30.01.2014

ЮРТИМИЗНИ ЖАДАЛ РИВОЖЛАНТИРИШДА

партия ташкилотлари ва партия гуруҳлари фаоллик кўрсатиши зарур

Бугун туман ёки шаҳарни ривожлантириш билан боғлиқ қандай масалалар долзарб бўлиб турибди? Аҳолини нималар кўпроқ ўйлантираяпти? Ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш борасидаги сусткашликларни ўз вақтида бартараф этиш учун нималар талаб этилаяпти?

Бу каби саволлар устида чуқур ўйлаш, уларга жавоб излаш партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг долзарб вазифасига айланиб, улар фаолиятини такомиллаштириб боришини тақозо этмоқда. Айниқса, ҳудудлар, соҳа ва тармоқларни ривожлантириш бўйича муқобил амалий таклифлар бериш, масъулият ва жавобгарликни ўз зиммасига дадил олиш талаб қилинаяпти.

ЎзХДП Марказий Кенгаши томонидан Амударё туман кенгашида ўтказилган семинарда ана шу масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Унда партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Қорақалпоғистон республика ва Хоразм вилоят, улар таркибидаги туман ва шаҳар партия кенгашлари раҳбарлари, масъул ходимлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари иштирок этди.

Семинарда Президентимизнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузаларида билдирилган танқидий-таҳлилий фикрлар, факт ва рақамлар, илгари сурилган ғоялардан келиб чиқиб, партия ташкилотлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари олдидаги муҳим вазифалар муҳокама этилди.

— Аввало, аҳолининг ижтимоий муҳофазага эҳтиёжманд вакилларини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари ташкил этиш ҳамда биринчи навбатда касб-ҳунар коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш биз учун ҳар доим устувор масала бўлиб қолаверишини унутмаслигимиз лозим, — дейди ЎзХДП Қорақал­поғис­тон Кенгаши раиси Қуват Қурбанбаев. — Янги иш ўринлари яратилишида ҳудудларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, стратегик мақсадларидан келиб чиқиб, партия­мизнинг аниқ позициясини кўрсатишимиз керак. Биринчидан, бу борадаги қонун ва қарорлар ижроси устидан депутатлик назоратини ошириш, фойдаланилмаётган имкониятлар бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқишимиз талаб этилади. Бундан ташқари, янги очилаётган иш жойларида тўланадиган маош ҳудуддаги ўртача иш ҳақидан кам бўлмаслигига эришиш ҳам олдимизда турган долзарб вазифалардан биридир. Агар шу мақсадларга эришсак, сайловларда бизга ишониб овоз берган кишиларнинг манфаатини таъминлаган бўламиз.

Назира МАТЁҚУБОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари шу ҳудуддаги аҳолини ўйлантираётган масалаларни яхши билади. Муаммони қандай қилиб ҳал этиш бўйича аниқ таклифларга эга бўлишимиз ҳамда уни вакиллик ҳокимияти муҳокамаларига олиб чиқиб, ҳаётда самара берадиган қарорлар қабул қилинишига эришишимиз лозим. Ҳар бир партия гуруҳи шундай ишласа, маҳаллий Кенгашларда кўрилган масалалар, чиқарилган хулосалар умумлаштирилиб, парламент даражасида муҳокама қилиш учун мустаҳкам асос бўлади. Шунда биз кўтарган масала комплекс ҳал этилади.

Раимберган САБУРОВ, ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Демократик ислоҳотларнинг ҳозирги босқичи сиёсий партия­лар фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқишни, ҳам партия ташкилотлари, ҳам партия гуруҳлари ишини кучайтиришни талаб этмоқда. Бунинг учун бизда ҳамма ҳуқуқий асослар мавжуд. Фақат астойдил ишлашимиз, бизга ишонч билдирган сайловчи ва электорат манфаатларини тўлақонли таъминлашимиз керак.

Хоразм вилоят, шаҳар ва туман партия кенгашлари ўз олдидаги вазифаларни имкон қадар бажариб келмоқда. Мисол учун, айрим партия гуруҳлари ўтган йилнинг бошида халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясига масала киритган бўлса, йилнинг охирида сессия қарори ижроси яна бир бор сессияда муҳокама этилаяпти. Бироқ айрим партия гуруҳлари, партия ташкилотларида ташаббускорлик ва қатъият етишмаяпти. Масалани сессия­га киритиш яхши, аммо унинг асосий натижаси ва самарали ижроси ҳисобланади. Биз ана шу жиҳатга эътиборни янада кучайтиришимиз лозим.

Боймурод ЮСУПОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири:

— Асосий вазифамиз ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ экан, биз бу борадаги ишларимизни аниқ белгилаб олишимиз лозим. Жорий йилда давлат бюджети харажатларининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилганини эътиборга олиб, унинг мақсадли сарфланиши борасида маҳаллий ҳокимият органлари, бюджет ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтиришимиз зарур. Шунингдек, банд­лик дастури, иш ўринлари яратишга кўмаклашиш, коллеж битирувчилари бандлигини таъминлаш масалаларида партия гуруҳларининг фаол иштироки муҳим аҳамиятга эга. Бундан ташқ­ари, партия гуруҳи сессияга киритилаётган масалани чуқур билиши, ҳал этиш бўйича ўзининг аниқ таклифини бериши керак. Шунда у партиянинг позициясини намоён этган бўлади.

Cеминарда халқ депутатлари Қорақалпоғистон республика ва Хоразм вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзоларининг 2013 йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинди. Маълумотларга кўра, халқ депутатлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари 2013 йилда 20 масалани партия гуруҳларида муҳокама этган, 8 та масала эса халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларига уларнинг ташаббуси билан киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилган. Халқ депутатлари Хоразм вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари эса ўтган йили 12 та масалани кўриб чиққан, 5 та масалани сессиялар муҳокамасига олиб чиққан.

Шу ўринда савол туғилади: ҳудудлардаги ижтимоий масалаларни ҳал этиш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш учун бу натижалар етарлими? Ҳар бир депутат ўз фаолиятига танқидий ёндашиб, бу саволга холис жавоб беришга интилиши керак.

Ҳаракат дастурида белгиланган вазифаларни бажаришда ташаббус ва қатъият кўрсатаётган, Жамоатчилик қабулхоналари ишида фаол иштирок этаётган, доимий комиссиялар, маҳаллий Кенгаш сессияларига масалалар киритишда намуна бўлаётган партия ташкилотлари ва партия гуруҳларининг иш тажрибасини оммалаштириш борасида тавсиялар берилди.

Семинарда сўзга чиққанлар коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласида мутасадди раҳбарларнинг ахбороти ва ҳисоботларини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияси ва доимий комиссияларда, партия гуруҳи йиғилишларида эшитиб бориш масаласига алоҳида эътибор қаратишди. Шунингдек, ҳудудларни комплекс ривожлантиришнинг ҳар томонлама пухта ўйланган истиқболли режаларини ишлаб чиқишда Соғлом бола йилида белгиланган вазифалар ижросида фаол иштирок этиш, таъсирчан депутатлик назоратини олиб бориш лозимлиги қайд этилди.

Тадбир якунида 2014 йилда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда партия ташкилотлари ва партия гуруҳлари масъулиятни янада ошириши зарурлиги таъкидланди. Шу асосда навбатдаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


DB query error.
Please try later.