Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
01.02.2014

АҚШда йирик тўғон ва гидроэнергетика объектлари қурилишини қўллаб-қувватлашни тақиқловчи қонун қабул қилинди

Халқаро экология ташкилотлари, шунингдек, техноген хавфлар бўйича мутахассис ва экспертларнинг узоқ саъй-ҳаракатлари натижасида 2014 йилнинг январида АҚШ Конгресси ва Сенати муҳим қонунчилик нормаларини жорий этишни кўзда тутадиган қонунни қабул қилди ва Президент ­Барак Обама уни имзолади.

Мазкур қонунга мувофиқ, Халқ­аро молия инс­титутлари директорлар кенгашларидаги АҚШ вакиллари энди йирик тўғонлар ва гидроэнергетика объектлари қурилиши ло­йиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун қарз олиш ёки уш­бу лойиҳалар билан боғ­­лиқ ҳар қандай ҳужжатни маъ­қуллашга қарши чиқиш­га мажбур.

Бугунги кунда АҚШ асосий халқаро молия инс­титутлари, жумладан, Хал­қ­аро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Халқаро ривожланиш ассоциацияси, Осиё тараққиёт банки, Осиё ривожланиш жамғар­маси ва бошқа молия инс­титутларининг йирик акция­дори ва донори ҳисобланади. Америка Қўшма Штатлари ўзи акциядор бўлган барча халқаро молия институтларида тўғонлар ва йирик гидроэнергетика объектлари қурилишига қаратилган ҳар қандай лойиҳани молиялаштириш ва маъқуллаш тўғ­рисидаги таклифларни қўл­лаб-қувватлашни қонуний тақиқлади.

АҚШ қонунчилик ва ижро ҳокимиятларининг ушбу қа­рори ҳар томонлама асослидир. Чунки сўнгги йилларда эколог-мутахассислар, техноген хавфлар бў­йича экспертлар, муҳандис ва ҳуқуқшунослар томонидан ўтказилган тад­қиқотлар, мазкур муаммонинг халқаро даражада бир неча бор муҳокама этилиши баланд тўғонлар қуриш оқибатида юзага келадиган салбий ҳолатлар, хавф ва таҳдидлар билан боғлиқ масалага ойдинлик киритди. Зеро, бу билан боғлиқ масалалар, айниқса, тоғли шароитларда янада мураккаб тус олиб, кўплаб соҳаларда олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши ва тузатиб бўлмас даражада зарар етказиши мумкин.

Шу боис экология ташкилотлари ташаббуси билан қабул қилинган ва АҚШнинг барча ҳокимият тармоқлари томонидан қўллаб-қувватланган мазкур нормалар кенг кўламли экологик, техноген ва ижтимоий-иқтисодий фалокатларга сабаб бўладиган йирик гидроэнергетика объектларини қуриш ло­йиҳаларини амалга оширишга йўл қўйиб бўлмаслигига аниқ ва тўғри ишорадир.

Марказий Осиё минтақасида йирик тўғон ва гидроэнергетика объектларини барпо этишга йўл қўймаслик ғоят долзарб масаладир. Чунки сўнгги йилларда минтақанинг асосий трансчегаравий дарёлари — Амударё, Сирдарё ва уларнинг ирмоқларида ҳали собиқ тузум даврида қурилиши режалаштирилган йирик гидроэлектр станциялар, жумладан, Роғун ГЭСи ва 1-Қамбарота ГЭСини қуриш лойиҳаларини қайта тиклашга қатъий уринишлар бўлмоқда.

Бундай лойиҳаларнинг асосий хавфли томони шундаки, электр энергияси тақчиллиги ва янги қувватларни ташкил этиш муаммосини ушбу лойиҳалар амалга оширилиши оқибатида бутун минтақа учун узоқ муддатли ҳалокатли оқибатлар юзага келиши мумкинлигини эътиборга олмай ҳал қилишга уринишлар бўлмоқда.

Минтақа экологиясининг ўнглаб бўлмас даражада ўзгариб кетиши ва табиатдан фойдаланиш бўйича юзага келган тизимлар ана шундай асосий хавфлар сирасига киради. Бу Марказий Осиёда жиддий экологик ҳалокатнинг янада куча­йишига олиб келиши мумкин. Йирик тўғонлар қурилиши минтақанинг шундоқ ҳам нозик экологик мувозанатини издан чиқариб, асосий сув оқимларини мавсумий тақсимлаш ва кўп йиллик бошқариш тизимини тўлиқ ўзгартириб юборади, минтақадаги сув ресурслари тақчиллигини ҳалокат ёқасига келтириб қўяди.

