Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
01.02.2014

КУЧЛИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ

аҳоли турмуш даражасини юксалтиришнинг муҳим шартидир

Мамлакатимизда инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, турмуш даражасини юксалтиришда изчиллик билан амалга ошириб келинаётган кучли ижтимоий сиёсат муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳар йили кўплаб янги иш ўринлари ташкил этилаётгани, иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори муттасил ошириб борилаётгани аҳоли даромадини кўпайтириш, хал­қимизга муносиб турмуш шароити яратишда муҳим омил бўлмоқда.

Хўш, аҳолининг ижтимоий қўл­лаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатлами манфаатини ҳимоя қи­лишни ўз зиммасига олган ЎзХДП ташкилотлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари бу борада қандай ташаббусларни илгари сурмоқда? Ижтимоий ҳимояга эҳ­тиёжманд кишилар, ногирон ва пенсионерлар манфаатини таъминлаш, уларнинг турмуш фаровонлигини оширишда бугун пар­тия ташкилотларидан нималар талаб этилаяпти?

Ўзбекистон Халқ демократик пар­тиясининг Андижон вилоят Бўз туман кенгаши раиси Матлуба Тўйчиева билан суҳбатимиз шу ҳақ­да бўлди.

— Маълумки, ЎзХДП Сайловолди дастурида аҳолининг ижтимоий муҳофазага эҳтиёжи бор қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ қатор вазифалар белгиланган. Туман партия кенгашининг бу борадаги ишлари ҳақида тўхталсангиз.

— Бозор иқтисодиётига бос­қичма-босқич ўтиш жараёнида кучли ижтимоий сиёсат юритиш мамлакатимизни тараққий эттиришнинг беш тамойилидан биридир. Шу сабабли ҳам мамлакатимизда иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ислоҳотлар билан бирга, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хусусан, аҳолининг манзилли ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга жиддий эътибор қаратилаяпти. Ўзбекистон Халқ демократик партияси аҳолининг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ қатор долзарб ғояларни илгари сурар экан, албатта, уларнинг ҳаётимизда ўз ифодасини топишида қуйи партия ташкилотларининг ҳам муҳим ўрни бор. Бизнинг туман партия ташкилотимиз ҳамда халқ депутатлари туман Кенгашидаги пар­тиямиз гуруҳи ҳам мазкур ғоя­ларни амалга оширишда самарали иштирок этишга ҳаракат қилмоқда.

Туманда 64 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 33 мингдан ортиғи хотин-қизлардир. Аҳолининг ижтимоий ҳимоя­сини таъминлаш энг долзарб вазифаларимиздан саналади. Бунда биринчи навбатда қонун билан мустаҳкамланган ҳуқуқ ҳамда ваколатларга эга бўлган халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳимизнинг кучидан тўғри фойдаланишга ҳаракат қи­лаяпмиз. Ўтган йили «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги масала депутатларимиз томонидан назорат-таҳлил тартибида ўрганилди ва унинг натижалари халқ депутатлари туман Кенгаши сессияси муҳокамасига киритилди. Сес­сияда қабул қилинган қарор ижроси таъминланиши натижасида тумандаги 172 та кам даро­мадли оила қўшимча равишда қўллаб-қувватланди.

Ижтимоий ёрдамга эҳтиёжманд кишиларни аниқлашда Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятига суянамиз. Электорат вакилларини ўйлантираётган масалалар бўйича мурожаатларни ўрганиш, уларга ечим топиш баробарида ижтимоий муҳофазасини таъминлашга ҳаракат қиламиз. Хусусан, ўтган йили Жамоатчилик қабулхонасига ижтимоий ҳимоя масалаларида тушган 28 та мурожаат давлат идоралари, ҳамкор ташкилотлар ва депутатлар ёрдамида ижобий ечим топди.

Яқинда туман партия кенгаши ижроия қўмитаси мажлисида Жамоатчилик қабулхонаси фаолиятини янада кучайтириш масаласи муҳокама этилиб, маълум режа асосида маҳалла фуқаролар йиғинларида кўчма қабулларни мунтазам ташкил этишга қарор қилинди.

— Ижтимоий ҳимоя бандлик билан чамбарчас боғлиқ. Туманда янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашда партия кенгаши, халқ депутатлари туман Кенгашидаги депутатларнинг олиб бораётган ишлари ҳақида маълумот берсангиз.

— Меҳнатга қобилиятли аҳоли иш билан тўлиқ таъминланиши уларни давлат томонидан қў­шимча ижтимоий ҳимоялашга ҳожат қолдирмайди. Шу сабабли ҳам қўлидан бирор-бир иш ке­ладиган ҳар бир одамнинг банд­лигини таъминлашни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Туман партия кенгаши ҳамда депутатлик гуруҳи ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш хусусиятлари ва имкониятларини чу­қур ўрганиб, шу асосда иш ўринлари ташкил этиш бўйича таклифларни илгари сурмоқда.

Ўтган йили туманда 3420 та ян­ги иш ўрни яратилди. Бу партиямиз электорати вакиллари манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлди. Тумандаги касб-ҳунар коллежларини тамомлаган 1593 нафар йигит-қизнинг аксарияти ишга жойлашди.

Хотин-қизлар ҳамда коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш мақсадида туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази билан ҳамкорликда мунтазам бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказилмоқда. Биргина ўт­ган йилнинг декабрь ойида ўтказилган ярмаркада 184 нафар фуқаро ишга жойлашиш учун йўл­ланма олди.

Туман Кенгашидаги ЎзХДП партия гуруҳи ташаббуси билан халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясига янги иш ўринлари яратиш ҳисобига аҳоли банд­лигини таъминлаш ҳақидаги масала киритилди. Сессия қарорига асосан мутасадди раҳбарларга янги иш ўринлари яратилишига йўл очиш мақсадида аниқ вазифалар юклатилди. Қа­рор ижроси назоратга олиниб, амалий натижаларга эришилмоқда.

— Сиёсий партиянинг маҳаллий ташкилотлари самарали ишласа, унинг жамиятдаги таъсир кучи ошади. Бу йил туман партия кенгаши олдида турган вазифалар хусусида тўхталсангиз.

— Жорий йилда партиямиз Ҳаракат дастурига асосан қатор йўналишларда фаолиятимизни кучайтиришни режалаштирганмиз. Соғлом бола йили мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, соғлом авлодни шакллантириш билан боғлиқ кўплаб масалаларни ўрганиб, маҳаллий Кенгаш сессияси муҳокамасига киритишни белгилаб олганмиз. Аҳолининг бандлик даражасини ошириш, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун янги иш жойлари ташкил этиш масалалари фаолиятимизнинг устувор йўналиши бўлиб қолаверади. Шу мақсадда мева-сабзавот, сут ва гўштни қайта ишлаш тармоқларини кенгайтириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари, касаначиликни ривожлантириш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланган. Масалан, туманнинг инвестиция дастурига ўз таклифларимизни киритиб, юқори ҳақ тўланадиган қўшимча иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратамиз.

Бунинг учун депутатлик на­зоратини кучайтириш бўйича тизимли иш олиб боришимиз, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш идоралари, фуқаролик жамияти институтлари билан ижтимоий шериклик асосидаги ҳамкорликни изчил ривожлантиришимиз талаб этилади.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Гулруҳ ОДАШБОЕВА суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.