28.01.2014

ПАРТИЯ ПОЗИЦИЯСИ

электорат манфаати ҳимоясига хизмат қилиши лозим

Одатда ҳар қандай тадбир аввалида иштирокчиларга муҳокама қилинадиган мавзу ҳақида маълумот берилади. ЎзХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган бу галги амалий семинар дастуридан Президентимизнинг «2014 йил юқори ўсиш суръат­лари билан ривожланиш, барча мавжуд имко­ниятларни сафарбар этиш, ўзини оқлаган ислоҳотлар стратегиясини изчил давом эттириш йили бўлади» номли маъруза­сидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга оширишда ЎзХДПнинг иштироки» ­мавзуси ўрин олган эди. Қатнашчиларнинг деярли барчаси семинарга ўз фикри, таклифи билан келди...

Семинарда дастлаб мамлакатимизда ижтимоий йўналтирилган ислоҳотлар босқичма-босқич амал­га оширилаётгани халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлашда юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Бир мисол. 2013 йилда аҳолининг реал даромадлари 16 фоиз­га ошган, ўртача ойлик иш ҳақи, пенсия ва ижтимоий нафақалар, стипендиялар 20,8 фоизга кўпайган. Айни вақтда юртимизда пенсияларнинг ўртача миқдори ўртача иш ҳақига нисбатан 37,5 фоиз­ни ташкил этмоқда. 2014 йилда мамлакатимизда бу кўрсаткични 41 фоизга етказиш кўзда тутилиб, давлат бюджети харажатларининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилмоқда. Бу жорий йилда мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояси янада кучайтирилишини кўрсатади, албатта.

ЎзХДП Марказий Кенгаши масъ­ул ходимлари, Олий Мажлис Қо­нунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Тошкент шаҳар ва вилоят партия кенгашлари ходимлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳамда фаол­лар бу жараёнда партия ташкилотлари ва депутатлар олдида тур­ган вазифаларга алоҳида эътибор қаратишди.

Ҳотамжон КЕТМОНОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси:

— Президентимиз маърузасида билдирилган фикрлар фаолия­тимизни яна бир бор танқидий-таҳлилий ўрганиб, тегишли хулосалар чиқаришни тақозо қилаяпти. Аввало, мамлакат ҳаётидаги турли ижтимоий масалалар юзасидан партиямиз ўзининг аниқ позициясини намоён этиши зарур.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида энг долзарб масалалардан бири бўлган меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга алоҳида тўх­талиб ўтди. Хусусан, мамлакатимизда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича минтақавий дастурларнинг амалга оширилиши натижасида ўтган йили қарийб 970 минг киши иш билан таъминланганини катта мамнуният билан қайд этди. Шунингдек, касб-ҳунар коллежларининг 500 минг нафардан ортиқ битирувчиси иш жойига эга бўлгани, парламент тасдиқлаган Дастурга мувофиқ, 2014 йилда салкам 1 миллион иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилаётгани алоҳида қайд этилди.

Конституциямиз қабул қилинга­нининг 21 йиллигига бағишлан­ган тантанали маросимда мамла­катимизни ислоҳ этиш ва сиёсий партияларнинг иштирокини кенгайтириш — демократик ислоҳотларни изчил амалга оширишнинг энг муҳим омилига айланмоғи зарурлиги таъкидланган эди.

Демак, давр талабидан келиб чиқиб, биз аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, айниқса, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасаларининг битирувчиларини ўз мутахассислигига мувофиқ иш билан таъминлаш, ҳудудий ривожланиш дастурларининг ижроси бўйича мақсадли режаларни тайёрлашимиз ва уни изчиллик билан амалга оширишимиз керак. Бунинг учун партиянинг барча ташкилотлари, маҳаллий Кенгашларга ЎзХДПдан сайланган депутатлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатларимиз фаоллигини янада кучайтиришимиз зарур.

Шунингдек, юртимизда ижтимоий соҳани ривожлантириш, ҳудудларда замонавий инфратузилмани тараққий эттириш, уй-жойлар қуриш, аҳоли пунктларини ободонлаштириш, таълим-тарбия жараёнлари ва соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ этиш ва такомиллаштиришда партиямиз иштирокини янада ошириш керак.

