08.02.2014

ТИЖОРАТ СИРИ САҚЛАНИШИ УЧУН

аввало, мулкдорнинг ўзи масъул бўлиши шарт

ЎзХДП фракцияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган «Тижорат сири тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўйича ЎзЛиДеП фракциясининг фикри билан муроса қилмаяпти.

Маълумки, қонунлар қанчалик пишиқ ва пухта бўлса, ундан одамлар ва жамият шунчалик манфаат кўради. Парламентда қонунлар лойиҳалари бўйича муҳокамалар, фракциялараро тортишувлар қизғин ва чуқур ўтиши қабул қилинаётган қонунларнинг мукаммал бўлишига хизмат қилади.

Қонунлар лойиҳаларида белгиланаётган меъёрлар юзасидан депутатлар ва фракцияларнинг таклиф-мулоҳазалари ҳисобга олиниши муҳим аҳамиятга эга, албатта. 2013 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Регламентига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишидан кўзланган мақсад ҳам қонун ижодкорлиги жараёнини янада такомиллаштиришга қаратилган.

Ҳозирда парламент қуйи палатасида қонун лойиҳалари кўриб чиқилаётганда  фракцияларнинг муносабати, таклиф-тавсиялари мажбурий тартибда ҳисобга олинаяпти. Бу принципнинг жорий этилиши қонунлар лойиҳаларининг ҳар томонлама чуқур муҳокама қилинишини таъминламоқда. Фракциялар ҳар бир масалага сиёсий партияларнинг дастурий мақсадларидан келиб чиқиб ёндашаётгани улар ўртасидаги тортишувларни янада кучайтирмоқда.

Хусусан, «Тижорат сири тўғрисида»ги қонун лойиҳасига ЎзХДП ва ЎзЛиДеП фракцияларининг ёндашувлари ҳар хил бўлаяпти. ЎзХДП фракцияси тижорат сирини белгилаш, уни ҳимоя қилиш билан боғлиқ муносабатларни қонун лойиҳасида аниқ акс эттириш бўйича ЎзЛиДеП фракцияси ёндашувига қарши фикрларни илгари сураяпти.

Хўш, фракциялар қонун лойиҳасидаги қайси масалалар юзасидан муросага келолмаяпти? ЎзХДП фракцияси таклифларининг мазмун-моҳияти нимадан иборат?

Назира МАТЁҚУБОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Биз тижорат сири белгиланиши, ҳимоя қилиниши нафақат тижорат сири мулкдорлари учун, балки меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар учун ҳам муҳим, деб ҳисоблаймиз. Чунки тижорат сири сақланиши,  корхона фаолияти, ишлаб турган одамларнинг даромади, ижтимоий ҳимояси, ҳуқуқ­лари, иш ўринларининг барқарорлиги билан боғлиқ.

Фракциямиз шу маънода тижорат сири ҳақида қонун қабул қилинишини қўллаб-қувватлайди. Фақат тижорат сирига дахл­дор ҳуқуқий муносабатлар аниқ ва муфассал белгилаб олиниши керак, деб ҳисоблайди.

Қонун қабул қилингандан ке­йин ижро жараёнида тижорат сирини белгилаш, сақлаш ва ундан фойдаланиш масалаларида турли чигалликлар келиб чиқмаслиги лозим. Фракциямиз мана шу позицияда турибди. Ўз таклифларини ҳам шунга қараб билдираяпти.

Бизнинг қатъий позициямиз шундан иборатки, тижорат сири ҳақидаги қонун лойиҳасига масъулият билан ёндашиш керак. Сабаби, айрим давлатларда бундай қонунлар қабул қилинган бўлса-да, кўп ўтмай уларга жиддий ўзгартишлар киритилган. Таниқли ҳуқуқшунослар, турли соҳа мутахассислари баъзи давлатлардаги тижорат сири билан боғлиқ қонунларнинг аксарият моддалари ишламаётгани, тижорат сирига ёндашишларда айрим ҳолларда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари инобатга олинмаётганини таъкидлашмоқда. Шундан келиб чиқиб, фракциямиз қонун лойиҳаси бўйича қатор таклифлар билан чиқаяпти.

Алишер ТИЛЛАБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Аввало, қонун лойиҳасида тижорат сирига берилаётган таърифни аниқлаштириб олиш керак. Ҳозирги таъриф бўйича фан-техника ютуқлари, касбий малака билан боғлиқ ахборотлар ҳам тижорат сирига киритилиши мумкин.

