Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
04.02.2014

БОЛАЛАР СПОРТИ

Бу — энг ноёб тарбиячи ва шифокор, фарзандларимизни турли иллатлардан ҳимоя этувчи мустаҳкам қўрғон, куч-қудрат манбаи

Бугун болалар спортини ривожлантириш учун олиб борилаётган ишлар замирида соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш, миллат саломатлигини мустаҳкамлашдек улуғ мақсад ётгани кўпчиликка яхши маълум. Бу жамғарма жуда чуқур ўйлаб, узоқни кўзлаб ташкил этилганига ҳам бугун барчамиз иқрор бўлаяпмиз. Жамғарма шарофати билан амалга оширилган улкан ишларни кўриб ғурурланяпмиз.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик Кенгашининг навбатдаги йиғилишида жуда муҳим маълумотлар келтирилди. Ўтган йили 113 спорт иншооти ва сузиш ҳавзаси, 55 болалар мусиқа ва санъат мактаби қурилиб фойдаланишга топширилди. Яқин ўтмишда бир йилда шунча спорт, санъат масканлари барпо этилиши тушимизга ҳам кирмасди. Буларнинг 132 таси қишлоқ жойларида қурилганини айтмайсизми? Қачон бундай ишлар бўлган? Қайсидир бир туманда йиллар давомида битта спорт ёки санъат биноси қурилгудек бўлса, катта воқеа ҳисобланарди.

Бугун ўзбек болалари халқаро мусобақаларда эришаётган ғалабаларга қараб яна ўйлайсан киши: мустақилликдан олдин буни ҳатто орзу қилиш ҳам хаёлимизга келмаган. Ўзбек боласи нуфузли мусобақаларга муносиб кў­рилмаган. Агар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2002 йилда Ўзбе­кис­тон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси тузилмаганда бунча спорт иншоотлари қаердан қуриларди, болаларимизнинг бунақа ғалабаларини кўриш насиб этармиди?..

Булар масаланинг бир томони, спортнинг фарзандларимиз саломатлигини мус­таҳкамлашга қўшаётган ҳиссаси эса энг муҳим ютуғимиздир. Айрим рақамларга эътибор берайлик, 2005 йилда юртимизда мутлақо соғлом болалар кўрсаткичи 52,7 фоизга етганди. 2010 йилда бу кўрсаткич 62,6 фоизни ташкил этган. Маълумотларга қараганда, дунёнинг энг ривожланган мамлакатларида бу кўр­саткич 70-72 фоиз атрофида. Бу рақамлар аҳамиятига холис баҳо бериб, хулоса чиқариш учун 1990 йиллар бошида оналар ва болалар, умуман, халқимиз саломатлиги қай аҳ­волда бўлганига эътибор қаратиш керак бўлади. Ўша пайтларда оналар ва болалар ўлими мутлақо сир сақланганининг ўзи аҳвол даҳшатли даражада бўлганини кўрсатади.

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов ўзининг «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» китобида шундай ёзади: «Миллатнинг зурриёд фон­дини, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, ҳалокатдан сақлаб қолиш учун кенг кўламдаги тадбирларнинг катта комплексини амалга ошириш керак бўлади. Муаммо аллақачон вилоятлар доирасидан чиқиб, умумдавлат вазифаси даражасига кўтарилди».

Бу ташвишли гаплар 1990 йил 20 июнда Ўзбекистон ССР Олий Советининг иккинчи сессиясида айтилган эди. Ўша замонда қайси туманда қанча трактор, қанча пахта экиладиган майдон борлиги, қанча тонна пахта олинаётганини ҳамма раҳбарлар яхши биларди. Афсуски, Ўзбекистонда оналар ва болалар ўлими собиқ иттифоқда энг юқори кўрсаткичга чиқиб кетгани ҳеч кимни ташвишлантирмасди. Республикамизда дармонсиз оналар, касалманд болалар йилдан-йилга кўпайиб бораётгани билан ҳам ҳеч кимнинг иши йўқ эди.

Юрт­га раҳбар келгач, аҳоли саломатлигини муҳофаза этиш, мустаҳкамлаш бош масалалардан бири сифатида кун тартибига қўйилди. Чунки мустақиллик тақдири, келажаги миллат саломатлигига боғлиқ эди. Соғ­­лом одам, соғлом халқ катта ниятлар билан яшаши, носоғлом киши, носоғлом миллат ўз ташвишига ўралашиб қолиши такрор ва такрор таъкидланди. Айни чоғда амалий ишларга да­дил киришилди. Дастлаб «Соғ­лом авлод» жамғармаси ташкил этилди. Миллионлар ўйини ҳисобланган футболни ривожлантириш, янада оммалаштириш орқали болалар ва ёшлар саломатлигини мустаҳкамлаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш­га эътибор қаратилди. Жойларда янги футбол мактаблари, майдонлари, стадионлар барпо этилди. Футбол мактаблари ва клубларига катта имтиёз­лар берилди. Сўнгра болалар ва ёшларни босқичма-босқич қамраб олади­ган «Умид ниҳоллари» — «Бар­камол авлод» — Универсиада спорт ўйинлари ташкил этилди. Бу саъй-ҳаракатларнинг бар­часини моддий жиҳатдан қўл­лайдиган тизим — Болалар спортини ривожлантириш жам­ғармаси ташкил этилди. Ўтган давр мобайнида бу жамғарма ўзи­ни тўла оқлади ва тўғри йўл тутилгани исботланди. Бугун Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, ­Андижон, Наманган, Хоразм, Қорақалпоғистон дейсизми, қаерга борманг, бири-биридан гўзал, замонавий спорт иншоот­ларини кўрасиз.

