23.01.2014

ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ ЯРАТИШ — ДОЛЗАРБ МАСАЛА

ЎзХДПдан сайланган депутатлар бандликни таъминлашда фаол иштирок этишни ўзларининг асосий вазифалари деб ҳисоблашмоқда

2013 йил якунлари, жорий йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида Президентимиз келтирган маълумотлар ижтимоий йўналтирилган сиёсатга асосланган ислоҳотлар юртимизнинг иқти­содий қудратини ошириб, халқимиз турмуш даражасини юксалтираётганини яна бир бор тасдиқлади.

Дунёдаги молиявий-иқтисодий инқи­рознинг давлатлар тараққиётига сал­бий таъсири давом этаётган бир пайт­да юртимизда иқтисодиёт барқарор ривожланиб, халқимиз турмуш фаровонлиги янада ошиб, янги иш ўринлари яратилаётгани ҳар биримизни қу­вонтиради, ғурурлантиради.

Ўтган йили эришилган ютуқ ва натижаларга ниманинг ҳисобидан эришилгани ва уларнинг аҳа­миятини электорат вакилларига тушунтириш депутатларнинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади. Жорий йил учун белгиланган устувор вазифалар эса Олий Мажлис Қонунчилик палатаси де­путатлари, хусусан, ЎзХДП фракцияси аъзолари зиммасига катта масъулият юк­лайди.

Абдуманноб РАҲИМОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Эътибор берайлик, фақат ўтган йилнинг ўзида хал­қимизнинг реал даромадлари 16 фоизга ошди, ўртача ойлик иш ҳақи, пенсия, ижти­моий нафақа ва стипендиялар 20,8 фоизга кўпайди. Бу ўринда пенсиялар ўртача миқдорининг ўртача иш ҳа­қига нисбатан ошиб бориш кўрсаткичи Ўзбекистонда Марказий Осиёдаги қатор мамлакатлардагига қара­ганда деярли икки баробар юқори бўлаётгани танланган йўлнинг тўғри эканини кўр­сатади.

Бундай кўрсаткичларга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ. Аҳолининг реал даромадлари ошиши, таълим ва тиббий хизмат сифати яхшиланиши, ижтимоий ҳимоя ҳар томонлама кучайиши парламент томонидан қабул қилинаётган Давлат бюджети иж­тимоий соҳа харажатларининг миқдори йилдан-йилга ўсиб бораётгани билан боғлиқ. Ҳар йили солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йў­налишларини белгилашда кам даромадли фуқароларга солиқ юкини камайтиришга, янги иш ўринлари яратиш ташаббусларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қа­ратилаяпти.

Мустақиллик йилларида аҳолининг реал даромадлари жон бошига 8,2 баробарга ўсди. Бу бир қарашда оддий факт ёки рақамдек тую­лади. Аммо унинг ортида пух­та ўйланган, узоқни кўзлаб, босқичма-босқич амалга оши­рилаётган ислоҳотлар туриб­ди. Ҳозир дунёнинг катта давлатлари ҳам солиқларни кўтариш ва бошқа чоралар кўриш орқали бюджет даро­мадларини кўпайтириш ҳа­қида ўйлашга мажбур бў­лаяпти. Солиқ ва бюджет сиёсатига жуда эҳтиётко­рона ёндашув шаклланган шундай вазиятда собиқ тузум асоратларидан бутунлай қу­тулиб, ривожланиб бораётган давлатимизда аҳолига қулайлик яратишга, фуқароларнинг даромадларини кў­пайтиришга қаратилган сиё­сат олиб борилаётгани юксак эътирофга лойиқ, албатта.

Бу масалалар ўз Дасту­рида бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш жараёнида ижтимоий ҳимоя тамойилини мустаҳкамлаш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олган партиямиз учун принципиал аҳамиятга эга.

Фақат ўтган йилнинг ўзида соғлиқни сақлаш соҳасига инвестициялар ҳажми 2010 йилдагига нисбатан 3,8 баробар ўсди. Чет эл инвесторларининг мамлакатимиз иқтисодиёти, шу жумладан, соғ­лиқни сақлаш соҳасига инвестиция киритишга қизиқиши йилдан-йилга ортиб бораяпти.

Мана, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида яқинда имзоланган 103 миллион долларлик кредит шартномасини олайлик. Унинг асосида пойтахтимизда жаҳон стандартларига жавоб берадиган кўп тармоқли махсус болалар шифохонаси барпо этилади. Бевосита Соғ­лом бола йили мақсад-вазифаларига боғлиқ бундай мисолларни бошқа соҳалар бўйича ҳам кўплаб келтириш мумкин.

Бирон соҳага ажратилган маблағ натижа кўрсатгандагина ўзини оқлайди, албатта. Шу маънода соғлиқни сақлаш соҳасига қаратилаётган эътибор, ажратилаётган маблағлар ўзининг ҳаётий самараларини бераяпти. Буни дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари ҳам тан олаяпти.

