Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
11.02.2014

БАШАРИЯТ ЭЪЗОЗИДАГИ ШОИР

Шу кунларда мамлакатимизда буюк ­мутафаккир шоир Алишер Навоий таваллудининг 573 йиллигига бағишланган маърифий тадбирлар, адабий кечалар, илмий анжуманлар, мушоиралар ўтказилмоқда.

Анъанага кўра, 9 февраль куни Алишер Навоий номи билан аталувчи Ўзбекистон Миллий боғида шоир таваллудининг 573 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, турли вазирлик ва идоралар, ижодий уюшмалар ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, маънавият тарғиботчилари, ўқитувчилар, маҳалла фаоллари, талаба-ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, навоийшунос олим, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти Г.Одилова, шоир Н.Жонузоқ ва бошқалар Президентимиз Ислом ­Каримов раҳнамолигида буюк аждодларимизнинг бой илмий-маърифий меросини ўрганиш борасида олиб борилаётган улкан ишлар миллий адабиётимизни ривожлантириш, халқимиз, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтиришга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.

Маънавият ва маърифатни юксалтириш, баркамол авлодни вояга етказиш, она тилимиз, миллий адабиётимиз равнақида улуғ шоир, мутафаккир ­Алишер Навоий ижодининг ўрни беқиёсдир. Алишер Навоийнинг бадиий ва илмий меросини ўрганиш, асарларини нашр этиш, мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан бу борадаги ишлар ҳар томонлама рағбатлантирилиб, шоир асарларининг мукаммал тўплами нашр этилди.

Шоирнинг асарлари умумтаълим масканлари, коллеж ва лицейлар, олий таълим даргоҳлари, илмий-тадқиқот муассасаларида кенг ўрганилмоқда. Буюк мутафаккир номи билан юритилувчи маърифат маскани — Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Навоий асарларининг электрон шаклини яратиш, бу йўналишда хориждаги нуфузли кутубхоналар, музейлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш юзасидан изчил ишлар олиб борилмоқда.

Навоий асарлари жаҳон халқ­ларининг кўплаб тилларига таржима қилинмоқда, китоб ҳолида нашр этилмоқда. Мутафаккир бобомизга улкан эҳтиром рамзи сифатида дунёнинг қатор шаҳарларида унинг ҳайкаллари ўрнатилган.

Польша Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Мариан Пшезьдзецки Алишер Навоий асарларида тараннум этилган, инсониятни эзгуликка ундовчи ғоялар умрбоқийлиги билан бутун башариятнинг маънавий хазинасига айланганини таъкидлади. Шоирнинг ғазаллар тўплами яқинда польшалик мутахассислар томонидан илк марта поляк тилига ўгирилиб, алоҳида китоб ҳолида ўқувчилар эътиборига ҳавола этилгани бунинг яққол намунасидир.

Ўзбекистон халқ артисти А.Рафиқов «Фарҳод ва Ширин» достонидан парча ўқиди. ­Навоий ғазаллари билан айтилувчи қўшиқлар ижро этилди. Тошкент давлат шарқшунослик инс­титути талабалари шоир ғазалларини инглиз, немис, ­француз, япон, корейс тилларида ўқиб берди. Навоийга ­ба­ғиш­­­ланган шеърлар ўқилди.

Тадбир иштирокчилари ­Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари ­А.Икромов, Тошкент шаҳар ҳокими ­Р.Усмонов иштирок этди.

* * *

Шу куни пойтахтимиздаги Шоирлар хиёбонида Алишер Навоий ижодига бағишланган мушоира бўлиб ўтди. Унда ёзувчи ва шоирлар, навоийшунос олимлар, ёш ижодкорлар, ёшлар иштирок этди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессори Н.Жабборов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, халқ шоири С.Саййид, Ўзбекистон халқ шоири ­Т.Низом, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси бош муҳаррири, шоир С.Ҳакимов ва бошқалар Алишер Навоий ижоди инсониятни эзгуликка ундаб келаётганини таъкидлади. Мушоирада улуғ мутафаккир асарларидан намуналар ўқилди.

Буюк шоир таваллудига бағишланган адабий-маърифий тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятларда бўлиб ўтмоқда.

Назокат УСМОНОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.