04.02.2014

ЭЛЕКТОРАТ ИШОНЧИ

зиммамизга катта масъулият юклайди, муаммолар ечими бўйича амалий ишларни янада кучайтиришни талаб этади

ЎзХДП Марказий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан электорат манфаатларини ҳимоя қилишда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишлаб минтақавий семинар ўтказилди.

Семинар ноодатий тарзда ташкил этилиб, фикр-мулоҳазалар ўртага ташлангач, мунозаралар бўлди, таклиф-тавсиялар билдирилди.

Президентимизнинг Конституция байрамидаги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидаги маърузаларида кўтарилган масалалар, сиёсий партиялар фаолияти ҳақида билдирилган фикрлардан келиб чиқиб, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ЎзХДПнинг ўрни ва иштирокини янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Улуғбек ВАФОЕВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари:

— Партиянинг Сайловолди дастурида ЎзХДП ғоялари, стратегик мақсадлари ўз ифодасини топган. Шу билан бирга, ушбу вазифаларни амалга ошириш учун 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури қабул қилинган. Демак, биз учун мазкур Ҳаракат дастури ижроси ўта муҳим аҳа­мият­га эга. Бугунги семинардан кўзланган мақсад ҳам ўтган давр мобайнида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари томонидан электорат манфаатларини таъминлаш, хусусан, бандлик дастури ижроси билан боғлиқ ишларни комплекс таҳлил этиб, фаолиятимизни янги босқичга кўтариш борасида зарур тавсиялар ишлаб чиқишдир.

Таҳлилларга кўра, баъзи партия гуруҳларимизда сусткашлик кузатилмоқда. Айрим партия гуруҳлари йил давомида бирорта масалани сессия муҳокамасига киритмаганини қандай изоҳлаш мумкин? Тўғ­ри, сессияга масала киритиш — мураккаб жараён. Ҳеч бўл­маганда, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, электорат манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни партия гуруҳлари ўз йиғилишларида ёки доимий комиссияларда муҳокама этилишини изчил йўлга қўйиши керак.

Бугунги кун депутатлар олдига долзарб вазифаларни қўймоқда. Ишонч, масъулият туйғусини янада чуқурроқ анг­лашимиз зарур. Ҳар бир депутат, ҳар бир партия фаоли ана шу мезонлар асосида ишласа, дастурий мақсадларимиз амалга ошади, одамларнинг партияга, унинг депутатларига бўлган ишончи мустаҳкамланади.

Рўзибек ТЎРАЕВ, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари:

— Маҳаллий кенгашлар сессияларида муҳокама этилаётган масалалар ўша ҳу­дудга тааллуқли хусусиятлардан келиб чиқади. Шу боис пойтахтимизда долзарб муаммоларни ўрганиш ва уларга ечим топишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Хусусан, ижтимоий соҳани ривожлантириш, иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, уй-жойлар қу­риш, аҳоли пунктларини ободонлаштириш, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш каби муҳим масалалар партия фаоллари ҳамда депутатларнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда.

Биргина мисол, Тошкент шаҳрида ҳар шанбани тозалик куни деб эълон қилиш партия гуруҳимиз ташаббуси билан сессияда кўрилган эди. Бугунги кунда шанба куни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш куни сифатида белгилаб қўйилди.

Ўтган йил давомида партия Ҳаракат дастури ва бошқа ҳудудий дастурларда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари томонидан жойлардаги турли ижтимоий-иқтисодий масалалар ўрганилди ҳамда муҳокама этилди. Жумладан, 2013 йилда халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи томонидан 18 та масала таҳлилий ўрганилди. Шундан 5 таси доимий комиссиялар мажлисларида, 5 таси эса сессияларда муҳокама этилди ҳамда кўтарилган муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди.

Келтирилган ушбу далиллар хотиржамликка берилишимизга асос бўла олмайди. Партия гуруҳимиз ўз ишини танқидий таҳлил қилиши, муаммоли масалаларни чуқур ўрганиши, уларни бартараф этиш чораларини кўриши лозим.

Маъмура ЭРГАШЕВА, ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши аҳоли бандлиги ва ижтимоий сиёсат масалалари бўлим мудири:

— 2013 йилда минтақавий ташкилотларимиз ҳамда партия гуруҳларимиз фаолияти доимий кузатиб, таҳлил этиб борилди. Ҳар ойда вилоят кенгаши ҳамда туман кенгашларидаги партия гуруҳларини тегишли тавсиялар билан таъминлаш йўлга қўйилди. Бу эса ўз натижасини бермасдан қолмади, албатта.

