқлаяпмиз, деган саволга ҳар бир партия фаоли, депутат жавоб излаши зарурлиги таъкидланди.

Семинарда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Вафоев иштирок этди ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳлари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.