Президентимиз 2014 йил юқори ўсиш суръатлари билан ривожланиш йили бўлади, деб қатъий ишонч билан таъкидлади. Демак, мамлакатимиз янада тараққий этиши, ижтимоий ислоҳотлар изчиллик билан давом этиши, аҳолининг ижтимоий ҳимояси мустаҳкамланиб боришида партиямизнинг алоҳида ўрни бўлиши зарур. Бунинг учун партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари ташаббусларини ривожлантириш бўйича амалий ҳаракатларнинг минтақавий режаларини кўриб чиқиш ва қабул қилиш талаб этилади.

Абдуманноб РАҲИМОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Давлатимиз раҳбари маърузасида таъкидланганидек, 2014 йилда аҳолининг ижтимоий ҳи­моясини кучайтиришга катта эътибор қаратилади. Бу партиямиз электорати манфаатларига бевосита алоқадор бўлгани боис фракциямиз аъзолари олдига ҳам катта вазифалар қўяди.

Аввало, қонунлар лойиҳаларини муҳокама қилиш амалиётини янада такомиллаштириш, уларга ўз таклифларимизни киритишда партиямиз электоратининг фикри, эҳтиёжларини ҳар томонлама ҳисобга олиш бўйича тадбирларни янада такомиллаштириш талаб этилади. Шунингдек, жойларда ижтимоий ҳимоя борасида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш­да маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар билан ҳамкорликни яна­да мустаҳкамлаш лозим, деб ўй­лайман.

Фахриддин РАЖАБОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Юртимизда муносиб ҳаёт кечириш имконини берадиган, ижтимоий ҳимояга асосланган кафолатли тизим яратилган. Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида бу масалага алоҳида тўхталиб, мутасадди идора ва ташкилотлар зиммасига аниқ вазифалар юклади. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, туман ва шаҳар ҳокимлари, хўжалик бирлашмалари ва корхоналар раҳбарларини 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли банд­лигини таъминлаш дас­турининг тасдиқланган параметрлари сўз­сиз бажарилиши, 2013-2014 ўқув йилида касб-ҳу­нар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш юзасидан шахсан жавобгар эканликлари тўғрисида огоҳлантирилди.

Шундан келиб чиқиб, жорий йилда маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан ҳамкорликда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури ижроси бўйича мониторинг олиб боришимиз, битирувчиларни иш­га жойлаштириш ҳолати ва истиқболда бу ишнинг самарадорлигини ошириш юзасидан вилоят ҳокимлари ва тегишли вазирларнинг ҳисоботини эшитишни изчил йўлга қўйиш талаб этилади. Бу жараёнда биз қонунлар, давлат дастурларининг тўлиқ иж­росини таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшиш билан бирга, пар­тиямиз олдида турган вазифаларни амалга оширишда фаол иштирок этган бўламиз.

Сотиболди БОБОҚУЛОВ, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси:

— Аввало, эришган муайян ютуқларимиздан хотиржамлик­ка берилмай, ўз фаолиятимизга тан­қидий ёндашишимиз талаб этилади. Партиямизнинг ташкилий тузилмаси ва салоҳиятидан электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилишда янада самаралироқ фойдаланишимиз лозим.

Жорий йилда олдимизда турган вазифалардан келиб чиқиб, партиямиз ўзини оқлаган, мақсадли ижтимоий аҳамиятга эга тадбирларни ўтказиш амалиётини янги мазмун билан бойитиши керак, деб ўйлайман. Хусусан, ҳудудий инвестиция ва маҳаллий ресурслар ҳисобига қўшимча лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифларни шакллантириш, оналар ва болалар саломатлигини асрашга қа­ратилган ишларни кучайтириш, депутатлик ва жамоатчилик назоратини такомиллаштириш масалаларида янада фаол бўлишимиз, энг муҳими, ўз позиция­мизни кўрсатишимиз талаб этилади.

Электорат манфаати ифода этилган масалалар, авваламбор, партиямизнинг бошланғич ташкилотларида, халқ депутатлари туман, шаҳар ва вилоят Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларида, шундан сўнг уларнинг ташаббуси билан доимий комиссиялар мажлислари, сессияларда муҳокама қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Бу ҳаётий таклифлар шаклланишида муҳим аҳамиятга эга.

Амалий семинар дастуридан ўрин олган мавзу бўйича бошқа депутатлар ва партия фаоллари ҳам ўз таклифларини билдиришди. Мазкур таклифлар партия ташкилотлари ва депутатлар олдидаги вазифаларни самарали амалга ошириш учун аниқ чора-тадбирларни белгилаб олишга асос бўлди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.