Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
11.02.2014

ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ

ҳудудлар ва тармоқларни ривожлантириш дастурлари ижроси билан ҳам узвий боғлиқ

Бугунги кунда ишсизлик даражаси юқори бўлган мамлакатлар сонининг ортиб бораётгани жаҳон ҳамжамиятини ташвишлантираётган муаммолардан бирига айланиб қолгани кўпчиликка маълум. Ушбу муаммо сабаб айрим давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий, қолаверса, сиёсий барқарорлигига путур етмоқда. Буни оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб, гувоҳи бўлиб турибмиз.

Маълумки, ҳар бир мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш чора-тадбирлари, молия, пул-кредит тизимининг барқарорлиги ҳамда макроиқтисодий ўсишга қаратилган иқтисодий сиёсат ишсизликнинг ошиши ёки камайишига таъсир этади. Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотига кўра, дунёда ишсизлар сони 200 миллион кишига етган. 2014 йил давомида бу кўрсаткич яна 5-6 миллионга кўпа­йиши ҳақида прогноз эълон қи­­линган.

Мамлакатимизда узоқни кўз­лаб амалга оширилаётган ислоҳотлар, инқирозга қарши кў­рилган чора-тадбирлар натижасида иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатлари таъминлаб келинмоқда. Инвестиция, маҳаллийлаштириш ва бошқа қатор мақсадли дастурларнинг амалга оширилиши иш ўринлари кў­пайишига ижобий таъсир кўр­сатмоқда.

Ҳар йили иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури парламент даражасида қабул қилинмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси сайловолди Дастурининг асосий йўналишларида айнан бандлик масаласига кенг эътибор қаратилганини алоҳида таъкидлашимиз керак. Маълумки, 2009 йилдан бошлаб, ҳар йили Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг ташаббуси билан бандлик Дастурининг ижроси парламентда муҳо­кама қилиниб, ҳукуматга тегишли таклиф ва тавсиялар берилаяпти. Хусусан, партиямиз элек­торати манфаатларидан келиб чиқиб, билдирилган таклифлар асосида Дастурнинг янада такомиллашиб боришига эришмоқдамиз. Бунда партиямиз барча ташкилотларининг хизмати катта бўлмоқда.

Олдинги йиллардаги Дастурлардан фарқли равишда бу йилги Дастурда банд бўлмаган аҳолини ва коллежлар битирувчиларини ишга жойлаштиришга доир алоҳида чора-тадбирлар назарда тутилган. Уларга асосан, ишсизлар, коллеж битирувчилари, Қуролли кучлар сафларидан бўшатилганлар, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар натижасида иш жойини йўқотган фуқаролар, ногиронлар, якка-ёлғизлар ва бош­қа тоифадаги банд бўлмаганларни ишга жойлаштириш бў­йича хизматлар кўрсатилиб, ёр­дам берилади. Бу Халқ демократик партияси электорати манфаатлари ҳимоя қилинишида, дастурий мақсадларимиз амалга ошишида муҳим аҳамият касб этади.

Жорий йилда ҳам бандлик масаласи партиямизнинг асосий эътиборидаги масалалардан ҳисобланади, албатта. Фақат шу ўринда бир фикрни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

Ўтган йиллар давомида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларимиз дастурий мақсадларимиздан келиб чиқиб, бевосита бандлик Дастури ижросига кўпроқ эътибор қаратди. Бандлик масаласи, иш ўринлари яратишнинг ўзига хос хусусиятлари, асосан, битта дастур ижроси доирасида муҳокама қилинди.

Менимча, эндиликда иш ўрин­лари очилиши, қишлоқ аҳолисининг турмуш шароити яхшиланиши билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа дастурлар ижроси устидан ҳам жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор беришимиз керак. Партиямизнинг 2014 йилга мўлжалланган Ҳаракат Дастурида бу масала инобатга олингани бежиз эмас.

2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури ҳудудлар бўйича, меҳнат бозори эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда, иқти­содиёт тармоқлари, бир қатор етакчи соҳалар ва ҳудудларни ривожлантириш дастурларига мос равишда ишлаб чиқилган.

Бу йил мамлакатимизда асосий иш ўринлари янги объектларни ишга тушириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, қайта жиҳозлаш ва мавжуд қувватлардан янада тўлиқ фойдаланиш, саноат, хизмат кўрсатиш ва сервисни ривожлантириш, инфратузилма, коммуникация ва уй-жой объектлари қурилиши кўламини кенгайтириш орқали яратилади.

Хусусан, Дастурга мувофиқ, ишлаб чиқариш, ижтимоий ва бозор инфратузилма объектларининг барпо этилиши ҳисобига 67,1 минг янги иш ўрни ташкил этилиши керак.

Бу йўналишнинг ўзига хос хусусияти шундаки, унда назарда тутилган лойиҳаларни амалга ошириш вақтинча ишсиз аҳолини доимий иш ўрни билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларининг сотилиш имконияти кенгаяди, улар учун бозор яратилади, турмуш тарзимизда қўшимча қулайликлар кўпаяди.

Президентимизнинг «2011-2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида»ги Қарори ҳудудларда инфратузилмани ривожлантиришда, янги иш жойлари яратиш, аҳоли турмуш даражаси узлуксиз ўсиб боришини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзолари 2013 йилда Ўзбекистон миллий автомагистрали (Бухоро-Қарши-ўузор-Термиз йўналиши) ёқасида инфраструктура ва сервис объектлари қурилишининг мақсадли параметрлари бажарилишини назорат-таҳлил тартибида ўрганган эди.

Президентимизнинг Қарорига мувофиқ, М 39 автомобиль йўлининг Бухоро-Қарши-ўузор-Термиз йўналишида 2011-2015 йилларда 43 та объектни қуриб, фойдаланишга топшириш белгилаб берилган. Ўрганиш давомида 2011-2012 йилларда уларнинг фақат 5 таси қурилиб, фойдаланишга топширилгани маълум бўлди. Ваҳоланки, режа бўйича 10 та объект қурилиши керак эди.

Бу масала мутахассис ва мутасаддилар иштирокида таҳлил қилинганда, вилоят ва туман ҳокимликлари, йўл-қурилиш ташкилотлари, давлат архитектура қурилиши мутасаддилари, тадбиркорлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик яхши йўлга қўйилмагани, Қарорда белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан маҳаллий ҳокимликлар томонидан тизимли мониторинг ўрнатилмагани қайд этилди. Афсуски, янги иш жойлари яратилиши билан боғлиқ бу муҳим масалалар тегишли маҳаллий Кенгашлардаги пар­тия гуруҳлари йиғилишларида, сессияларда муҳокама қилинмаган.

Агар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари бунга ўз вақтида эътибор қаратса, сессияларда инфратузилма объектларининг қуриб битказилиши кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинса, бу ҳам бевосита иш ўринлари кўпайиши, турмуш фаровонлиги ошишига ижобий таъсир кўрсатган бўларди.

Демак, ҳаётий тажриба биз депутатлардан таҳлилларни яна­да чуқур олиб боришни, жойларда нафақат бандлик Дастури, шу билан бирга, иш ўринлари яратилишига хизмат қиладиган, соҳа ва тармоқлар ривожига қаратилган бошқа дас­турлар ижроси устидан ҳам депутатлик назоратини янада ку­чайтиришни талаб этмоқда.

Маҳаллий ижро ҳокимияти, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари фаолияти устидан тизимли парламент ва депутатлик назоратини ўрнатиш мавжуд муаммо ва камчиликлар ечимида муҳим аҳамият касб этади.

Алишер СОДИҚОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.



DB query error.
Please try later.