25.01.2014

ПАРТИЯ ТАШКИЛОТИ БИЛАН ДЕПУТАТЛИК ГУРУҲИ

ҳамкорлигини кучайтириш талаб этилади

ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши Ижроия қўмитасининг халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари иштирокидаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳи фаоллигини оширишга қаратилган муҳим масалалар муҳокама этилди.

Дастлаб давлатимиз раҳбарининг «Амалга ошираётган ислоҳотларимизни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти қуриш — ёруғ келажагимизнинг асосий омилидир» номли маърузасидан келиб чиқиб, ЎзХДП ташкилотлари ва депутатлик гуруҳи олдида турган вазифалар муҳокама қилинди.

Қайд этилдики, бугун ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг аниқ устувор йўналишларини белгилаб олишда, ушбу стратегик вазифаларни ҳал этишда сиёсий партияларнинг иштирокини кучайтириш талаб этилаяпти. Партиямизнинг барча даражадаги ташкилотлари ва депутатлик гуруҳи ана шу масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, фаолият кўрсатиши зарур бўлади.

— Маърузада Президентимиз юртимиз ҳаётидаги муҳим ислоҳотлар ҳақида тўхталаркан, сиёсий партиялар фаолияти ва масъулиятини кучайтириш масаласига жиддий эътибор қа­ратди, — деди ЎзХДП ­Тошкент шаҳар кенгаши раи­си ўринбосари Рўзибек ­Тўраев. — Албатта, билдирилган фикрлардан келиб чиқиб, шаҳримизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг аниқ йўналишлари бўйича партиямиз позициясини шакллантириб боришимиз, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муқобил таклифларни илгари суришимиз лозим. Бунинг учун, аввало, 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда партиянинг барча тузилмалари иштирокини кучайтириш зарур. Бу ҳақда гап кетганда, партиямизнинг халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи дастур бажарилиши устидан назорат ўрнатиш билангина чекланмаслиги керак, деб ўйлайман. Улар ижтимоий ҳимояга муҳтож, вақтинча ишсиз фуқаролар учун қўшимча иш жойлари ташкил этиш бўйича амалий чоралар кў­ришда янада кўпроқ қатъият кўрсатиши, партия таш­килотлари уларга бу жараёнда яқиндан ёрдам бериши талаб этилади.

Маҳаллий ресурслар эвазига қўшимча инвестицион ло­йиҳаларни шакллантириш, ёш оилаларнинг турмуш шароитларини яхшилаш ҳамда оналар ва болалар саломатлигини асрашга қаратилган ишларни кучайтириш, бу борада депутатлик ва жамоатчилик назоратини такомиллаштириш бўйича ҳам аниқ чоралар белгилаб олишимиз керак.

Йиғилишда, шунингдек, партия фаоллари ва депутатлар Президентимизнинг Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида кўтарилган ғоялар, ўртага қўйилган муҳим вазифалардан келиб чиқадиган, Соғлом бола йилида қилиниши лозим бўлган ишларга алоҳида эътибор қаратишди.

«Соғлом бола йили» Давлат дастурига ЎзХДП электорати манфаатларидан келиб чиқиб таклифлар бериш, хотин-қизлар ва ёшларнинг тиббий маданиятини ошириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олишимиз зарур, дейишди сўзга чиққанлар. Масалан, «Хотин-қизлар ва ёшларнинг тиббий мадания­тини ошириш» ойлигини ўтказиш яхши самара беради. Шунингдек, болаларни жисмоний соғломлаштириш йўлидаги ишларни ўрганиб, таклифларни депутатлик гуруҳи орқали доимий комиссиялар ва сессия муҳокамасига олиб чиқиш муҳим вазифалардан эканлиги таъкинланди.

Йиғилишда ЎзХДП Тошкент шаҳар, туманлар ва «Ёшлик» талабалар шаҳарчаси кенгашларида «Бошланғич пар­тия ташкилотлари куни»ни юқори савияда ўтказиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Бошланғич ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш, етакчилар салоҳиятини ошириш бўйича таклифлар билдирилди.

Йиғилишда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши Матбуот хизмати.



DB query error.
Please try later.