06.02.2014

ЭРКИН АХБОРОТ МАЙДОНИ

уни ташкил қилишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Бу ўз навбатида, ахборот олиш борасидаги конституциявий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг масъулияти ҳамда жавобгарлигини оширишга хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этади.

Конституциямизда ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлигига, ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ҳамда уни тарқатиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Шу асосида соҳага оид қатор қонун ҳужжатлари қабул қи­линди. Хусусан, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида», «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида», «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида», «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги ва бошқа бир қатор қонунлар оммавий ахборот воситаларини эркин ва жадал ривожлантириш, ахборот соҳасининг ҳуқуқий кафолатларини янада мустаҳкамлади.

Бу масс-медиа тармоқларининг сони, фаолияти изчил юк­салиб бориши учун катта имко­ният яратмоқда. Масалан, сўнг­ги йилларда ОАВ, нашриёт, матбаа корхоналари ва матбуот тар­қатувчи ташкилотлар учун қўшимча солиқ имтиёз­ла­ри, преференциялар бе­рилди. 2000-2010 йиллар ичи­да мамлакатимизда босма оммавий ахборот воситаларининг сони 1,5, электрон омма­вий ахборот воситаларининг сони эса 7 баробарга кўпайди. Бугунги кунга келиб эса уларнинг умумий сони 1372 тани ташкил этмоқда.

Албатта, эътибор ва рағбат оммавий ахборот во­ситалари фаолиятини янги босқичга кўтаришни, фуқароларни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида холис, тезкор ва батафсил хабардор қилиш, аҳолининг давлат ва жамият қурилиши жараёнларида фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади.

Давлат органлари очиқлиги ахборот олиш имкониятларини кенгайтиради

Бугун давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолияти очиқ ва ошкора олиб борилишини замоннинг ўзи талаб қилмоқда. Бундай ҳуқуқий меъёрлар Конституциямиз ва қатор қонунларда ўз аксини топган. Шунга қарамай, бу борадаги барча меъёрларни яхлит қонун сифатида шакллантиришга зарурат туғилди. Шундан келиб чиқиб, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Давлатимиз раҳбарининг «Дав­лат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқ­лиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳа­си синови бўйича ҳуқуқий экс­пе­римент ўтказиш ҳақида»ги Фармойишига асосан ўтган йилнинг март-декабрь ойларида Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги давлат органлари негизида қонун лойиҳаси ҳуқуқий таж­рибадан ўтказилди. Миллий қо­нунчилигимиз ва қонун ижодкорлиги жараёнида бу янги демократик метод сифатида амалда ўз самарасини кўрсатди.

Ҳуқуқий экспериментнинг даст­лабки босқичида зарур ташкилий-ҳуқуқий база тайёрланиб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти регламентлари қонун лойиҳаси меъёрлари белгилайдиган очиқлик тамойили нуқтаи назаридан ишлаб чиқилди. Жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари эксперимент вазифалари, мақсади, тартиби ва бошланиши ҳа­қида хабардор қилинди.

Асосий босқичда эса маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ОАВ, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда бош­қа ахборотдан фойдаланувчи­ларнинг фаолияти эксперимент ўтказиш тартибига мувофиқ ташкил қилиниб, қонун лойиҳаси нормаларининг самарадорлиги комплекс баҳоланди. Шунингдек, аҳоли манфаатларига бевосита дахлдор бўлган масалалар юзасидан давлат органлари раҳбарларининг қабул қилаётган қарорлари мазмун-моҳиятини матбуот анжуманлари, брифинглар, интервьюлар орқали тушунтириш ва бу борада самарали ташкилий-ҳуқуқий усулларни ишлаб чиқишга эришилди.

Якуний босқичда ҳуқуқий эксперимент субъектлари эксперимент натижаларини умумлаштириб, таҳлил қилди ҳамда қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан асосланган тавсиялар ишлаб чиқилди. Шу жараёнда ҳуқуқий эксперимент субъектлари ҳисобланган маҳаллий давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари ахборот хизматлари, веб-сайтлари фаолия­ти тубдан янгиланди, мазмунан бойиди. Пировардида аҳоли давлат органлари фаолиятидан яқиндан бохабар бўлиши учун ўзига хос платформа яратилди.

ОАВнинг иқтисодий асослари янада мустаҳкамланади

Давлатимиз раҳбари Конститу­циямиз қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида «Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида», «Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида»ги қонунларнинг муҳокамасини тезлаштириш ва қабул қилиш даркорлигини алоҳида уқтириб ўтди.

Чунки «Оммaвий axборот воситa­лaри фaолиятининг иқтисодий aсос­лaри тўғрисидa»ги қонун лойиҳасида оммавий ахборот воситалари мол-мулки, унинг фаолиятини молиялаштириш манбалари, тадбиркорлик фаолияти, таҳририят ходимининг фаолиятини рағбатлантириш каби ҳуқуқий меъёрлар белгиланиши кўз­да тутилмоқда. Бунда оммавий ахборот воситасининг устав фонди, устав фаолиятини амалга ошириш жараёнида олинган моддий ва номоддий активлар, тадбиркорлик фао­лиятини амалга оширишдан олинган даромад ва фойда, оммавий ахборот воситасининг мол-мулкини шакллантириш манбаларининг турлари кўрсатилиши мўлжалланмоқда. Қолаверса, унда оммавий ахборот воситасининг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланиши бозор иқтисодиёти шароитида унинг иш самарадорлигини оширишда муҳим асос бўлади.

«Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида»ги қонун ло­йиҳаси эса давлат томонидан кўрсатиладиган ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий мадад ҳамда кўмакларни белгилаш, уларни амалга ошириш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга йўналтирилган.

Шу боис унда ОАВни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий кафолатлари, тамойиллари, шакл­лари ва инфратузилмасини белгилашга оид нормалар кўрсатиб ўтилиши назарда тутилмоқда. Бу соҳани янада эркинлаштириш, миллий ахборот бозо­рида ижтимоий аҳамиятга молик ахборотлар салмоғини ошириш, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, ижтимоий буюртмаларни бажара­диган оммавий ахборот воситаларига солиқ, божхона тўловларида имтиёзлар бериш миллий ахборот маконини ривожлантиришда алоҳида аҳамиятга эга бўлади, деб ҳисоблайман.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида Конституцияда белгиланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оғишмай риоя қилиш ҳамда уларни ҳимоя қилишни таъминлаш устидан фаол жамоатчилик назорати ва ошкоралик институти сифатида мустақил оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш масалалари илгари сурилган. Демак, ахборот соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган ислоҳотлар партиянинг устувор вазифалари амалга ошиши учун кенг шароит яратади.

Шу боис Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари соҳага тегишли қонунлар ҳамда ҳукумат қарорлари ижроси устидан парламент ва жамоатчилик назоратини изчил амалга ошириши лозим. Бундан нафақат партия, балки ОАВ ва энг муҳими, бутун жамият катта манфаат кўради.

Дилбар ХОЛИҚОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.



DB query error.
Please try later.