08.02.2014

НАВОИЙ ЖАҲОН АДАБИЁТИНИНГ БУЮК НАМОЯНДАСИ

Бу польшалик олим Януш Крзизовскийнинг сўзлари

Буюк шоир ижоди тарғиботчиси бўлган бу инсон 2013 йилда Алишер Навоий ғазалларини ­польяк тилига таржима қилиб, нашр эттирган эди. Худди шу йилнинг охирида эса унинг саъй-ҳаракатлари ­билан «Лисон ут-тайр» асари польшалик китобхонлар қўлига етиб борди.

Шунингдек, Януш Крзизовский Заҳириддин Муҳаммад Бобур рубоийларини польяк тилига ўгирган. Биз у билан интернет орқали ­боғландик.

— «Ўзбекистон овози» газетасида мен билан суҳбат уюштирмоқчи бўлганингиз учун олдиндан ташаккур билдирмоқ­чиман. Мен бундан жуда хурсандман ва бу билан фахрланаман, — деб ёзади у.

— Алишер Навоий асарларини польяк тилига таржима қилишингизга нима сабаб бўлди? Шоирнинг ғазаллари сизнинг руҳиятингизга қанчалик яқин?

— Талабалик йилларимданоқ Шарқ маданияти, фалсафаси ва ислом дини мени доимо ҳай­ратга солиб келган. Шу сабаб Осиё бўйлаб кўплаб саёҳатларга чиққанман. Бу жараёнда шарқ шеъриятига қизиқиб қолдим. Узоқ вақт Ҳиндистонда бўл­дим. Сафарим давомида Шарқ шоирлари асарларини таржима қилдим. Анча йиллардан бе­ри Варшавадаги Ҳинд-польяк маданияти қўмитасининг президентиман.

Албатта, Шарқ мамлакатлари­га қилган саёҳатим давомида Ўзбекистонга ҳам бордим. Бухорода Жаҳонгир Ашуров исм­ли миниатюрачи рассом студиясида бўлдим. Очиғи, унинг ижоди мени лол қолдирди. У ердан дўстларим учун бир қан­ча суратлар олдим. Улар орасида медицина фани асосчиси Абу Али ибн Синонинг ҳам сурати бор эди. Томоша қила туриб Алишер Навоий ғазаллар тўп­лами муқовасига ишланган суратга кўзим тушди. Аслида Навоийни анча олдин таниган бўлсам-да, ўша пайтда унинг асарларини таржима қилишни ўз олдимга мақсад қилиб қўй­дим. Орадан бир неча йил ўт­гач, бу ишни амалга оширдим. Рассом устахонасида Бобур сурати ҳам бор эди. Ҳалигача ўша миниатюрани олмаганимга ачинаман.

— Алишер Навоий шахси ҳақидаги фикрларингиз?

— Ижодкор шахсиятида мени қизиқтирган жиҳат у нафақат буюк шоир, балки давлат арбо­би ҳамдир. У яшаган даврда Ўрта Осиёда сиёсий вазият барқарор эмасди. Шундай бўл­са-да, Навоий қатъият кўрсата олган. Унинг машҳурлигининг бош сабаби ўз даврида яшаб ижод қилган кўплаб шоирларни, олим­ларни, мусаввирлар­ни, толиби илмларни қўллаб-қувватлагани бўлса керак.

Шунингдек, замона шоирлари форс тилида ижод қилаётган бир даврда Навоий туркий тилда «Хамса» яратиб, ўз тилини, халқини улуғлади.

Навоий нафақат буюк иқтидор эгаси, балки жуда меҳнатсевар ҳам бўлган. Унинг асарлари 20 томни ташкил этади. У Шарқ шоирлари орасида тенгсиздир. Навоий шу даражада иқтидорлики, биргина «Лисон ут-тайр» ҳар қандай китобхонни ўзига ром этади. Мен бу асарни польяк тилига ўгирдим ва 2013 йилнинг 24 декабрь куни китобнинг биринчи нусхаси қўлимга тегди.

Ўша пайтдаги қувончимнинг чеки йўқ эди. Бу нафақат икки халқ учун, балки бутун дунё адабиёти учун ҳам муҳим воқеа деб биламан.