Ўтган йилда халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи томонидан ўтказилган мажлисларда 19 масала кўриб чиқилди. Шулардан 15 масала доимий комиссияларда, 18 таси эса сессияларда муҳокама этилди. Шунингдек, жойларда учраётган иқтисодий-ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари томонидан 40 дан ортиқ депутатлик сўрови давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари раҳбарларига юборилди.

Сессиялар, доимий комиссиялар йиғилишларида масалани бир томонлама муҳокама этмасдан, унга дахлдор ташкилот, корхона раҳбари, ижро ҳокимияти вакилининг иштироки таъминланди. Шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгашлари сес­сия­ларида мансабдор шахсларнинг ахборот ва ҳисоботларини эшитиш амалиёти йўлга қўйилмоқда. Бу эса ўз-ўзидан электорат манфаатлари таъминланишига, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига хизмат қилади.

Семинарда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли банд­лигини таъминлаш дастури ижроси, касб-ҳунар кол­лежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масалаларида фракция, маҳаллий партия ташкилотлари ва партия гуруҳлари ҳамкорлигини кучайтириш бўйича таклифлар билдирилди. Баҳс-мунозаралар бўлди.

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири бу уларнинг бандлигини таъминлашдир. Шу боис ҳар йили парламентимиз томонидан махсус дастур қабул қилинади. Унинг жойлардаги ижроси борасида, энг аввало, маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамда фракция аъзолари ҳамжиҳатликда иш олиб бориши керак.

Марказий Кенгашнинг Аҳоли бандлиги ва ижтимоий сиёсат масалалари бўлими фаолиятида изчиллик, таҳлил, таклиф, мониторинг ўтказиш ишларига алоҳида аҳамият қаратиш зарур. Фракция ва партия гуруҳларининг ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкамланиши, ҳамкорликдаги амалий ишларни кучайтириш лозим.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2014 йил 1 январь ҳолатига кўра, республикамиз миқёсида касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлиги 82 фоизни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич Тошкент вилоятида 77 фоиз эканлиги билан мутлақо келишиб бўлмайди. Нимага мазкур ҳудуддаги депутатларимиз мавжуд аҳволни ўнглаш бўйича ўз таклифларини билдирмаяпти?

Боймурод ЮСУПОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши Аҳоли бандлиги ва ижтимоий сиёсат масалалари бўлим мудири:

— Юқорида депутатимиз айт­ган фикр­лар тўғри. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор. Айрим коллежларда ўқувчиларнинг қай даражада билим олаётгани, давомати масаласини ҳам ўрганиб чиқишимиз лозим. Бу борада энг олдин ота-оналар масъулиятини ошириш керак. Улар давлатимиз томонидан яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, фарзандларини касб-ҳунар эгаллашига эътибор қаратиши зарур. Кадр­лар тайёрлаш Миллий дастурига кўра, коллежни битираётган ўқувчи бир эмас, икки-уч касбни эгаллаши керак. Аммо таҳлиллар бу борада қатор камчиликлар борлигини кўрсатмоқда. Ўз соҳасини пухта эгаллаган мутахассис ҳар бир корхона-ташкилотга керак бўлади.

Семинарда ҳар бир масала юзасидан ана шундай тортишув, баҳс-мунозара бўлиб ўтди. Якунда энг мақбул таклифлар инобатга олинди. Семинар якунлангач, ЎзХДП Ўрта Чирчиқ туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Эгамберди Эрназаровнинг фикрлари билан қизиқдик.

—  Ҳар бир семинар, давра суҳбатига келишдан олдин мавзуни чуқур ўрганаман, — дейди у. — Муҳокама этилаётган масала юзасидан ўз таклифларимни тайёрлайман, туман кенгаши ва партия гуруҳи фаолиятини таҳлил этаман. Бугунги семинар кутганимдан ҳам яхши ўтди. Айни пайтда партия гуруҳимизда 12 нафар депутат фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йил давомида 2 масалани доимий комиссияларда, 4 масалани сессиялар муҳокамасига киритишга эришдик. Улар орасида энг муҳимларидан бири коллеж битирувчиларини эгаллаган мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштиришдир. Ҳозирда сессия қарори ижроси юзасидан депутатлик назорати ўрнатилган. Жорий йилда ҳам Ҳаракат дастурида белгиланган ҳамда маҳаллий дастурлар ижроси юзасидан изчил фаолият юритишга ҳаракат қиламиз. Бир сўз билан айтганда, электорат бизга ишонади. Зиммамизга масъулият юклайди, муаммоларнинг аниқ ечимини кутади.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.