08.02.2014

МАЪНАВИЯТ ВА ИЛҲОМ МАНБАИ

«Туркистон» саройида буюк мутафаккир, улуғ шоир Алишер Навоий таваллудининг 573 йиллигига ­бағишлаб «Назм ва наво» кечаси, мусиқали-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, Бадиий академия, Матбуот ва ахборот агентлиги, «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси ва бошқа қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирга ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, маънавият тарғиботчилари, ўқитувчилар, табаррук онахон ва отахонлар, иқтидорли талаба-ёшлар таклиф этилди.

Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири М.Ҳожиматов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов ва бошқалар ­Пре­­зидентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёш авлодни соғ­лом, мустақил фикрлайдиган, юксак маънавиятли инсонлар этиб вояга етказиш, улар қалби ва онгига ватанпарварлик, истиқлол ғояларига садоқат, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини чуқур сингдириш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.

Истиқлол йилларида Алишер Навоий ижоди тўлиқ, ҳар томонлама тадқиқ этилмоқда. Унинг мукаммал асарлар тўплами нашр қилинди. Мутафаккир бобомиз асарлари умумтаълим мактаблари, коллеж ва лицейлар, олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот институтлари, маърифат муассасалари, ахборот-ресурс марказларида кенг ва атрофлича ўрганилмоқда. Шоир ижоди бастакор ва хонандалар, созандалар, мусаввирлар учун битмас-туганмас илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарида таъкидланганидек: «Инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Навоийдек теран ифода этган шоир жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади. Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга ­аввало, Навоий асари билан кириб келади. Биз бу бебаҳо меросдан халқимизни, айниқса, ёшларимизни қанчалик кўп баҳраманд этсак, миллий маънавиятимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни қарор топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўламиз».

— Буюк бобокалонимизнинг бой адабий мероси бадиий мукаммаллиги, маънавий-ахлоқий, тарбиявий нуқтаи назардан долзарблиги билан жаҳондаги барча халқларнинг маънавий мулкига айланган, — дейди Ўзбекистон халқ артисти ­Муножат Йўлчиева. — ­Навоий асарларининг сеҳри ва қудрати уларда инсоннинг маънавий камолотга даъват этувчи туйғулар, ҳамжиҳатлик, тинч­лик ва осойишталик, бунёдкорлик, ­ватанпарварлик, ҳалоллик сингари эзгу ғоялар бош мавзу сифатида тараннум этилишида ёрқин намоён бўлади.

«Назм ва наво» кечасида шоир ижодий меросининг ёшлар маънавиятини юксалтиришдаги ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Алишер Навоий ғазалларидан намуналар ўқилди, унинг асарлари билан айтиладиган қўшиқлар ижро этилди. Сарой фойесида Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди, бой адабий меросига бағишланган тасвирий ва амалий санъат кўргазмаси ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ­ишти­­­­­­рок этди.

Назокат УСМОНОВА,

ЎзА.



DB query error.
Please try later.