25.01.2014

ИЖТИМОИЙ МАСАЛАЛАР ЕЧИМИДА

муносиб иштирок этишимиз зарур

Давлатимиз раҳбарининг Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидаги маърузаси жойларда чуқур ўрганилмоқда. Хусусан, ЎзХДП Марказий Кенгаши томонидан Қизилтепа туман кенгашида Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоят партия ташкилотлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари аъзолари иштирокида ўтказган минтақавий ўқув семинар ҳам маърузадан келиб чиқадиган вазифалар, электорат манфаатларини ҳимоя қилишда депутатлик гуруҳлари ва маҳаллий партия ташкилотларининг ишини янада кучайтириш масалаларига бағишланди.

Семинарда қайд этилганидек, маҳаллий партия ташкилотлари фаолиятини янада ривожлантириш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг очиқ-ошкоралиги ва самарадорлигини  таъминлашда ЎзХДП депутатлик гуруҳларининг иштирокини кенгайтириш зарур. Шу орқали партиянинг жамиятдаги ўрни ва нуфузи ошади, электоратни ўйлантираётган масалалар ҳал этилади.

Боймурод ЮСУПОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши Аҳоли бандлиги ва ижтимоий-сиё­сат масалалари бўлим мудири:

— Биз, аввало, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, ижтимоий соҳани ривожлантиришга эътиборни янада кучайтиришимиз керак. Аҳоли банд­лигини таъминлаш, меҳнат бозорига кириб келаётган ёшлар учун иш ўринлари ташкил этиш бугунги куннинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Агар депутатларимиз ушбу масалага жиддий эътибор қаратиб, юзага келаётган муаммоларни маҳаллий Кенгаш ваколатлари доирасида ҳал этиб боришга эришса, Дастур ижроси сўзсиз таъминланади. Президентимиз таъкидлаганидек, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича минтақавий дастурларнинг амалга оширилиши натижасида 2013 йилда қарийб 970 минг киши иш билан таъминланди. Бу иш ўринларининг 60,3 фоизидан ортиғи қишлоқ жойларда яратилди. Шу­нинг­дек, касб-ҳунар коллежларининг 500 минг нафардан ортиқ битирувчиси ишли бўлди. Аммо шунга қарамасдан, айрим ҳудудларда битирувчилар бандлигини таъминлашда муаммолар ҳам бор. Улардан бири битирувчи мутахассис сифатида ҳар доим ҳам иш берувчининг талабига жавоб бермаслигидир. Шундай камчиликларнинг олдини олиш учун депутатларимиз касб-ҳунар коллежларидаги давомадларнинг аҳволи билан қизиқиб кўриши керак.

Тасаввур қилинг, уч йил касб-ҳунар коллежида яхши билим олмаган бола қандай мутахассис бўлиб чиқади? Коллеж ўқувчиларини дарс­ларга тўлиқ қатнашиши борасида ота-оналар масъулиятини ошириш керак. Бугунги кун депутати муаммо борлигини айтиш билан чегараланмаслиги, унинг ечимларини ҳам кўрсатиши даркор.

Тадбирда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласида мутасадди раҳбарларнинг ахбороти ва ҳисоботини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессия ва доимий комиссияларида, депутатлик гуруҳлари йиғилишларида эшитиб бориш, ҳудудларда саноатни ривожлантиришнинг истиқболли ло­йиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, Соғлом бола йилида белгиланган вазифалар хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, халқ депутатлари Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари аъзоларининг ўтган йилдаги фаолияти таҳлил қилинди.

Шерали УМАРОВ, ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши раиси:

— Фаолиятимизни йилдан-йилга кучайтириб боришга ҳаракат қилаяпмиз. Хусусан, 2013 йилда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимиз томонидан 7 та масала ўрганилди, 2 таси доимий комиссияларда муҳокама этилди, 3 та масала эса тегишли маҳаллий Кенгашлар сессияларига киритилиб, улар юзасидан қарорлар қабул қилинишига эришилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, партия депутатлик гуруҳлари эътиборидан четда қолаётган айрим масалалар ҳам мавжуд. Жумладан, Жамоатчилик қабулхонасига тушаётган мурожаатларни таҳлил этиб бориш, электорат билан боғлиқ масалаларни комплекс ҳал этишда сусткашликка йўл қўйилмоқда. ­Навбаҳор, Хатирчи ва Конимех туманларида тоза ичимлик суви қувурларини янгилаш, янги йўллар барпо этиш борасида қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина. Шунинг билан бирга, ҚВПлар фаолиятини янада яхшилаш, коммунал соҳага оид хизматлар сифатини ошириш устидан таъсирчан депутатлик назорати олиб бориш зарур, деб ҳисоблайман.

Камолбой ИСАБЕКОВ, ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси:

— Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашида 13 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларида эса 187 нафар депутатимиз фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йили 20 масала партия депутатлик гуруҳларида, 12 таси доимий комиссияларда муҳокама этилди. 7 масала эса халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларига киритилиб, улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. Албатта, буни етарли, деб бўлмайди. Шу билан бирга, айрим туман Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимиз масалани сессия муҳокамасига киритиб, шу билан чекланиб қолаётгани қарор ижроси қандай бажарилаётгани билан қизиқмаётгани ҳоллари ҳам учраб турибди. Демак, депутатлик гуруҳларимиз сессия қарорлари ижроси устидан назоратни изчил кучайтириши талаб этилади.

Саида ЖЎРАЕВА, ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимизнинг ўз ўрни бор. 2013 йилда 28 та масала партия депутатлик гуруҳларида, 3 таси доимий комиссияларда муҳокама этилган бўлса, 15 таси эса халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларига киритилди. Таҳлилларга кўра, сервис ва хизмат кўрсатиш, коммунал соҳа, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш билан боғлиқ масалалар уларнинг асосий қисмини ташкил этади. Жорий йил депутатлик гуруҳларимиз фаолиятини янада яхшилаш, иш ўринлари яратиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш масалаларига жиддий эътибор қаратишни мақсад қилганмиз.

Шунингдек, тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ­Абдуқаҳҳор Юсупов, ЎзХДП Вобкент туман кенгаши раиси Толиб Авезов ва бош­қалар мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Семинарда партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари олдида турган муҳим вазифалар муҳокама этилди. Хусусан, ижтимоий соҳани ривожлантириш учун бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг манзиллилигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, таълим-тарбия жараёнлари ва соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш каби долзарб масалалар партия фаоллари, депутатларнинг асосий эътиборида бўлиши кераклиги таъкидланди.

Илҳом САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.