01.02.2014

«ЁЛҒИЗЛИКНИ СЕЗМАСДАН ЯШАЯПМАН»

Ўзаро меҳр-оқибатли бўлиш, мурувват, саховат кўрсатиш, муҳтожларга ёрдам бериш халқимизнинг миллий қадрият­ларидан ҳисобланади. «Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак», «Бирни берсанг, мингни беради», «Қўли очиқнинг йўли очиқ» каби ҳикматли гаплар, хайрли амаллар ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб қолган.

Муҳтожларга ёрдам, ёлғиз кексалар, боқув­чисини йўқотганларга ғамхўрлик давлатимиз ижтимоий сиёсатининг ҳам устувор йўналишларидан ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 30 майдаги «2011-2015 йил­ларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қа­рори бу бора­даги ишлар кўлами­ни янада кенгайтирди.

Фармонда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларга ижтимоий хизмат кўр­сатиш тизимини такомиллаштириш, уларга кўрсатилаётган ижтимоий хизмат турларини кенгайтириш ва сифатини ошириш юзасидан аниқ вазифалар белгиланган.

Биз ёлғиз кексаларга уйи­да ижтимоий хизматлар кўр­сатиш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳо­фаза қи­лиш марказида бўл­дик.

— Ёлғиз кексалар ширин сўзга, меҳрга кўпроқ муҳтож бўлади, — дейди марказнинг аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш чора-тадбирларини мониторинг ва таҳлил қилиш бўлими бошлиғи Фарида Саидова. — Демак, биз уларни нафақат моддий, балки маънавий жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватлашимиз керак. Туманимизда 2014 йил 1 январь ҳолати­да 113 нафар ёлғиз фуқаро рўй­хатга олинган бў­либ, 70 нафари ижтимоий хиз­мат кўрсатишга муҳ­тож деб топилган. 8 нафар иж­ти­моий хизмат ходими улар­га ижтимоий хизматлар кўр­сатиш учун бириктирилган. Улар ёлғиз кексаларнинг уй юмушларини бажаради, ис­сиқ овқатларини тайёрлайди. Бундан ташқари, китоб, газета-журналлар олиб боришади. Албатта, кўмакка муҳтожларни моддий қўл­лаб-қувватлаш катта марҳа­мат. Аммо руҳий кўмак, маъ­навий ёрдам ундан-да юксакроқ мақомга эга. Ёлғиз, руҳи синиққан инсон билан икки оғиз ширин суҳбат қу­риш, шу орқали унинг дардини олиш, ёлғизликдан ҳо­риган кўнглини кўтариш кат­та савоб ҳамдир.

Ҳақиқатан ҳам маъна­вий-ру­ҳий қўллаб-қувватлаш ҳар бир ин­сон учун зарур. Ижтимоий ҳимоя­га олинган Мария Алексеевна Пажитних билан суҳбатлашганимизда бунга қайта-қай­та амин бўлдик.

— Тошкент ахборот тех­нология­лари университетида 32 йил талабаларга са­боқ бердим, — дейди у ўт­ган умрини хотирлаб. — Кек­сайганимда, меҳнатга лаёқатимни йўқотганимда қандай яшар эканман, деб кўп ўйлардим. Иссиқ овқатимни тайёрлаб берадиган, бир пиёла чой узатадиган одам бўладими, йўқми деб ташвиш чекардим. Шукурки, дав­латимиз ёлғизлатиб қўймади. Менга ғамхўрлик қилаёт­ган Наргизахон ўз фарзандимдек. Унга боғланиб қолга­нимданми, келишини кутиб ўтираман. Дорихонага ҳам югурган шу, бозор-ўчарларимни ҳам ўзи қилиб беради. Ундан жуда миннатдорман...

Аёл шунчалик тўлиб-тошиб гапирардики, назаримда, кексайган юзини эски ажинлар бир зум тарк этгандек бўлди. Шу ҳолатда унинг 91 ёшга кирганига биров ишонмаган бўларди.

— Кексалар жуда ажойиб бўлишади-да, — дейди Шай­хонтоҳур туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қи­лиш марказининг ижтимоий хизмат ходими Наргиза Оқбўтаева. — Арзимаган ишим учун ҳам кўп­дан-кўп дуо қилишади. Бир-икки кун кўринмай қолсам, «Нима бўл­ди, тинчликми, тобинг йўқми?» деб хавотир олишади. Улар қа­чонлардир қилган хизматлари эвазига ёки шу жамиятнинг оддий бир аъзоси бўлгани учун ҳам ғамхўрликда бўлишга ҳақли, деб ўйлайман.

