25.01.2014

ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ВА НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРИ САЛОҲИЯТИ ОШМОҚДА

Тошкентда «Давлат сиёсатининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг салоҳиятини ошириш масалалари» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро жамоатчилик маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, экспертлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус вакиллари қатнашди.

Тадбирда жамоатчиликни мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, демократик туб ўзгаришларнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли ва ижтимоий фаоллигини оширишга доир амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан таништириш бўйича фикр алмашилди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори А.Абдуллаев, Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро жамоатчилик маркази директори Г.Бобожонова ва бошқалар оммавий ахборот воситалари, авваламбор, нодавлат медиа тузилмалар фуқароларнинг ахборот соҳасидаги қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда алоҳида ўрин эгаллашини таъкидлади. Улар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, аҳолининг фуқаролик позициясини шакллантириш ва мустаҳкамлаш, сиёсий, ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтиришда фаол иштирок этмоқда.

Шу билан бирга, турли аҳоли қатламларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳиссаси ортиб бораётир. Сўнгги уч йилда бундай ташкилотлар 22 фоизга кўпайди ва айни пайтда уларнинг сони 6 мингдан ошди. Улар таълим, экология, соғлиқни сақлаш, маданият, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва бошқа соҳаларда самарали фаолият кўрсатмоқда.

Тадбир давомида иштирокчиларга бу борада амалга оширилаётган давлат сиёсати ҳақида батафсил ахборот берилди, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шароитларини янада яхшилашда давлат ҳамда нодавлат ташкилотлар саъй-ҳаракатларини кучайтириш зарурлиги қайд этилди. Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришда оммавий ахборот воситалари ва интернет-ресурслардан самарали фойдаланиш қоидалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини ҳуқуқий-молиявий қўллаб-қувватлаш йўллари ва шакллари, соҳани ривожлантириш йўналишлари, «учинчи сектор» фаолияти самарадорлигини ошириш, ҳудудий дас­турларни ҳаётга татбиқ этиш каби мавзуларда тақдимотлар ўтказилди. Оммавий ахборот воситаларида «учинчи сектор» фаолиятини ёритиш, матбуотда шу мавзуда чоп этилаётган материалларни таҳлил қилиш, журналистлар материалларида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ёритиш хусусиятлари бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.

Давра суҳбати қатнашчилари Бухоро ва Самарқанд вилоятларида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси нормаларини синовдан ўтказиш бўйича амалга оширилган ҳуқуқий эксперимент натижалари муҳокамасига алоҳида эътибор қаратди. Мазкур услубнинг амалиётда қўлланилгани мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди. Синов давлат органлари фаолиятининг очиқлигини, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтларининг улар фаолияти тўғрисидаги ахборотдан кенг фойдаланишини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси нормалари самарадорлигини аниқлаш имконини берди. Шунингдек, реал шароитларда ўтказилган ҳуқуқий эксперимент қонун лойиҳасини такомиллаштириш, уни самарали қўллашнинг механизмларини яратиш, ҳуқуқий эксперимент усулларини қонун ижодкорлиги жараёнига жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлашга ёрдам берди.

Иштирокчилар жамоатчилик назоратига оид қоида ва нормалар амалдаги ўттиздан зиёд қонунда, жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари, касаба уюшмалари, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонунлар, шунингдек, соғлиқни сақлаш, экологияга оид қонун ҳужжатларида ўз ифодасини топганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепция­сида қабул қилиниши кўзда тутилган «Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида» ва «Экологик назорат тўғрисида»ги қонун лойиҳаларининг алоҳида аҳа­мияти ҳа­қида сўз юритилди.

Экспертлар жамоатчилик назоратини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари, чунончи, оммавий ахборот воситалари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли, юридик ва жисмоний шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун жамоатчилик назорати механизмлари, ҳуқуқий асослари, экологик назоратнинг асосий йўналишлари ҳақида кенг ахборот берди.

Таъкидлаш жоизки, давра суҳбати «Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фаолиятини ривожлантиришда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик» халқаро лойиҳаси доирасида ўтказилган якуний тадбирдир. 2013 йилда ушбу лойиҳа доирасида Бухоро, Самарқанд, Фарғона ва Навоий вилоят­ларида семинарлар ташкил этилган эди.

Сардор ТОЖИЕВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.