25.01.2014

САМАРҚАНД — ХИТОЙ САЙЁҲЛАРИ НИГОҲИДА

Амир Темур ва темурийлар давлатининг ­пойтахти — кўҳна Самарқанд шаҳри қадим-қадимдан кўплаб тадқиқотчи ва сайёҳларни ўзига жалб этиб келган. Ҳозирда Самарқанд ҳақидаги маълумотларни қамраб олган саккизта хитой ­сафарномалари сақланиб қолган.

Уларнинг энг қадимийси «Му-Тянзи чжуан» («Тангри ўғли Му ҳақида баён») деб номланади. Ушбу асар милоддан аввалги V асрда ёзилган бўлиб, эгаси билан дафн этилгани боис 700 йилдан сўнг қабр ичидан топилган. У мазмунан милоддан аввалги 1122-247 йилларда мавжуд бўлган Циэу (Чжоу) номли давлат ҳукмдори Мунинг (мил.ав. 1001-945 йилларда яшаган) Хитойдан ғарбда жойлашган ҳудудларга қилган сафарига бағишланган.

Асарда таъкидланишича, Му милоддан аввалги 989-988 йил­ларда ҳозирги Ўзбекистон ҳуду­дидан ўтиб, Каспий денгизининг ғарбий томонидаги мамла­катларга сафар қилган. Сафар биринчи йилининг ёз ойи­да Му ҳамроҳлари билан Помир­дан ўтиб йигирма беш кундан зиёд йўл юргач, Кивенғон деб номланган бир жойга етиб келган. Бу ернинг ҳукмдори билан учрашган ҳамда унинг меҳмони бўлган.

Жумладан, ушбу сафарномада «Мил. ав. 989 йил еттинчи ойининг ўнинчи куни ҳукмдор Му Кивенғонга етиб келди. Бу ерда иқлим илиқ, тариқ, буғдой, ўт-ўлан кўп, ит, от, қорамол ва қўйлар сон-саноқсиз, бебаҳо ашёлар кўп экан. У ўн учинчи куни барча амалдорлар билан зиёфатда бўлди. Шунда маҳаллий ҳукмдор Уфу 500 та зотли от, 300 та ишлашга ўргатилган мол, 70 та зотли ит, 200 ишга ўргатилмаган қо­рамол, 300 ёввойи от, 2000 та сигир ва қўй, 300 арава тариқ ва буғдой совға қилди. Му эса бунинг эвазига 47 сариқ олтин қуймаси, 50 та қимматбаҳо белбоғ, 3 тизиқ маржон ҳадя қилди», деб ёзилган. Мазкур сафарномада Самарқанд­ Ки­вен­ғон номи билан аталган.

Самарқанд ҳақида маълумот берувчи қадимий хитой сафарномаларининг яна бири — «Да Танг Шиюй цзи» («Буюк Танг дав­ридаги ғарбий мамлакатларга оид хотиралар») номли асардир. Унинг муаллифи — будда динининг роҳиби Шюан Занг (596-664) Ҳиндистонда ўн етти йил яшайди. У 631-632 йиллари ­Самарқандга келади. Ватанига қайтганидан сўнг, ўз сафари давомида ёзиб олган хотираларини тартибга солиб, яхлит бир китоб шаклига келтиради.

Асарда Самарқанд шаҳри, унинг маркази, ҳукмдори, армия­си, иқлими, урф-одатлари, халқ­аро савдо муносабатларидаги обрў-эътибори қуйидагича таъ­рифланади: «Самарқанд (Самуо­жян) давлатининг ҳудуди айланмасига (диаметри) 1600-1700ли (921.6-979.2 км) келар экан. У шарқдан ғарбга қараб чўзилган йирик давлат ҳисобланади. Пойтахт шаҳрининг ҳу­дуди айланмасига 20ли (11.52 км)дан зиёд ва унинг деворлари ниҳоятда мустаҳкам, аҳолиси катта нуфузга эга. Хорижий мамлакатлардан олиб келинган қимматбаҳо моллар шу ерга тўпланган. Ерлари серҳосил, деҳқончилик ривожланган, мевалари сероб, зотли отлар кўп. Самарқанднинг иқлими мўътадил, урф-одатлари эътиборга молик. Бу ерда барча хорижий мамлакатлардан келган одамларни учратиш мумкин. Узоқ-яқиндан келган кишилар даромад олиш мақсадида тинмай меҳнат қиладилар. Ҳукмдори қобилиятли ва серғайрат, қўш­ни давлатлар унинг сўзини икки қилмайди. Отлиқ қўшинлари кучли, аскарларининг ҳаммаси қўрқмас жангчилар, улар ни­ҳоятда ғайратли, ўлимга тик бора олади ва жангда орқага чекинмайди».

