23.01.2014

КУЧЛИ ДЕПУТАТЛИК ГУРУҲИ

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшади

ЎзХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан Жиззах вилоят кенгашида электорат манфаатларини самарали ҳимоя қилишда партия депутатлик гуруҳлари ва минтақавий ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтиришга ­бағишланган минтақавий семинарда шу фикр илгари сурилди. Унда ­Жиззах ва Сирдарё вилоят партия кенгашлари ходимлари, халқ депутат­лари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳлари аъзолари ҳамда бошланғич партия ташкилотлари етакчилари иштирок этди.

Конституциямиз қабул қи­линганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сиёсий партиялар фаолияти юзасидан билдирилган фикрлар ҳудудий пар­тия кенгашлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари фаолиятини кучайтириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида ташаббускорликни оширишни талаб этмоқда. Семинар иштирокчилари шундан келиб чиқиб, ЎзХДП депутатлик гуруҳлари олдида турган устувор вазифалар хусусида сўз юритди.

Таҳлиллар кўрсатмоқдаки, ЎзХДП­нинг маҳаллий ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари томонидан 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан қатор амалий ишлар олиб борилган. Хусусан, 2013 йилда Ҳаракат дастури­дан ўрин олган 232 та масала депутатлик гуруҳларида, 136 та масала доимий комиссияларда, 118 та масала сессияларда муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган.

Бундан ташқари, партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари томонидан 2800 дан ор­тиқ депутатлик сўрови давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига юборилган. Шунингдек, доимий комиссия ва сессияларда 17 марта мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилган.

Албатта, бундан кўриниб турибдики, кейинги йилларда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож вакилларини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, жойларда электоратни ўйлантираётган масалаларни ҳал этишда партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари иштироки фаоллашиб бораяпти.

Улуғбек ТошпЎлатов, ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири:

— 2013 йилда Ҳаракат дастурига мувофиқ Сирдарё вилоятида 13 та масала депутатлик гуруҳларида, 7 масала доимий комиссияларда ҳамда яна 7 масала сессия кун тартибига киритилиб, уларнинг ижроси юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинган. Аммо партиянинг Мирзаобод, Сардоба туманларида айрим масалалар фақат депутатлик гуруҳларида кўрилиб, доимий комиссияларда муҳокама этилмасдан қолган.

Ўтган йили Жиззах вилоятидаги депутатлик гуруҳларимиз ташаббуси билан 14 та масала депутатлик гуруҳларида, 4 та масала доимий комиссияда, 6 та масала эса сессиялар кун тартибига киритилди. Халқ депутатлари Мирзачўл, Бахмал, Зомин, Зарбдор, Фориш, Жиззах, Дўстлик, Зафаробод туман Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимиз эса Ҳаракат дастурида белгиланган масалани фақатгина депутатлик гуруҳларининг ўзида кўриб чиқиш билан чекланиб, уларни доимий комиссиялар, сессиялар муҳокамасига олиб чиқмаган. Ваҳоланки, Сирдарё вилоятида ҳам, Жиззах вилоятида ҳам маҳаллий вакиллик ҳокимияти ваколатлари даражасида ҳал этилиши зарур бўлган, партиямиз электорати манфаатлари билан бевосита боғлиқ ижтимоий масалалар оз эмас.

Ўтган йил давомида халқ депутатлари Сирдарё вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳлари аъзолари 587 марта депутатлик сўрови юборган бўлса, халқ депутатлари Жиззах вилоят ва туман, шаҳар Кенгашларидаги депутатларимиз бор-йўғи 50 та депутатлик сўрови юборган. Таҳлиллар айрим туманлардаги депутатларимиз бу масалага жиддий ён­дашмаганини кўрсатмоқда.

Шунингдек, партиянинг депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан Сирдарё вилоятида йил давомида бир марта мансабдор шахс­ларнинг ҳисоботи эшитилган. Жиз­зах вилоятида эса бундай ташаббус уму­ман амалга оширилмаган.

Айтиш лозимки, сиёсий партия­нинг асосий кучи маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларидир. Улар фаолиятини кучайтириш ҳудудлардаги ижтимоий масалаларни комплекс ўрганиш ва ҳал этиш, мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш, ҳудудий дастурларнинг бажарилиши ҳамда бюджетдан ижтимоий соҳага ажратиладиган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Бу эса аҳолининг ижтимоий ҳи­мояга эҳтиёжманд қатлами манфаати билан бевосита боғлиқ. Шундай экан, барча даражадаги депутатлик гуруҳларимиз ташаббускорлигини ошириш масаласи доимий диққат-эътиборимизда туриши керак.

Мўътабар Каримова, ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси:

— Зиммамизда турган вазифалар кўлами ва масъулиятини тў­лиқ ҳис этиб турибмиз. Ҳозирги шароитда партиямизнинг барча бўғинлари бирдек ишлашини йўл­га қўйишимиз керак. Энг муҳими, ҳаётни чуқур ўрганиб, аниқ мақсадга йўналтирилган ташаббусларни кўпайтиришимиз зарур.

Тўғри, Ҳаракат дастурида белгиланган вазифаларни бажаришда ташаббус ва қатъият кўрсатаётган, Жамоатчилик қабулхоналари ишида фаол иштирок этаётган, доимий комиссиялар, маҳаллий Кенгаш сессияларига масалалар тайёрлашда фаоллик кўр­сатаётган депутатларимиз сафи кенгайиб бормоқда.

Афсуски, суст фаолият юритаётган маҳаллий партия ташкилотлари, депутатларимиз борлигидан ҳам кўз юмолмаймиз. Улар одамларни безовта қилаётган ижтимоий масалаларни ўрганиб, таҳлил этиб, амалий таклифлар беришга етарли аҳамият қаратмаяпти. Биз ижтимоий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, унинг самарадорлигини ошириш юзасидан маҳаллий Кенгашлар даражасида нафақат қарорлар қабул қилишга, балки унинг ижроси таъминланишига эришишимиз зарур.

Семинарда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Аҳад Аҳмедов, ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Алишер Тошматов, ЎзХДП Ғалла­орол туман кенгаши раиси Меҳри Бобоева ва бошқалар сўзга чиқиб, мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Тадбир якунида партия ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган зарур тавсиялар ишлаб чиқилди.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.