01.02.2014

ПАРТИЯ ФАОЛЛАРИ ВА ДЕПУТАТЛАР

электорат орасига янада чуқурроқ кириб бормоқда

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ва Тошкент шаҳар кенгаши томонидан «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» ­лойиҳаси доирасида Чилонзор ­туманидаги Дўмбиробод маҳалласида давра суҳбати ўтказилди.

Унда давлатимиз раҳбарининг Конституция қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги, шунингдек, 2013 йил якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дас­турнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидаги маърузаларида билдирилган фикрларнинг аҳамиятини аҳоли орасида кенг тушунтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу партия электорати вакилларининг сиёсий-иқтисодий, ҳуқуқий билими ва дунёқарашини юксалтиришда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

Давра суҳбатида ЎзХДП Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар кенгаши ходимлари, халқ депутатлари шаҳар Кен­гашидаги партия гуруҳи аъзо­лари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, бюджетдан ташқари Пенсия жамғар­маси ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қи­лиш вазирлигининг шаҳар бошқармалари масъуллари, партия фаоллари, бошлан­ғич партия ташкилотлари етакчилари, электорат вакиллари қатнашди.

— Партиямиз ижтимоий ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тизимли равишда амалий тадбирлар ўтказиб келмоқда, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими Акмал Турсунбоев. — Хусусан, мазкур лойиҳа доирасида турли соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда одамларни ўйлан­тираётган саволларга жавоб қайтариш, ижтимоий ма­салаларни аниқлаш, уларни ўз жойида ҳал этишга кў­маклашиш, электорат учун фойдали бўлган масалаларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари, доимий комиссиялар му­ҳокамасига олиб чиқиш ва ҳал этиш вазифаларига эъти­бор қаратилмоқда. Энг муҳими, бу лойиҳа партия таш­килотларимиз ҳамда депутатларимиз аҳо­ли орасига чуқурроқ кириб боришига, улар билан бевосита мулоқотлар эса турли ижтимоий масалаларни кўтариб чиқишимизга асос бўлаяпти.

— Пенсия ва нафақалар аҳолига ўз вақтида етиб боришини назорат қилиш, бу масаладаги ўзгариш ва янгиликлар ҳамда имтиёзлардан аҳолини хабардор этишда мазкур лойиҳанинг ўрни катта бўлмоқда, — деди Тошкент шаҳар партия кенгаши раиси ўринбосари Маргарита Аҳмедбекова. — Шунингдек, аҳолининг иж­ти­моий муҳофазаси билан боғлиқ баъзи масалалар ҳам аниқланаяпти. Бундай ҳолатларда муаммони ҳал қилишда тегишли ташкилот­лар билан ижтимоий ҳамкорликни кучайтириш зарурати юзага келаяпти.

— Мамлакатимизда маҳалла институтининг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратиб келинмоқда, — деди «Дўмбиробод» маҳалласи оқсоқоли, «Шуҳрат» медали соҳиби Комил Қаюмов. — Бу борада амалга ошири­лаётган изчил ислоҳотлар ўзининг самарасини бериб, бугун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ёрдамга муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, одамлар маҳалла ободлиги ҳаётимиз ободлигининг зарур шарти эканини тушуниб етаяпти.

— Ҳозирги кунда маҳаллаларда тез-тез бўлиб, ўша ҳудуддаги корхона-ташкилотлардаги бўш иш ўринла­ри ҳақида маълумот берилаяпти, — деди Чилонзор туман Бандликка кўмак­лашиш ва аҳолини иж­тимоий муҳофаза қилиш маркази масъул ходими Олимжон Бойматов. — Шу ойнинг ўзида 30 киши ишга жойлашди. Шунингдек, 20 киши қайта касб ўрганишни бошлади.

Давра суҳбати давомида қатор саволлар ўртага ташланди ва уларга мутахассислар томонидан малакали жавоб қайтарилди. Кам таъминланган оилаларга ажратилган ижтимоий ҳи­моянинг мақсадлилигини таъминлаш, юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, электорат вакиллари манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, тадбир доирасида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари иштирокида кўчма Жамоатчилик қабулхонаси ташкил этилди. Унга хотин-қизлар ва ёшлар кўпроқ мурожаат этди. Кўтарилган масалалар депутатлар томонидан назоратга олинди.

Басандабону ЖАЛИЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.