Самарқанд ҳақида хабар берувчи навбатдаги сафарнома — «Ду Хуан жингшинг жи» («Ду Ху­ан борган ва юрган жойлар хоти­раси») номли асар ҳисобланади. Унинг муаллифи Ду Хуаннинг аниқ туғилган ва вафот этган санаси номаълум. Аммо унинг 751 йилда араблар ва хитойлар ўртасида бўлиб ўтган жанг­да асир тушган зобитлардан би­ри экани тарихдан маълум. У ўн икки йил давомида Туркис­тон­нинг турли ерларида ва араб мам­лакатларида бўлган. 762-763 йилларда асирликдан озод бў­либ, денгиз йўли орқали Хитойга қайтганидан сўнг кўрган-кечирганлари ҳақида китоб ёза­ди. Сафарномада Самарқанднинг «ерлари ҳосилдор, аҳолиси кўп бўлишига қарамасдан, мамлакат катта эмас. Унда оловга сиғинувчилар ибодатхонаси мавжуд. Давлат ишлари билан шуғулланувчилар айнан мана шу шаҳардан етишиб чиқар экан», деб таъкидланади.

Вэй Же исмли сайёҳ қаламига мансуб яна бир асар «Шифан жи» («Ғарбдаги қўшни мамлакатлар хотираси») деб аталади. Лекин у бизнинг давримизгача етиб келмаган. Ундан 766-801 йилларда Ду Ю исмли муал­лифнинг қаламига мансуб бўл­ган «Тунгдян» («Қонун-қои­далар ва урф-одатлар баёни») номли китобда баъзи парчалар келтирилади.

Асарда Самарқанд ҳақида қуйидагилар баён этилган: «Самарқанд (Канг) давлатининг одамлари савдо ишларига пи­шиқ, болаларни беш ёшидан ўқитишади. Улар ёшлигидан савдо ишлари ва фойда олишга ўргатилади. Бундан ташқари, улар қўшиқлар айтишни ҳам ёқтиради. Янги йил олтинчи ойнинг биринчи кунидан бошланади. Шу куни ҳукмдорлар ва фуқаролар янги кийим кияди, соч-соқолларини тартибга солиб юришади. Пойтахтнинг шарқий томонидаги дарахтзорда етти кун давомида от чопиш ўйи­ни бўлади. Сўнгги куни битта тилла тангани осиб қўйиб, уни ўқ-ёй билан нишонга олиш мусобақаси ўтказилади. Тангага ўқи теккан киши бир кун давомида тахтга ўтқизилади. Фуқаролари тангрига қаттиқ эътиқод қилади ва барча ишларида ундан мадад сўрайди».

«Шиюу лу» («Ғарбий саёҳат хоти­ралари») номли сафарно­ма 1218 йилда Чингизхоннинг Туркистонга ҳарбий юриши даврида хонга маслаҳатчи сифатида ҳамроҳлик қилган ва этник ке­либ чиқиши қорахитой (қидан)лардан бўлган Елюй Чуцай (1190-1244) қаламига мансубдир.

Сафарномада келтирилишича, «Самарқанд «Семизкент (Шюн­сиган) деб номланган. Ғарбликлар тилида бу бой шаҳар демакдир. Унинг ерлари серҳосил бўлгани, Зарафшон (Бинхэ)дарёси бў­йида жойлашгани сабабли Ғарбий Ляо фуқарола­ри ушбу шаҳарни Хэчжунг-фу, яъни «Дарё­лар оралиғидаги шаҳар» деб аташган. Семизкент аҳолисининг нуфузи катта. У ерда тилла ва мис тангалар ишлати­лади. Атрофидаги ерларнинг ҳаммаси боғлар ва дарахтзорлардан иборат. Уйлари ҳовлили, ҳовлилар эса манзарали. Қушларнинг учиб юриши, булоқлардан ҳосил бўлган ариқ сувларининг ҳо­вузларни тўл­дириб оқиши, толлар бири бирига туташиб, шафтоли ва нок дарахтларининг қатор тизилиб тургани кўзга яққол ташланади. Қовунларининг катталиги отнинг бошидек, шакли чўзинчоқ бўлади. Тариқ, майда донли гуруч ва йирик донли ловия­лардан ташқари барча экинлар экилади. Ёз фаслида ём­ғир ёғмайди, экинлар ариқлар орқали олиб келинган сув билан суғорилади. Узумни ачитиб мусаллас қилишади... Бу ерда тут дарахти ўсади, ипакчилик билан шуғулланувчилар пилладан олинган ипакдан ма­то тўқийдилар. Ундан тикилган кийимлар ялтираб туради. Маҳаллий халқ оқ кийимни байрам, кўк рангли кийимни эса мотам либоси деб билади. Шунинг учун кўпчилик оқ ранг­ли либосда юради».

