08.02.2014

АВСТРИЯ СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРИ

900 дан ортиқ, лекин аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган ғояларни илгари сурган партия парламентда кўпчилик ўрин эгаллади

Австрияда мамлакат даражасидаги ҳар бир ҳужжат, халқаро шартнома, дастур, давлат келажаги билан боғлиқ муҳим қарорлар бевосита сиёсий партияларнинг таклиф ва тавсиялари асосида қабул қилинади. Бундай тизим жамиятда ғоялар ва фикрлар хилма-хиллиги ривожланиши, халқ хоҳиш-иродасини намоён этиши, уларнинг ­мамлакат бошқарувида бевосита таъсирини ­оширишга имконият яратади.

Австрияда Қонун чиқарувчи ҳокимиятни икки палатали парламент — Миллий кенгаш (қуйи палата) ва Федерал кенгаш (юқори палата) амалга оширади. Мамлакатда сиёсий партия­лар шаклланиши учун кенг имконият яратилган ҳамда уларга давлат бошқарувини ташкил этиш бўйича катта ваколатлар берилган.

Бунинг натижасида мамлакатда 900 дан ортиқ сиёсий пар­­тия рўйхатдан ўтган. Аммо сўнг­ги сайловда саноқли партиялар парламентдан ўрин олишга эришди. Ҳозирги кунда парламентга 7 та сиёсий партиянинг вакиллари кирган бўлса-да, 5 та партия асосий ўринни эгаллаган. Шунга қарамасдан, охирги ўн беш йил давомида Австрияда янги-янги сиёсий партиялар шаклланишда да­вом этмоқда.

Вена университети профес­сори, сиёсатшунос Маркус Вагнер бу ҳақда шундай фикр билдирган: Австрияда кичик партияларнинг парламентда ва ҳукуматни шакллантиришда ўз ўрни бор. Буни сўнгги сайлов ҳам кўр­сатди. Ғолиб бўлган партиянинг муваф­фақиятга эришишида ҳу­дудларда фаолият кўрсатаётган кичик партияларнинг ҳиссаси катта бўл­ди. Шу орқали улар амалдаги ҳуку­матни шакллантиришда иштирок этиш имкониятини қўл­га киритди.

Бироқ айрим халқаро таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Авс­трия Миллий кенгашига бўлган охирги сайлов мамлакатда сиё­сий партиялар ҳаддан кўпли­гини кўрсатмоқда.

Австрия давлат бошқарувидаги ўзига хос хусусиятлардан бири маълум сиёсий партиялар маҳаллий ҳукуматларни шакллантиришда фаол иштирок этишидир. Жумладан, ўт­ган сайлов натижаларига кўра, 4 та сиёсий партия маҳаллий ҳукуматни шакллантиришда иштирок этди. Бу Австрияда бутун мамлакат бошқаруви вакиллик ҳокимиятининг қўлида эканини кўрсатиб турибди. Асо­сийси мазкур тизим маҳаллий ҳукуматни бошқаришда ҳам халқ вакилларининг иштирокини кенгайтиради, уларнинг хоҳиш-истакларини ифодалайди ҳамда демократик тамойилларнинг қарор топишига хизмат қилади.

2013 йил 29 сентябрда Авс­трия парламентига бўлган сайловда кутилганидек, Австрия социал-демократик партияси сайловчиларнинг 26 фоиз овозини қўлга киритиб, яна бир бор (2008 йилда бўлган сайловларда ҳам мазкур партия етакчи бўлган) ғолиб чиқди. Мазкур партия Миллий кенгашдаги 183 ўриндан 56 тасини, Федерал кенгашдаги 62 ўриндан 24 тасини қўлга киритди.

Бир неча сайловлардан буён ижтимоий соҳа харажатларини қисқартириш, иқтисодиётни чуқур ислоҳ қилиш ғояларини илгари сураётган, асосий электорати йирик сармоядорлар, ишбилармонлар ва фермерлар бўлган Австрия Халқ партияси мағлубиятга учради.

Хўш, бу қандай содир бўл­ди? Социал ғоялар кенг қўл­лаб-қувватланишига олиб келган омил нимада?

Австриянинг бугунги иқтисодий-ижтимоий ҳолатига эътибор қаратсак, иқтисодиёт барқарор ривожланаётганини кўрамиз. Инфляция ва ишсизлик даражаси ҳам Европа мамлакатлари орасида энг паст кўрсаткичлардан ҳисобланади. Шу боис сайловолди кампанияси даврида муҳокамалар ва тортишувлар марказига муҳим ижтимоий масала — мамлакатдаги мигрантлар муаммосини ҳал этиш кўтарилди. Шунингдек, асосий эътибор ички ижтимоий-иқтисодий масалаларни бартараф этишга қаратилди. Натижада энг кам ойлик иш ҳақи миқдорини ошириш, солиқ сиёсати, ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтиришга қаратилган таклифлар сайловчилар томонидан кенг қўллаб-қувватланди.

Партия етакчиси Вернер Фай­ман яна бир бор канцлерлик ла­возимини эгаллади.

Бу кўпчилик ривожланган демократик давлатларда бўлгани каби муайян сармоядорлар, тадбиркорлар, ишбилармонлар манфаатларини ҳимоя қилаётган ғояларнинг тарафдорлари камайиб кетаётганидан далолат беради. Аксинча, бюджетдан даромад олувчилар, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд кишилар манфаатлари, ёшлар бандлигини таъминлаш билан боғлиқ қарашларни ўзида ифода этган сиёсий кучлар аҳолининг кўпчилик қисми томонидан маъқулланмоқда.

Нурали ОРИПОВ


DB query error.
Please try later.