Президентимиз Вазирлар Маҳкамаси йи­­ғилишида бунёдкорлик ишларида ўз ҳиссаси борлигини ҳис қилиш, инсонга куч-қувват бағишлашини таъкидлади. Дарҳақиқат, ҳар биримиз шунга интилишимиз, мен ҳам эзгу ишларга ҳисса қўшаман, деган мақсад билан яшашимиз керак, деб ўйлайман.

Фахриддин РАЖАБОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Президентимиз одамлар эрталаб туриб иш қидирмасин, балки ишига борсин, деган даъватни илгари сурдилар. Бу даъват, аввало, бизнинг партиямиз электорати манфаатига кўпроқ хизмат қилади. Шу боис бу сўзлар бизнинг ишларимизга айланмоғи керак. Қолаверса, йиғилишда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш 2014 йил ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган мақсадли вазифаларни ҳал қилишнинг энг муҳим устувор йўналиши бўлиб қолиши таъкидланди.

Айтиш керакки, мамлакатимизда бу йўналишдаги ислоҳотлар тизимли амалга ошириб келинмоқда. Меҳнат бозорига кириб келадиган ёшларнинг замонавий касб-ҳунарларни эгаллашига, таълим йўналишларини иқтисодиёт ривожига қараб мослаштириб боришга эътибор қаратилаяпти. Хусусан, 2013-2014 ўқув йили бошланишидан олдин турли ҳудудлардаги 26 та касб-ҳунар коллежининг йўналишлари ўзгартирилди. Иқтисодиётнинг хилма-хил соҳаларида замонавий ва барқарор иш ўринлари яратилаяпти, уларга биринчи навбатда ёш мутахассислар жойлаштирилмоқда.

Меҳнат бозорига кириб келган ёшлар етарли малака, касбий кўникмага эга бўлмагани учун меҳнат жамоаси қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлиши, уларга ғамхўрлик кўрсатиш давлат ва жамиятимиз олдидаги вазифа экани ҳисобга олиниб, меҳнат қонунчилигига тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди. Битирувчиларнинг таълимга мос равишда амалиёт ўташи ва ишга жойлашишини ташкил этиш мақсадида «коллеждан — корхонага» тизими доимий такомиллаштириб борилаяпти. Ёшлар бандлигини таъминлаш, бу борадаги ташаббуслар амалга ошишига йўл очиб бериш бўйича маҳаллий ҳокимликларнинг масъулияти ва жавобгарлиги изчил кучайтирилаяпти. Булар иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш жараёнлари яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатаяпти.

Парламент томонидан қабул қилинган 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига кўра, бу йил мамлакатимизда қарийб бир миллионга яқин одам ишли бўлиши керак. Бу шунчаки рақам эмас, албатта. Ҳар битта иш ўрни бир одам тақдири, унинг ҳуқуқи таъминланиши, ҳаёти яхшиланиши, оиласининг фаровонлиги ошиши билан узвий боғлиқ эканини ҳисобга олсак, олдимизда турган вазифанинг қанчалик масъулиятли экани аён бўлади.

Айниқса, аҳолининг бандлик даражасини ошириш, даромад манбаларини кенгайтириш тарафдори бўлган партиямиз учун бу энг долзарб масала ҳисобланади. Шундай экан, бандлик дастури ўз вақтида, тўлиқ бажарилаяптими, деган савол ҳақида ҳаммамиз бирдек ўйлашимиз, иш ўрни яратиш, одамлар турмушини фаровонлаштиришдек эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қилишимиз лозим.

Бунинг учун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари билан биргаликда бандлик дастурининг ҳар бир ҳудудда бажарилишига эришиш зарур. Фақат бунда мақсад масалани ўрганиш ва сессияга олиб чиқиб, муҳокама қилишдан иборат бўлмаслиги керак. Ҳаракат аниқ мақсадга қаратилиши, дастурда белгиланган кўрсаткичлар амалда бажарилишига эришиш шарт.

Шу ўринда бир рақамга эътибор қаратай­лик. Бу йил юртимиздаги коллежларни 500 минг нафардан ортиқ ёшлар битириб, меҳнат бозорига кириб келади. Энди ўйлайлик, битта битирувчининг ўзига маъқул иш топиши, ор­зу-ният қилиб, ютуқларга интилиши унинг ўзи ва оиласи учун қанчалик аҳамиятли? Бу қан­ча ёш ишли бўлса, шунча оиланинг фаровон­лик даражаси ортади, деганидир.

Бу йил Дастур ижроси устидан парламент ва депутатлик назоратини кучайтиришда нафақат ҳудудлар ва тармоқларда иш ўринлари яратиш ҳолатини холис таҳлил қилиб, камчиликлар юзасидан таклифлар беришимиз, энг муҳими, уларни амалга ошириш бўйича позициямизни қатъий ҳимоя қила олишимиз керак.



DB query error.
Please try later.