30.01.2014

ХАВФСИЗЛИГИМИЗГА ҲАММАМИЗ МАСЪУЛМИЗ

Хабарингиз бор, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, бу борада амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини ошириш, транспорт ва пиёдалар, жумладан, болалар иштирокидаги ЙТҲларида аниқланган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш, транспорт воситаларининг техник тайёргарлигини яхшилаш ва ушбу масалаларга кенг жамоатчиликнинг, турли ташкилот ва муассасалар раҳбарларининг эътиборини қаратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ­Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига асосан 2013 йилнинг ­15 декабридан 2014 йилнинг 15 январига қадар республикамиз ҳудудида «Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги» ўтказилди.

ДЙҲХБ бошқармаси масъул ходими Мансур Рихсиев ойлик якунлари, хулоса ва натижалар тўғрисида қуйидагиларни сўзлаб берди.

— Тадбир давомида йўлларда содир этилаётган қоидабузарликларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларни жадаллаштириш мақсадида ДЙҲХХ ходимлари томонидан махсус рейдлар, текширувлар ўтказилди. Тадбирларда қоидабузарлик содир этаёт­ганлар аниқланиб, уларга нисбатан кескин чоралар кўрилди. Жумладан, ўтказилган тадбирда Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари томонидан «Матиз» русумли 85 А 920 ВА давлат рақам белгили автомашина тўхтатилди. Текширув вақтида ҳайдовчи ноқонуний равишда, тегишли лицензиясиз аҳолига пуллик хизмат кўрсатаётганлиги аниқланди ва унга нисбатан ўрнатилган тартибда маъмурий баённома тузилди.

Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари томонидан ноқонуний равишда қайта жиҳозланган «Дамас» русумли 30 D 905 GA давлат рақам белгили авто­мобиль тўхтатилди. Текширув вақтида ушбу ҳайдовчи аъзо бўлган «Рухшона Қўлдошев­на» хусусий корхонаси масъул­лари транспорт воситасини кун­лик техник кўрикдан ўтказмасдан йўналишга чиқарганликлари аниқланди. Бундай масъулиятсизликка йўл қўйганлиги учун ушбу хусусий корхона механигига нисбатан маъмурий чора кўрилди.

Ойликни ўтказишга 6037 та ички ишлар идоралари ходимлари ва кенг жамоатчилик жалб этилди. Улар томонидан меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда, ўқув муассасаларида, аҳоли кўп тўпланадиган жойларда жа­ми 426 мингдан зиёд суҳбат ва учрашувлар ўтказилди.

Махсус гуруҳлар томонидан 7820 та рейдлар ўтказилди ва 142387 та қоидабузарликлар аниқ­ланди.

Тадбир давомида 5124 километр йўллар кўрикдан ўтказилиб, 241 километр йўлкалар таъ­мирланди. 731 та янги йўл белгилари ўрнатилди. 3739 та эскирган йўл белгилари алмаштирилди. 89448 та йўловчи ташувчи транспорт воситалари текширилиб, камчиликлари аниқ­ланди. Жумладан, 1240 та техник носоз, 1093 та лицензиясиз йўловчи ташиган, 10607 та одам ташиш қоидасини бузган ҳайдовчилар аниқланди. Камчиликларга йўл қўйган 16593 та ҳайдовчи ва 290 та раҳбар ходимларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.

Ҳаракат хавфсизлиги ойли­гига бағишлаб ҳокимликлар­да 764 та йиғилиш ўтказилиб, уларда камчиликларга йўл қўйган 344 та маҳаллий ҳокимлик ва 486 та идора ҳамда ташкилотлар масъуллари муҳокама қилинди.

Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш керак, 2013 йилда йўл-транспорт ҳодисалари 2012 йилга нисбатан 1,3 фоизга, унда ҳалок бўлганлар сони 0,2 фоизга, жароҳат олганлар сони 4,0 фоизга камайди.

Статистик маълумотлар шуни кўрсатдики, ойлик давомида қоидабузарлик ва ЙТҲлар сони кескин камайди. Демак, барчамизнинг шу муаммога бўлган эътиборимиз кучайганда нохуш ҳодисалар олди олинар экан.

Биз ҳаракат иштирокчилари йўлларимизда содир бўлаётган турли ҳодисаларнинг олдини олиш, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш фақатгина Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг вазифаси, деб билмасликларини истардик. Чунки, ҳар биримиз, аввало, ўз ҳаётимиз ва қолаверса, ўзгалар ҳаёти хавфсизлигига масъулмиз. Уйдан кўчага чиқдингизми, сиз йўл ҳаракати иштирокчисига айландингиз. Демак, белгиланган йўл ҳаракати қои­дасига амал қилишингиз шарт ва зарур. Йўлда озгина шошилиш ёки бошқа қоидани бузиш ҳам кўнгилсиз воқеалар ёки фожиаларга сабаб бўлиши мум­кинлигини унутмаслигимиз керак.

Зуҳра ҲАСАНОВА

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.