01.02.2014

ЧЕХИЯ: КЎППАРТИЯЛИ ТИЗИМ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАНДИ

парламентга кириш осон кечмади

Кўппартияли тизим, унинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида халқаро экспертлар, олимлар, қолаверса, жамоатчилик ўртасида бир-бирига ўхшамайдиган фикрлар юради.

Бироқ кўпчилик давлат бошқарувини ҳар томонлама оқилона ва самарали олиб бориш, фуқароларнинг хоҳиш иродасини рўёбга чиқариш учун кўппартияли тизим зарур, деб ҳисоблайди.

2013 йил Чехия парламентига бўлиб ўтган муддатидан олдинги сайлов, содда қилиб айтганда, кўпдан-кўп фикр чиқиши, ҳеч ким вазиятни фақат ўз фойдасига оғдириб ололмаслигини исботлади, десак, хато бўлмайди.

Чехия парламенти қуйи палатаси, яъни Депутатлар палатасига ўтказилган мазкур сайловда жами 23 та сиёсий партия иштирок этди. Табиийки, уларнинг ғоялари, сайловолди дастурлари турлича бўлди. Ўқувчида етарли тасаввур ҳосил бўлиши учун сайловда Чехия фуқаролари энг кўп овоз берган сиёсий партияларнинг ғояларига қисқача тўхталиб ўтиш жоиз.

Чехия социал — демократик партия­си ўз таклифларини ўндан ортиқ йўналишда тақдим этди. Партия, аввало, янги иш ўринлари яратиш масаласини қўйди. Транспорт тизими, турар-жойлар яхшиланиши, ижтимоий ва тиббий хизматлар ривожига давлат ҳамда хусусий инвестициялар кўпроқ йўналтирилиши, одамлар иш топишига ёрдам берилиши керак. Ёшлар ва имконияти чекланган кишилар меҳнат қилиши қўллаб-қувватланиши, ишсизлик даражаси юқори бўлган ҳудудлар ривожлантирилиши, хусусан, қишлоқ хўжалиги ислоҳ қилиниши муҳим.

Жуда юқори даромадларга яраша фойда солиғи кўпайиши, солиқ тўлашдан қочиш қаттиқ жазоланиши, касса аппаратлари ўрнатилиши бўйича назорат кучайтирилиши лозим. Давлат коммунал тўловлар тарифларининг ошиб кетмаслигини таъминлаш орқали фуқароларни ҳимоя қилиши, энг кам иш ҳақи миқдори 12000 крон (амалда 8500 крон) бўлиши, ёш оилалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши, оилавий ҳаёт ҳимоя қилиниши керак.

ANO 2011 партияси (2011 йил ташкил этилган, ANO сўзи ўзбек тилида ҲА, деган маънони билдиради) асосан, коррупцияга қарши курашиш тарафдори бўлиб чиқди. Қизиқ томони, бу партия одатдаги сиёсий партиялар каби муайян йўналишдаги дастурига эга эмас. Мутахассислар қайд этишича, мазкур партия Чехия фуқароларининг ижтимоий кайфияти, хоҳишини ўрганган ҳолда, сайловолди дастурини шакллантирган.

Партия пенсия ёшига яқинлашган фуқаролар, ногиронларнинг тўлақонли меҳнат қилишига шароит яратиш, давлат хизматларида муносиб кадрлар ишлашини таъминлаш, электр энергия нархини арзонлаштириш масалаларига эътибор қаратади. Сайлов олдидан давлат харидлари тизимини такомиллаштириш, хусусан, тендерлар ўтказиш тартиб-таомилларини яхшилаш, бу борада ошкораликни етарли даражада таъминлаш тарафдори бўлди. Элек­трон ҳукуматни яратиш ишлари изчил давом эттирилиши, фуқаролар мансабдор шахсларга мурожаат қиладиган турли масалалар электрон автоматлашган тарзда ҳал бўладиган тизимга ўтилиши керак. Чунки юзма-юз учрашув пайтида мансабдор шахслар ва фуқаролар ўртасида мурожаат ечимига алоқаси бўлмаган англашилмовчиликлар келиб чиқиши мумкин.

Умуман, ANO 2011 ривожланган демократияга эга давлатлардаги сиёсий пар­тия­лар маъқул кўраётган, сиёсий онги, дунёқараши юқори сайловчилар қўллаб-қувватлаётган ғояларни илгари сурди.

Сайлов натижалари Чехияда, асосан, социал-демократик партияси ва ANO партия­си таклифлари амалга ошишига кўпроқ зарурат борлигини кўрсатди. Чехия социал-демократик пар­тия­си 22,03 фоиз, сайловда биринчи марта иштирок этишига қарамай, ANO 2011 партия­си 18,62 фоиз сайловчи овозига эга бўлди. Бу партиялар Депутатлар палатасидаги 200 депутатлик ўрнидан тегишлича 50 ва 47 та, яъни жами 97 ўринни банд этди. Парламент­да кўпчиликни ташкил қилиш учун бу етарли эмасди.

Шунинг учун улар яна битта партия билан муроса йўлини танлашига тўғри келди. Бу – сайловда 6,78 фоиз овоз йиққан Христиан демократлар партия­си бўлди. Қуйи палатада 14 та ўринни эгаллаган мазкур партия Чехия социал-демократик партияси ва ANO 2011 партия­си билан муросага келгач, улар ўртасида янги ҳукуматни шакллантириш бўйича коалиция шарт­номаси тузилди.

Чехия Депутатлар палатасига 2010 йилги сайловдан сўнг 50 депутатлик ўрнини эгаллаган, бошқа партиялар билан коалиция тузиб, ҳукуматни шакл­лантиришда етакчилик қилган ҳамда неолиберализм ғояларини ёқлайдиган Фуқаролик демократик партияси бу галги сайловда 7,72 фоиз овоз олди. Унга иттифоқдош бўлган партияларга ҳам омад унчалик кулиб боқмади.

Сиёсий партиялар давлатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича турли ғоя ва таклифларни илгари суради, сайловчилар улардан истаганига овоз беради, шу асосда парламент, ҳукумат шаклланади, давлатнинг узоқ муддатга мўлжалланган стратегик дастурлари белгилаб олинади. 2010 йилда Чехия парламентида кўпчиликни ташкил қилган ва ҳукуматни шакллантиришда иштирок этган партиялар айни пайтда бу имкониятга эга эмас. Чехия халқи сайловда фаол қатнашиш, сиёсий иродасини намойиш этиш орқали бу сафар бошқа партияларга кўпроқ ишонч билдирди.

Дунё тажрибасидан яна бир бор кўриниб турибдики, қайси партия одамларни ташвишга солаётган, қизиқтираётган масалаларни ҳал этиш учун курашса ўша партия кўпроқ қўллаб-қувватланади.

Сайфулла ЭШБОБОЕВ



DB query error.
Please try later.