11.02.2014

КАФОЛАТЛИ ИШ ҲАҚИ, МЕҲНАТ ШАРОИТИ ВА МУҲОФАЗАСИ

Ҳозирги даврда жаҳонда меҳнат ресурсларига талаб кескин ошиб бормоқда. Йирик ишлаб чиқариш кучлари арзон ва сифатли ишчи кучи учун дунё меҳнат бозорида рақобатга киришган, халқаро меҳнат миграция оқими кучайган давр. Албатта, бундай шароитда давлатлар­аро миграция оқимларини тартибга солиш, нолегал миграция кўламини пасайтириш ҳамда мигрантлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентли­ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 12 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет эллардаги меҳнат фаолиятини ташкил этишни такомил­лаш­тириш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги қарорига асосан таш­кил этилди.

Агентликка меҳнат миграцияси соҳасидаги халқаро ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет элларда ва хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикасида ишга жойлаштириш учун квоталар ажратиш ва рухсатномалар бериш масалалари бўйича хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорлик қилиш, бир сўз билан айтганда, меҳнат миграцияси билан боғлиқ вазифалар юклатилган.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳукуматлараро, идоралар­аро шартномалар ва битимлар асосида фақат Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва Фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бў­йича хўжалик ҳисобидаги минтақавий бюроларнинг кўмагида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет элга чиқиш ҳуқуқига эгадирлар. Хусусий меҳ­нат контрактлари бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ҳам чет элларга фақат Таш­қи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан бериладиган рухсатномалар асосида чиқилади.

Хорижга ишлаш учун кетаётган фуқароларимиз хориждаги иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномасига кўра, иш берувчи томонидан рўйхатга олиниб, меҳнат шартномалари легализация қилинади. Унинг яшаш ва меҳнат қилиш шарт-шароитлари, ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси, тиббий суғуртаси меҳнат шартномасига асосан кафолатланади.

Кўпчиликни Жанубий Корея Республикасига ишга кетиш ма­салалари қизиқтиради. 2006 йил Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳам­да Корея Республикаси Меҳнат вазирлиги ўртасида Жанубий Кореяга «Бандликка рухсат бериш тизими бўйича (Эркин ёл­лаш) ишчи кучини юбориш тўғ­рисида»ги Меморандум имзоланган. Мазкур Меморандум ҳар икки йилда узайтирилиб келинмоқда.

Корея Республикасида ишлаш истагини билдирган (ёши 18-39 гача, соғлом, судланмаган, аввал Кореяда нолегал юрмаган ва мажбуран Корея Республикасидан чиқариб юборилмаган, чет элга чиқиши тақиқланмаган) фуқаролар Корея Республикаси Эркин ёллаш тизими бўйича корейс тилидан тест синовларида қатнашишлари талаб этилади. Тест синовларида иштирок этиш учун рўйхатга олиш жараёни амалга оширилади. Рўйхатга олинган фуқароларга тестга кириш учун рухсатнома(жетон) берилади.

Тест синовларидан муваффақиятли ўтган фуқароларнинг номига корейс иш берувчиларидан меҳнат шартномаси келгандан сўнг фуқаролар Агентлик томонидан белгиланган тартибда Корея Республикасига меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборилади.

Афсуски, улар орасида иш жойларини ўзбошимчалик билан ташлаб кетиб, ноқонуний фаолият юритаётганлари ҳам учрамоқда. Натижада бундай кишилар меҳнат, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқлардан ҳимоясиз қолиб, турли муаммо ва қийинчиликларга учрамоқда. Бу эса давлатимиз шаънига путур етказиши билан бирга фуқаро­ларимизга бўш иш ўринлари, яъни квота ажратилишига таъсирини ўтказаяпти.

Фалон мамлакатда зўр иш бор экан, деган гапларга ишониб, кимларнингдир ортидан кетаётган фуқароларимиз ҳеч бир ҳимоясиз қолаётган, алдов ва фирибларга учиб одам савдоси қурбонига айланаётган ҳо­латлар ҳам, афсуски, кам эмас. Ўзбекистон Республикасининг «Одам савдосига қарши ку­рашиш тўғрисида»ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлдаги «Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги қарорида бу борада тезкор ва таъсирчан чора-тадбирлар белгиланган. Жумладан, чет элларда ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш ва одам савдосига йўл қўймаслик мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳу­қуқни муҳофаза қилувчи идоралар, ҳудудий Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармалари, ҳудудий Бандликка кўмаклашиш ва аҳо­лини ижтимоий муҳофаза қи­лиш марказлари, республика «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўзаро ҳамкорлик ҳаракатларини амалга оширмоқда.

Фуқаролар четга чиқаётганда энг аввало, кафолатли ойлик маоши, меҳнат шароити ва муҳофазасига эга бўлган иш ўр­нига интилиши лозим. Бу борада, яна такрорлаймиз, мамлакатимизда фуқароларга ёр­дам берадиган ваколатли идора — Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ҳи­собланади.

Самандар МАМАШАКИРОВ,

Агентлик бўлим бошлиғи вазифасини бажарувчи.



DB query error.
Please try later.