Алишер Навоийнинг тасаввуфона ҳикоялари унинг ижодида алоҳида ўрин тутади. Аммо шоир ижодининг мана шу қирраси ҳалигача очиб берилмаган. Шунинг учун ҳам ғарбликлар шоир фақат ғазал ёзган деб ўйлайди.

Аслида бу борадаги муаммо таржима билан боғлиқ. Таржимон муаллиф қалбини, руҳиятини кашф эта олмас экан, яхшиси, бу ишга уринмагани маъқул. Шу нуқтаи назардан «Лисон ут-тайр» таржимаси қийин кечди. Бу ишда менга Навоий мухлислари бўлган ҳамкасбларим катта ёрдам беришди.

Навоийни ўқиш ва таржима қилиш жараёнида мен ўзимни гўё ўша даврда яшаётгандек ҳис қилдим. Буни оддий сўзлар билан тасвирлаб бўлмайди.

— Ўзбек адабиёти ҳақидаги фикрларингиз?

— Сўз айнан ўзбек адабиёти ҳақида борар экан, унинг энг баланд чўққиси, шубҳасиз, ­Навоийдир. Чунки ундан олдин юртингизда яшаб, ижод қилган шоирлар унинг даражасида кўп ва хўп ёзишмаган. Афсуски, бир вақтлар дунё халқлари адабиёти ҳақида маълумотлар кам эди. Ҳозир қайсидир маънода бу бўшлиқни интернет тўлдир­япти. Уйда туриб дунёнинг нариги чеккасида нашр қилинган китобларни ўқиш имконияти мавжуд.

Келажакда ўзбек адабиётининг бугунги вакиллари ижоди билан ҳам яқиндан танишиб, таржималар қилмоқчиман.

— Бобур шеъриятининг ўзига хос жиҳатларига тўх­талсангиз.

— 1989 йилда илк бор Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижоди билан танишганман. Польшада нашр қилин­ган ўзбек шеърияти антология­сини ўқиш асносида менда унинг ижоди ҳақида маълум тасаввур­лар шаклланди. Аввало Бобур шахсини ўргандим. Унинг ҳарбий тайёр­гарлик сирлари, жанг санъати мени ҳайратлантирди. Биласизми, нимадан ажаб­ландим? Шундай кучли жангчи, давлат арбоби қандай қилиб бунчалик дилбар рубоий ва ға­заллар ёза олган экан? Шу жиҳати билан ҳам Заҳириддин Муҳаммад Бобур жаҳон адабиётида алоҳида ўрин тутади.

Қани энди иложи бўлсайди, Навоий ва Бобур асарлари дунё­даги ҳамма тилларга таржима қилинса, инсоният бу маънавий меросдан баҳраманд бўлса.

— Ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз.

— 1939 йили Польшанинг Лодз шаҳрида туғилганман. Тиббиёт академияси ва Варшава университети фалсафа факуль­тетида таҳсил олганман. 1964 йилда Берлиндаги Гумбольт университетида докторлик даражасини олдим.

— 9 февраль — Алишер ­Навоий таваллуд топган кун Ўзбекистон халқи учун адабиёт, маънавият байрамидир. Мен сизни ҳам мана шу айём билан қутлайман.

— Навоий туғилган кун — мен учун ҳам жуда улкан шодиёна. Қани энди Ўзбекистонда бўлиб қолсам. Халқингиз қувончига ше­рик бўлсам, бошим осмонга етар эди. Илгари ҳам бу санада мени юртингизга таклиф қилишган. Насиб қилса, кузда Ўзбекистонга бориш ниятим бор. Айни пайт­да озарбайжонлик ҳамкасбларим билан Фузулий ғазалларини польяк тилига таржима қи­лаяпман.

— Ўзбекистон халқига тилакларингиз?

— Сизларга тинчлик, хотиржамлик тилайман. Юртингиз янада ривожлансин, гуллаб яшнасин! Жаҳонга машҳур аждодларингизга муносиб авлодлар камолга етаверсин ва улар ўз ватани бой анъаналарини асрасинлар, келажакка етказиб борсинлар!

«Ўзбекистон овози» мухбири

Темур АЪЗАМ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.