Қонун лойиҳасида тижорат сирининг таркиби ва ҳажми унинг мулкдори томонидан белгиланиши назарда тутилаяпти. Мулкдор тижорат сиридан хабардор ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилаётганда, тижорат сирини ошкор этмаслик бўйича унга муддат белгилаш ҳуқуқига эга бўлаяпти.

Бундан келиб чиқадики, мулк­дор тижорат сирининг таркиби ва ҳажмини белгилаётганда, фан-техника ютуқлари, касбий малака билан боғлиқ ахборотларни ҳам тижорат сирининг бир қисми сифатида белгиласа, меҳнат шартномаси бекор қилинган шахс тижорат сири мулкдори томонидан кўрсатилган муддат тамом бўлгунча ишлаб орттирган касбий малакаси, тажрибасини ишлата олмайди.

Бизнинг фракциямиз фикрича, бундай меъёр белгиланиши ишлаб малака ва тажриба орттирган ходимларнинг меҳнат қилиш бўйича ҳуқуқларини  чеклайди, келгуси фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.

Шунинг учун қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида тижорат сирини ошкор этмаслик бўйича муддат белгиланиши масаласига чуқур ёндашиш, қонун лойиҳасида бу ҳақдаги меъёрларни аниқ-равшан белгилаб олиш зарур.

Қолаверса, қонун лойиҳасида тижорат сирига қўйиладиган талабларни ҳуқуқий жиҳатдан янада аниқлаштириш, тижорат сирини ҳимоя қилиш билан боғлиқ муносабатларни белгилашда ишчи-ходимларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳисобга олиш лозим.

Ҳафиза КАРИМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Агар тасодифан ёки хато ҳаракатлар оқибатида тижорат сири ўзгага маълум бўлиб қолса, тижорат сири мулкдори унинг махфийлигини сақлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Қонун лойиҳасига кўра, шундай меъёр белгиланиши назарда тутилган. Фракциямиз фикрича, бу — нотўғри.

Фараз қилайлик, ўз фаолиятини қандай юритаётгани, қандай фойда олаётгани, муваффақиятининг сирлари билан боғлиқ ҳужжатлар тадбиркорнинг эҳтиётсизлиги туфайли у билан танишиши мумкин бўлмаган ходимнинг қўлига тушиб қолди. Кейин нима бўлади? Қонун лойиҳасига мувофиқ, эҳтиётсизлик қилиб қўйган тадбиркор тасодифан тижорат сиридан хабардор бўлиб қолган ходимдан тижорат сирини сақлашни талаб қилади.

Яъни, тадбиркорнинг хатоси учун тадбиркор эмас, сирни тасодифан билиб қолган ходим жавобгар бўлади. Қонун лойиҳасида бир шахснинг эҳтиётсизлиги учун бошқа шахс жавоб бериши зарур, деган меъёр белгиланаяпти. Фракциямиз бунга қўшилмайди. Биз қонун лойиҳасидан мазкур меъёрни чиқариб ташлашни таклиф қилаяпмиз. Акс ҳолда, эртага бундан кўплаб муаммолар, адолатсизликлар, низолар келиб чиқиши мумкин.

Тижорат сири сақланиши учун, аввало, мулкдорнинг ўзи масъул бўлиши шарт. Шу боис қонун лойиҳасида тижорат сирини сақлаш чораларини кўриш бўйича мулкдорларнинг масъулиятини оширадиган меъёр кўзда тутилиши мақсадга мувофиқ.

Тижорат сири мулкдорининг ҳуқуқлари, тижорат сирини биладиган ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейинги ҳуқуқий муносабатлар, шунингдек, қонун лойиҳасидаги бошқа қатор масалалар бўйича ҳам ЎзХДП фракцияси ўз нуқтаи назари, таклифларига эга. Фракция «Тижорат сири тўғрисида»ги қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида уларни ҳимоя қилади.

Парламентдаги қонун ижодкорлиги жараёнида юзага келаётган фракциялараро тортишувлар қонун лойиҳаларини ҳар жиҳатдан такомиллаштириш устида бораяпти. Энг муҳими, ҳар бир фикр, ҳар бир таклиф қонун лойиҳасини кучайтиришга таъсир этади. Ҳаётий таклифларгина мустаҳкам қонунларга асос бўлади.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.