Самарқанд ҳақида маълумот берувчи яна бир сафарнома «Чангчуэн-чжэнгрен шиюу жи» («Чангчуэн-чжэнгреннинг ғарбий саёҳат хотираси») Ли Чжичанг исмли муаллиф томонидан яратилган. Унга 1219-1223 йилларда Чингизхоннинг буйруғи билан ўн саккиз нафар хитойликлар ҳамроҳлигида Олтой, Жунғор текислиги, Или водий­си­даги Сайром кўли, Тараз ­(Талас), Тошкент ва Самарқанд ор­қали шимолий Афғонистонга са­фар уюштирган Чюэ Чужи исм­ли шахснинг хотиралари асос қи­либ олинган.

Асарда Самарқанд қуйидагича таърифланган: «Қалъа канал қирғоғида жойлашган, ёзда ва кузда ёмғир ёғмагани сабабли маҳаллий одамлар иккита канал қазиб, сувни шаҳар ичидан ўтказишган. Бу каналларнинг ирмоқлари кўчалардан ўтган ва маҳаллий аҳоли мазкур ирмоқларнинг сувидан фойдаланади. Умуман олганда, сув масаласида уларда қи­йинчилик йўқ. Илгари шаҳарда юз мингдан зиёд оиланинг яшагани маълум. Янги сарой шаҳар ўртасидаги баланд­лиги 33.3 метр келадиган тепалик устида бунёд этилган».

1263 йилда ёзилган «Ши шы жи» («Ғарбга юборилган элчи хотиралари») номли сафарнома ҳам Самарқанд ҳақида қизиқарли маълумотларни ўзида мужассам этгани билан алоҳида аҳамият касб этади. Унинг муаллифи Лю Юй ўз асарида 1259 йилда мўғуллар хоқони Мэнкэ (Мэнгэ) фармони билан Туркистонга элчи этиб юборилган Чанг Дэнинг сафар хотира­ларини баён этган.

Китобда Самарқанд ҳақида қуйидаги фикрлар келтирилади: «1259 йил учинчи ойининг саккизинчи куни Самарқанд (Шянсиган)да бўлдим. Шаҳар катта ва аҳолиси кўп. Менинг сафарим барча гулларнинг очилган пайтига тўғри келди. У ерда Хитойда учрамайдиган турли хил гуллар кўп экан. Шаҳарнинг ғарбий чеккасида асосан мева ва ўсимликлар — узум ва бошоғи кичик шоли кўп. Шунингдек, кузги буғдой ҳам экилар экан. Теварак-атрофда Хитойда учрамайдиган бир неча ўн хил доривор ўсимлик ўсар экан».

