06.02.2014

ПАРТИЯ ГУРУҲЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ КЕНГАЙТИРИЛДИ

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва демократик янгиланишлар самараси иқтисодиётимизнинг тобора ривожланиб, халқимиз турмуш даражасининг юксалиб бораётганида яққол намоён бўлмоқда. 

Бу жараёнда давлат ҳокимия­ти органларини шакллантиришда жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқаришга интилувчи ҳамда ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этишда қатнашувчи сиёсий партиялар ҳам муҳим ўрин тутаётир.

Шу боис мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг аниқ устувор йўналишларини белгилаб олишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича стратегик вазифаларни ҳал этишда уларнинг иштирокини кенгайтириш демократик ислоҳотларни изчил амалга оширишнинг муҳим омилларидан биридир.

Таъкидлаш жоизки, мустақиллик йилларида сиёсий партияларнинг кенг кўламли фаолият юритишини таъминлайдиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Халқаро андозаларга тўла жавоб берадиган бу ҳуқуқий асослар сиёсий партияларнинг ваколатларини янада кенгайтириш билан бирга, уларнинг жамиятимиздаги ўрни, нуфузи ва мав­қеи мустаҳкамланишига замин яратди.

Шу билан бирга, тезкор замон талаби ҳамда жамият ижтимоий-сиёсий ривожидан келиб чиқиб, соҳага оид қонунчилик изчил такомиллаштирилиб борилмоқда. Жумладан, жорий йил 21 январда матбуотда эълон қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимча киритилди. Бундан кўзланган мақсад маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларидаги партия гуруҳлари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш ва такомиллаштиришдир.

Аввало, «партия гуруҳи» тушунчасига ойдинлик киритайлик. Бу — сиёсий партиядан кўрсатилган депутатлар томонидан партия манфаатларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ифодалаш мақсадида тузиладиган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган депутатлар бирлашмасидир.

Мазкур янги қонунга кўра, партия гуруҳини ташкил қилиш тартиби ва шартлари жорий этилди. Хусусан, Қорақал­поғис­тон Республикаси Жўқор­ғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашларидаги ҳамда шаҳарлардаги (вилоятлар марказларидаги) партия гуруҳларини ташкил этиш учун депутатларнинг энг кам миқдори беш нафар этиб белгиланди.

Амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлар билан бир қаторда партия гуруҳларига янги ҳуқуқлар берилган. Чунончи, бу нормалар «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонунга киритилган янги 141-моддада ўз ифодасини топган. Унга кўра, партия гуруҳлари давлат ҳокимиятининг тегишли вакиллик органи комиссияси кун тар­тибини тузишда иштирок этади, давлат ҳокимиятининг тегишли вакиллик органи қўмиталари ёки комиссиялари раислигига, раис ўринбосарлиги ва аъзолигига номзодлар юзасидан таклифлар киритади.

Эндиликда партия гуруҳи тегишли равишда Қорақалпоғис­тон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг раисига ва Вазирлар Кенгашига, вазирларга ҳамда бошқа давлат органлари раҳбарларига, ҳокимларга, ҳоким ўринбосарларига, ҳо­ким­ликлар бўлим ва бошқармаларининг раҳбарларига, тегишли халқ депутатлари Кенгаши ҳудудида жойлашган корхона, муассаса ва ташкилотларнинг раҳбарларига сўров билан мурожаат қилиши мумкин.

Партия гуруҳлари тегишли ҳудудда жойлашган давлат органи раҳбарининг ўз фао­лия­ти юзасидан ҳисоботи ёки ахборотини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари Кенгашининг сессияларида эшитиш ҳақида таклифлар киритади. Бунда қарор депутатларнинг ярмидан кўпи қўллаб-қувватлаган тақдирда қабул қилинади.

Шу билан бирга, партия гуруҳларининг тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари Кенгашига киритиладиган масалалар бўйича таклифи, албатта, кўриб чиқилади.

Мухтасар айтганда, амалдаги қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва янгиликлар сиёсий партияларнинг жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш билан боғлиқ ғоят муҳим вазифаларни ҳал қилишдаги ролини мустаҳкамлаш, сайловолди платформаси ва дастурий мақсадларини самарали амалга оширишдаги фаоллигини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Давронбек ОЛИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти етакчи илмий ходими.

(ЎзА)



DB query error.
Please try later.