Болалар спортини ривожлантириш йўлида кўп меҳнат қи­линди, турли хил муаммоларни енгиб ўтишга тўғри келди. Аммо энг оғир, мураккаб ишлардан бири катта-кичик раҳбарлар онгида спортга муносабатни ўз­гартириш бўлгани ҳақиқат. Спортга шунчаки ўйин, бекорчиликда шуғулланиладиган маш­ғулот, деб қаровчи раҳбарларни қўзғатиш, ҳаракатга келтиришда Президентимизнинг спорт ҳақида билдирган фикрлари, спортга шахсий муносабати, спортчи ва мураббийларга маънавий-моддий жиҳатдан кўрсатган ғамхўрликлари муҳим аҳамият касб этди.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик Кенгашининг кечаги йиғилишида айтилган гаплар ҳар бир ота-онани, катта-кичик раҳбарларни ўйлашга, тегишли хулосалар чиқариб олиш­га даъват этмоқда.

Биз, аввало, ўзимизга бир саволни бермоғимиз керак: Президент беҳисоб вазифалардан ортиб, вақт топиб, бу масалага нега бунчалик жиддий эътибор қаратмоқда, нега вазирлар ва ҳокимларни болалар спортини ривожлантиришга бевосита масъул қилиб тайинлади? Бу нимани англатади?..

Спорт болани нафақат жисмонан чиниқтиради, балки курашга, мақсад сари интилишга ўр­гатади, иродасини тоблайди, оғир вазиятлардан сабот билан чиқишга, ўз шаъни, Ватан шаънини ҳимоя қилишга ўргатади.

Давлатимиз раҳбари спортнинг бундай хусусиятлари тўғ­рисида кўп фикрларни билдирган. Болалар спортига бағишланган навбатдаги йиғилишда Юртбошимиз яна бир фикрни илгари сурди: — Оила қачон бахтли бўлади? Аёл бахтли бўлса! Аёл қа­чон бахтли бўлади? Фарзандлари соғ-саломат бўлса! Бунинг учун оилада соғ­лом муҳит шаклланиши, аввало, ота-она спорт билан шуғул­ланиши керак.

Бу нима дегани? Спорт болани ёмон йўллардан, фалокатлардан, бахтсизликдан, ота-онани эса алам-изтиробдан, ғам-ташвишдан асраб қолади, дегани. Бунинг баҳосини ўлчаб бўладими?..

Шу ўринда яна бир фикр хаёлга келади. Президент мамлакатимиз болалари соғлиғи, бахти, келажагини ўйлаб шунчалик жон куйдираётган бир пайтда ота-оналардан нима талаб этилади?.. Бу саволга ҳар ким ўзи жавоб топиши керак. Ҳаёт синовидан ўтган бир аччиқ ҳақиқат бор. Бугун фарзандини етаклаб спорт майдонларига олиб боришга эринаётган, лоқайд қараётган ота-она эртага дорихонага, шифохонага югурадиган бўлади. Бугун фарзандига вақт ажрата олмаётган ота-онанинг кексалиги ташвиш билан ўтади...

Давлатимиз раҳбари нутқида болалар спорти объектларини қуриш ҳеч қачон тўхтамаслиги, бу ишлар изчил давом эттирилиши, 2014 йилда яна 115 спорт объекти қурилиши таъкидланди. Булар ҳаммаси, аввало, болаларимиз бахти, келажагини ўйлаб қи­линмоқда, албатта.

Йиғилишда айтилган яна бир гап кишини ҳаяжонга солади. «Болаларимиз учун барпо этиладиган ҳар бир иншоотни қалб қўримизни бағишлаб қуришимиз керак». «Қалб қўримизни» деган бу икки сўз замирида бир дунё меҳр мужассам эмасми?

Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш бў­йича қилинаётган ишларга қа­раб туриб кўнгилда шундай бир ёруғ ишонч туғилади: Вақти келади, бугунги меҳнат, сарф-харажатлар ўзининг ширин мевасини беради. Ўзбек халқи дунёда энг соғлом, энг узоқ умр кўрадиган халқ бўлади. Юртимиздаги соғлом турмуш тарзига бошқаларнинг ҳаваси келади. Ўзбек спортчиларининг донғи оламни тутади...

Ўшанда бу ютуқлар, ғалабалар омиллари билан кимлардир қизиқади, кимлардир тад­қиқотлар ўтказади. Улар ўз саволларига жавобни бугунги кунлардан, болалар спортини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлардан топади. Шундай бўлади...

Сафар ОСТОНОВ


DB query error.
Please try later.