Сарой амалдорлари Чэн Чэнг ва Ли Шян қаламига мансуб «Ши­юй фангуо чжи» («Ғарбий заминдаги қўшни мамлакат­лар ҳа­қи­­да баён») номли асар Самарқанд ҳақида нисбатан батафсил маълумотларга эга экани билан ажралиб туради. Жумладан, унда шундай дейила­ди: «Самарқанд (Санмаэрхан) замини кенг ва текис, тоғ ва водийлари гўзал, ерлари серҳосил, шимолга қараб оқадиган дарё ва ариқлар мавжуд. Аҳо­ли шаҳар қалъасининг шарқ томонида истиқомат қи­лади. Қалъа текис жойга қу­рилган, унинг шарқидан ғарбигача бўл­ган масофа 10ли (5.76 км)­дан, шимолидан жанубигача бўлган масофа эса 5-6ли (2.88-3.46 км)дан зиёд. Унинг олтита дар­возаси мавжуд, қалъа девори ўтиб бўл­майдиган чуқур канал билан ўралган. Шаҳарнинг шимол томонида кичик қалъа мав­жуд. Ҳукмдор яшайдиган сарой унинг шимоли-ғарбий чекка­сида жойлашган бўлиб, унинг кўркамлигини фақатгина Ҳирот саро­йи билан таққослаш мумкин. Шаҳарнинг аҳолиси кўп ва гавжум, кўчалари тўғри ва би­ри бирини кесиб ўтади. Дўконлар зич жойлашган. Ғарб ва жанубдаги қўшни давлатлардан келган меҳмонлар уш­бу шаҳарга йиғилишади. Сотиладиган товарларнинг турлари кўп. Савдо-сотиқ ишларида маҳаллий шароитда зарб этилган кумуш тангалардан фойдаланилади. Ҳиротдан келганлар ҳам шу пул воситасида сав­до қи­лади. Кўчаларда ва устахоналарда спиртли ичимликларни ичиш тақиқланган. Қассоблар қўй ва қорамолларнинг қонини ишлатмайди ва уни ўра кавлаб кўмиб ташлайди. Қалъа­нинг шимоли-шар­қий қисмида хом ғиштдан қилинган бир би­но бўлиб, у мусулмонларнинг Яратганга сажда қиладиган мас­кани экан. Ушбу бино ниҳоятда кўркам, яшил тошлар ва нақш­лар билан безатилган. Унинг тўрт томони кенг айвон, ўртасида тиловат ва оятларни тафсир қилиш учун хона жойлашган. У жойда мутолаа этилади­ган Қуръонлар қўй териси билан муқоваланган, хатлари эса олтин суви билан безатилган. Одамлари чиройли ва қобилиятли. Бу ерда олтин, кумуш, мис, темир ва гилам ишлаб чиқарилади. Турли хилдаги оқ терак, қора тол, мажнун тол, шафтоли, ўрик, нок, олхў­ри дарахтлари, узум, қизил гуллар бисёр. Заминида барча қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ўсади. Маҳаллий аҳолининг урф-одатлари Ҳиротникидан фарқ қилмайди».

Асар муаллифларининг таъкидлашича, улар 1414 йил биринчи ойининг ўн учинчи куни Шэнши ўлкасидан сафарга отланиб, еттинчи ойнинг йигирма биринчи куни Самарқандга етиб келган. Мазкур сафарномада келтирилган маълумотлар жаҳон тарихида Амир Темур ва темурийлар давлати деб ном олган буюк давлатнинг пойтахти Самарқанд шаҳрида Соҳибқироннинг саъй-ҳаракатлари туфайли мисли кўрилмаган ривожланиш содир бўлганига яқ­қол далил бўлади.

Чэн Чэнгнинг Самарқанд ҳақи­даги маълумотлари Хитой Халқ Республикасининг Сичуан ўлкасида сақланаётган «Мингшан цанг» («Мингшан фонди») номли тўпламнинг Марказий Осиёга оид қисмида қисқартирилган ҳолда келтирилади. Ушбу манбанинг 6320-6383 варақлари Хитой томонидан Амир Темур музейига совға қилинган.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, юқорида тилга олинган хитой са­фарномаларининг муаллифлари ўз асарларида Самарқанднинг қадимий ва ўрта асрлар тарихига оид қизиқарли ва муҳим фикрларни ёзиб қолдирган. Уларда Самарқанд шаҳрининг гўзал манзараси, аҳолининг зич жойлашгани, дўконлар ва бозорлар чет эл молларига ва қимматбаҳо нарсаларга тўла бўлгани таъкидлаб ўтилади. Муаллифларнинг якдил фикрига кўра, милодий V-XV асрлар оралиғида Самарқанд йирик халқаро савдо маркази, обод ва ривожланган шаҳар сифатида ном қозонган. Самар­қанд билан савдо ҳамда бош­қа иқтисодий алоқаларни ўрнатишдан манфаатдор бўлган хорижликлар бу шаҳарга қизиққанлар ва у ерга интилганлар. Натижада, Самарқанднинг довруғи кенг ёйилиб, аҳолисининг нуфузи ор­тиб борган. Бу эса ўз навбатида, аҳоли турмушининг фаровонлашувига ва маданиятининг юксалишга хизмат қилган.

Аблат ХЎжаев,

ЎзРФА Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими, тарих фанлари доктори.



DB query error.
Please try later.