08.02.2014

КАСАНАЧИЛИК — ҚУЛАЙ ВА ФОЙДАЛИ МЕҲНАТ ТУРИ

уни ривожлантириш ЎзХДП дастурий мақсадларига хизмат қилади

Дилфуза Муродова Бухоро пахта тозалаш заводига касаначи сифатида ишга қабул қилинди. Рўзғорга, бола-чақа тарбиясига қараш билан бирга, у оила даромадига ҳам улуш қўшаётганидан мамнун. Энг асосийси, уйидан ҳам, ишидан ҳам кўнгли тўқ.

Мамлакатимизда касаначилик тез оммалашаётгани бежиз эмас, албатта. Меҳнатнинг бу шакли ишлаб чиқариш ҳажми, тури ва сифатини ошириш, иш ўринлари очиш, аҳоли турмуш даражасини юксалтиришда муҳим ўрин тутади. Айни вақтда ҳудудлардаги ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ кўпгина масалалар ечим топиши учун кенг йўл очади. Шу боис Ўзбекистон Халқ демократик партияси жойларда касаначиликни янада тараққий эттириш тарафдори.

Партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари касаначиликни ривожлантириш орқали янги иш ўринларини кўпайтириш борасида қатор ташаббусларни илгари сураяпти. Партия гуруҳлари йиғилишларида бу борадаги ишларнинг мониторинг хулосалари атрофлича таҳлил қилинмоқда.

Ўтган йили халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари ташаббуси билан касаначилик, уй меҳнати ва ҳунармандчиликни ривожлантириш, шу асосда янги иш ўринлари яратиш билан боғлиқ 9 та масала сессиялар муҳокамасига киритилди. 15 та масала партия гуруҳлари йиғилишларида кўриб чиқилган бўлса, доимий комиссиялар йиғилишлари кун тартибига эса 6 та масала олиб чиқилди.

Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи ёшлар, хусусан, коллеж битирувчилари бандлигини таъминлаш, уй меҳнатини ривожлантириш тўғрисидаги масалани ўрганиб чиқди.

Таъкидландики, Президентимизнинг «Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосида ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида ­коо­пера­цияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонини ҳаётга татбиқ этиш, касаначилар учун қулай шарт-шароит яратиш борасида Бухоро шаҳрида қатор хайр­ли ишлар қилинмоқда. Масалан, ўтган йили шаҳарда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дас­тури асосида 9560 та иш ўрни яратилган бўлса, шунинг 3000 га яқини айнан касаначилик ҳиссасига тўғри келади.

Партия гуруҳи томонидан ўтказилган мониторинг натижалари касаначиликни ривожлантириш, хусусан, касаначилик иш ўринларини ҳисобга олиш, касаначиларга асбоб-ускуналар ва анжомлар бериш, уйда ишлаб чиқариш билан боғлиқ харажатларни қоплашда камчиликлар борлигини кўрсатмоқда.

Шунингдек, айрим корхона ва ташкилотларда касаначи сифатида фаолият юритаётган ходимнинг меҳнатини қонуний ҳимоялаш, унга ҳақ тўлаш ва ҳужжатларни расмийлаштиришда муаммолар ҳам йўқ эмас. Айрим ҳолларда бир неча йилдан буён касаначи сифатида ишлаб келаётган хотин-қизларга ҳамон меҳнат дафтарчаси очилмаган.

Депутатларнинг қайд этишича, юқоридаги камчиликлар касаначилик иш ўринларининг қисқариб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Жумладан, ўтган йили «Бухорогўштсутсавдо» ОАЖ, «Бухоротаъмирлаш» ишлаб чиқариш кооперативи, ­«Бухоро­­­­­энергомарказ» ОАЖ ва «Нефтгазқурилиш таъмирлаш» ҳиссадорлик жамиятида касаначиларга буюртмалар бериш, ишлаб чиқарилган маҳсулот, кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўлашда айрим муаммолар юзага келган.

Хўш, бу борада депутатларда қандай таклиф бор?

Ҳамза МУҲАММЕДОВ, халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

 — Бу каби ҳолатларни бартараф этиш учун, аввало, аҳолининг ҳуқуқий билимини ошириш зарур, деб ўйлайман. Чунки айрим жойларда касаначи сифатида фаолият юритаётган шахс­ларга меҳнат дафтарчаси очилмагани аниқланди. Касаначи меҳнатнинг бу тури ҳақида ҳуқуқий билимга эга бўлса, унинг қонуний асосларини ҳам яхши билади. Шунда у ҳақ-ҳуқуқини ўзи ҳимоя қила олади.

Бундан ташқари, иш берувчи корхоналар раҳбарлари масъулияти ва жавобгарлигини ҳам ошириш керак.

Робия КАЗИМОВА, ЎзХДП Бухоро шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Шаҳримизда кўпчилик оилавий бизнес, ҳунармандчилик ва касаначилик билан шуғулланади. Бунда устоз-­шогирд анъанаси алоҳида ўрин тутади. Демак, устоз-шогирд ­анъа­насини янада ривожлантириш ўз иши, ҳунарини, касбини бошқаларга ўргатаётган устозларга имтиёзлар яратиш, шу орқали одамларнинг ўзини ўзи иш билан таъминлаш механизмини  йўлга қўйиш мумкин. Бу борада аҳолини иш билан таъминлашга қаратилган тадбирларни кўпайтириб, уларда касаначилар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаларини тез-тез ташкил этиш керак, деб ўйлайман.

Шунингдек, ҳудудларда нафақат тикувчилик, балки дурадгорлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, темирчилик, косибчилик, қандолатчилик ва шунга ўхшаш кўплаб соҳаларда ҳам касаначиликни кенг ташкил этиш, мазкур соҳада ҳунарли кишиларни ишлаб чиқарувчи корхоналар билан шартнома асосида ишлашини ташкил этиш бўйича тушунтириш-тарғибот ишларини кучайтиришимиз зарур.

 Режалар қандай?

Қаҳрамон КАРИМОВ, халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати:

— Ўтган йили депутатлик гуруҳимиз халқ депутатлари шаҳар Кенгаши сессияси кун тартибига ёшлар, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари банд­лигини таъминлаш, уларни касаначилик ва оилавий тадбиркорликка жалб этиш тўғрисидаги масалани олиб чиқди. Бандликни таъминлаш партиямиз ­дастурий мақсадларига ҳамоҳанг бўлгани боис жорий йилда сессияда қабул қилинган қарор ижросини ўрганиш, бу борада ­тегишли идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини сессияда эшитишни режалаштирдик. Касаначилар меҳнати қонуний ҳимоя қилиниши бўйича назорат-таҳлил ишларини изчил давом эттиришни белгилаб олдик. Бу биз учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки шу ишлар изчил йўлга қўйилса, ҳудудимиздаги кўплаб аёлларни иш билан таъминлаш имкония­ти кенгаяди.

Ҳақиқатан ҳам аҳоли бандлигини таъминлашда касаначилик муҳим аҳамиятга эга. Шу боис иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурида касаначилик асосида иш жойлари очиш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. 2014 йилда уй меҳнатининг, авваламбор, меҳнат шартномаларига асосланган касаначилик меҳнатини ривожлантириш орқали 221 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш мўлжалланаётгани соҳа ривожига эътибор юксаклигини кўрсатади. Шундан келиб чиқиб, жорий йилда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари бу борада депутатлик назоратини кучайтириши, хато ва камчиликлар бўйича таклифлар билан чиқиши лозим.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.