— Бугун яна бир онахоннинг уйига боришим керак, — деди Наргиза опа сўзида давом этар экан менга юзланиб. — Истасангиз бирга юринг...

Бу таклиф маъқул бўлди. Биргаликда Зоя Афанасевна Ершова хонадонига бордик. У бизни очиқкўнгиллик билан кутиб олди. Кўз­лари қу­вончдан порлаб, чеҳраси ёри­шиб кетди. Ижтимоий хизмат ходими дарров ишга туш­ди. Аввало чой дамлаб, енгилгина тамадди ҳозирлади. Кекса аёл тановул билан банд бўлганда ошхонани покизалаб, идиш-товоқларни ювди. Кейин қозонни ўтга қўйиб, шўрва осди. Овқат тайёр бўлгунча бошқа ишларни қилишга улгураман, дея хоналарга бирма-бир кириб, супуриб-сидирди, тартибга келтирди. Сўнгра йиғилиб қолган кирларни ювди. Олдинги сафар ювилган ки­йим-кечаклар эса дазмол юзини кўрди. Бу пайт­да биз нуридийдаси нобуд бўл­ган, турмуш ўртоғи эса 12 йил бу­рун ёруғ оламни тарк этган мезбон суҳбатини олиш­га тутиндик.

— Фарзандимиз бўлмагач, турмуш ўртоғим билан бир-биримизга қаттиқ боғланиб қолгандик, — дейди у. — У киши мени ташлаб кетганида кўзимга дунё қо­ронғи кўринди. Энди ёлғиз ўзим қандай яшайман, дея ваҳимага тушдим. Қувватим бўлганида ҳам бунчалик ку­йинмасдим. Тақдир тақозоси билан қартайган вақтимда ёлғиз қолдим. Энди ҳаё­тим қандай бўлади, деган савол сира тинчлик бермасди. Мана, давлатимиз ғамхўрлигида ёлғизликни сезмасдан яшаяпман. Менга ғамхўрлик қилиш учун мана шундай очиқкўнгил аёл бириктирилган. Нафақамни ўз вақтида оляпман. Зарур озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам етказиб беришади. Шифокорлар уйимга келиб хизмат кўрсатади. Ҳаётимдан мингдан-минг розиман. Мен каби якка-ёлғиз қария­ларга шунчалик ғамхўрлик қилаётган мамлакатимиз келажаги бундан ҳам порлоқ бўлсин, деб ҳар кун Яратгандан сўрайман...

Гувоҳи бўлганимиздек, юртимизда ёлғиз кексаларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилаяпти. Рақамларга эътибор қаратадиган бўл­сак, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Соғлом авлод учун» халқ­аро хайрия жамғармаси, Қизил Ярим ой жамияти туман бўлимлари кўмагида 2013 йилда 52 нафар якка-ёлғиз фуқарога 20 миллион 988 минг сўмлик 9 турдаги озиқ-овқат маҳсулоти, 4 миллион 524 минг сўмлик дори-дармон етказиб берилди. Ҳомий ташкилотлар маблағи ҳисо­бидан ижти­моий хизматга олинган фуқаролар турли газета ва журналларга обуна қилинади. Чунончи, 2013 йилда 3 миллион 298 минг сўм­лик газета ва журналларга обуна уюштирилди.

— Ижтимоий ҳимоянинг манзиллилигини таъминлашга қаратилган кенг кў­ламли ишлар натижасида ушбу йўналишга ажратилган маблағлар ҳақиқатан ҳам эҳтиёжманд аҳоли қатламининг турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини оширишга ёр­дам бермоқда, — дейди ЎзХДП Шайхонтоҳур ту­ман кенгаши раиси Сардор Дўстмуҳаммедов. — Бозор муносабатлари шароитида муносиб турмуш кечириш бўйича ҳамма ҳам тенг имкониятга эга эмас. Мисол учун, ёлғиз кексалар. Улар тақдир тақозоси билан бугун ёлғизликда ҳаёт кечиришмоқда. Бундай кишилар партиямизнинг электорати ҳисобланади. Фахрийларга, айниқса, боқувчи­сини йў­қотган кексаларга алоҳида эътибор ва ғамхўр­лик кўр­сатилиши кучли ижтимоий сиёсатнинг натижасидир. Зеро, Бош Қомусимизнинг 39-моддасида белгилаб қў­йилганидек, «Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўл­ганда ва қо­нунда назарда тутилган бошқа ҳол­ларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқу­қига эга». Бу қоиданинг ҳаё­тимизда нақадар чуқур ифода топаётгани мамлакатимизда инсонпарвар жамият барпо этилаётганининг яна бир ёрқин исботидир.

Наргиза ҲУСАНОВА



DB query error.
Please try later.