06.02.2014

ТАРҒИБОТ-ТАШВИҚОТ ИШЛАРИНИ КУЧАЙТИРИШ

партия дастурий мақсадларини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади

Сиёсий партия ғояси, дастурий мақсадларини аҳоли ўртасида тарғиб қилиш, тарафдорларни кўпайтиришда тарғиботчилар гуруҳлари зиммасига катта ­масъулият ­юкланади. Сиёсий партиялар ­ўртасида кураш кучайиб ­бораётган ҳозирги шароитда тарғибот ­ишлари таъсирчан­лигини ошириш нималарга боғлиқ?

ЎзХДП Марказий Кенгаши ва Сурхондарё вилоят кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган ўқув-семинарда бу масалага жиддий эътибор қаратилди. Унда партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари, халқ депутутлари Сурхондарё вилоят, туман, шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари, экспертлар, тарғи­ботчилар ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Семинарда партиянинг Сайловолди дастурий мақсадларини тарғиб қилишда замонавий коммуникация, сиёсий технология­лардан кенг фойдаланишни йўлга қўйишга зарурат кучайиб бораётгани, шунингдек, етакчилар нотиқлик санъатини оширишга эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Иброҳим ЁҚУБОВ, ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Биз вилоят ҳамда туман партия кенгашларидаги тар­ғиботчилар гуруҳлари фаолиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Айни пайтда вилоятда ЎзХДП­нинг 33 мингдан ортиқ аъзоси бор. Жойларда 138 нафар тарғиботчи 15 та гуруҳга бўлиниб, фаолият кўрсатмоқда. Менда иккита таклиф бор. Биринчидан, тарғиботчилар гуруҳлари сафига хотин-қизлар ва ёшларни кўп­роқ жалб қилиш лозим. Чунки, жойларда хотин-қизлар ва ёшларга дахл­дор масалалар нисбатан кўп. Улар билан айнан уларнинг муаммоларини яхши била­диган кишилар мулоқот ўт­казса, самаралироқ бўлади. Шу билан бирга олис қишлоқ ва маҳаллаларда истиқомат қилаётган аҳоли билан учрашувларни кўпроқ ташкил қилиш муҳим аҳамиятга эга. Одамлар билан суҳбатлашганда уларни қизиқтираёт­ган масалаларни партиямиз ғоя­лари билан боғлаб тушунтириш керак.

Тўра ЗОИРОВ, ЎзХДП Термиз туман кенгаши раиси:

— Ҳудудий партия ташкилотларида фаоллар, депутатлар, олимлар ва мутахассислардан иборат тарғиботчилар гуруҳлари тузилган. Уларнинг асосий вазифалари юртимизда бўлаётган ўзгариш ва янгиланишлар, олиб борилаётган ислоҳотлар, партия дастурий мақсад ҳамда вазифалари, мафкураси ва сиёсатининг мазмун-моҳиятини аҳоли, электорат вакилларига тушунтириш, уларнинг бу борадаги фикрларини ўрганишдан иборат.

Одамлар орасига кириб, улар билан мулоқот қилиш, фикр алмашиш осон иш эмас. Аввало, электорат орасида турли учрашувларни ташкил этишдан мақсадимиз аниқ бўлиши керак. Бирданига ЎзХДПнинг ғоялари ҳа­қида гап очсангиз сизни ҳам­ма бажонидил тингламаслиги мумкин. Чунки ҳар бир инсон, ҳар бир оиланинг биринчи, иккинчи ва ҳоказо даражали ташвишлари бор. Юқорида тўғри айтилди, биз партиямиз сиёсати тарғиботини уларнинг ҳаётига боғлаб тушунтирсак, мисоллар билан фикримизни исботлаб берсаккина биз­ни тинглашади, икки томонлама мулоқотнинг самараси юқори бўлади.

Аҳрор МЕЛИЕВ, Денов маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи директори ўринбосари, ЎзХДП фаоли:

— Тарғиботчи қайси аудиторияга кираётганига қараб мавзулар бўйича алоҳида тайёргарликка эга бўлиши керак. Мисол учун, ёшлар билан учрашув дейлик. Нотиқ, аввало, ёшларнинг ҳаётини яхши билиши, ютуқлари-ю муаммоларидан чуқур хабардор бўлиши шарт. Аксинча бўлса аудитория уни қабул қилмайди.

Маълумки, бугунги ҳаётимизни замонавий технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шундай экан, тар­ғибот ишларини нафақат учрашувлар ташкил этиш йў­ли билан, балки замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситасида мах­сус дастурлар орқали ҳам олиб бориш бугунги куннинг муҳим талабидир.

Исмоил БОТИРОВ, Термиз Археология музей директори, ЎзХДП фаоли:

— Фаолиятимиз ривожи кўп жиҳатдан бошланғич ташкилотлар ишини қандай ташкил этишимизга боғлиқ. Қуйи бўғиннинг мустаҳкам бўлиши тарғиботнинг самарали бў­лишида катта аҳамиятга эга. Тарғибот-ташвиқот гуруҳлари аҳоли орасига чуқур кириб боришда, аввало, бошланғич ташкилотларга суяниши керак.

Бундан ташқари, табиийки, учрашувлар вақтида киши­лар кўпгина муаммоларни ҳам кўтаради. Тарғиботчилар уларни албатта депутатларга етказиб, масала ҳал этили­шини назорат қилса, партия­мизга, унинг ғояларига ишонч янада мустаҳкамланади.

Семинарда тарғибот ишларини такомиллаштириш, тарғиботчилар гуруҳлари ишларини кучайтириш бўйича яна кўплаб фикрлар билдирилди. Улар асосида тегиш­ли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.