Тўғонлар қурилиши Амударё ва Сирдарёнинг қуйи оқимида жойлашган мамлакатларда ёз мавсумида сув ниҳоятда камайиб, узоқ вақт кучли қурғоқчилик юзага келиши, қишда эса фалокатли тошқинлар рўй бериши, экин майдонларининг шўрланиши ва ҳосилдорлик кескин камайиб, миллионлаб одамларнинг оч-наҳор ва ишсиз қолишига, аҳолининг бу ердан оммавий кўчишига сабаб бўлиши мумкин. Глобал экологик ҳалокат зонасига айланиб бораётган Орол денгизига туташ ҳудудларда эса аҳвол бундан-да мураккаблашади.

Бугунги кунда батамом эскирган, бундан 40 йил муқаддам-совет даврида ишлаб чиқилган, хавфсизлик ва барқарорлик бўйича замонавий талабларга мутлақо жавоб бермайдиган лойиҳалар ва нормалардан фойдаланишга уринишлар оқибатида пайдо бўладиган техноген фалокатлар ҳам жуда хавфлидир.

10 балли кучли зилзилалар ва мураккаб тектоник ўпирилишлар мунтазам содир бўлиб турадиган ҳудудда дунёдаги энг баланд тўғонларни барпо этиш кўзда тутилмоқда. Роғун тўғони қурилиши мўлжалланаётган жой кучли туз қатламидан иборат бўлиб, сувнинг сизиб кириши натижасида тузлар аста-секин эриб кетиши ҳеч гап эмас.

Бундай тўғонларнинг ўпирилиш эҳтимоли ўз йўлидаги барча гидротехник иншоотларни буткул ювиб кетадиган улкан ва кучли сув тўлқинлари ҳосил қилиши мумкин. Бу, ўз навбатида, ушбу дарёлар қуйи оқимида жойлашган юзлаб аҳоли пунктларининг тўлиқ ёки қисман сув остида қолишига, юз минглаб одамларнинг қурбон бўлиши ва бошқа сон-саноқсиз фожиали оқибатларга олиб келади.

Трансчегаравий дарёларда баланд тўғонлар қурилиши оқибатида юзага келадиган хавф-хатарлар ҳақида гапирганда, халқаро ҳуқуқ нормалари, хусусан, БМТнинг мажбурий халқаро мустақил экспертиза ўтказиш, зарар етказмаслик ва бундай лойиҳалар бўйича барча манфаатдор мамлакатлар билан келишиш зарурлиги ҳақида аниқ талаблар белгиланган тегишли конвенциялари (1997 йилги Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тўғрисидаги конвенция, Трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича конвенция, Халқаро сув оқимларидан фойдаланиш ҳуқуқи ҳақидаги конвенция) талаблари ҳисобга олиниши шарт.

Шубҳасиз, АҚШда ушбу мамлакат парламенти ва ҳукуматининг мазкур масала юзасидан қатъий позициясини аниқ ифода этган ушбу қонуннинг қабул қилиниши жаҳон ҳамжамияти йирик тўғонлар ва гидроэлектрстанциялар қурилиши етказадиган мислсиз хавф­лар оқибатини англаб етаётганидан яна бир карра далолат беради.

Бу қарор Марказий Осиёда йирик тўғон ва гидроэлектрстанциялар қуриш лойиҳасини амалга оширишга ўжарлик билан интилаётганларни ҳушёр торттириши даркор.

Юқорида қайд этилган хал­қаро молия институтлари Марказий Осиё минтақасида асосий инвесторлар экани инобатга олинадиган бўлса, қабул қилинган ушбу қонун бундай улкан лойиҳаларнинг амалга оширилиши етказадиган барча хавф-хатар ва оқибатларга яна бир бор теран кўз билан қарашга ундайди, шунингдек, мавжуд энергия тақчиллиги муаммосини ҳал этишнинг муқобил йўлларига эътибор қаратиш бўйича янги имкониятлар яратади. Зеро, муаммони ҳал этишнинг муқобил йўллари экологик нормаларни бузмайди, техноген ҳалокатларни келтириб чиқармайди, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан белгиланган халқаро ҳуқуқ нормаларига зид келмайди.

С.ЖИГАРЁВ,

«Гидролойиҳа» институти директори.



DB query error.
Please try later.