21.01.2014

ДЕПУТАТ МАСЪУЛИЯТИ

Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши «Депутатлик назорати ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ­такомиллаштириш» мавзусида давра суҳбати ўтказди. Унда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари аъзолари, вилоят адлия бошқармаси ҳамда бошқа қатор ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Семинарда Президентимизнинг бош Қомусимиз қабул қи­линганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида сиёсий пар­тиялар фаолиятини кучайтириш юзасидан илгари сурилган ғоя­лардан келиб чиқадиган вазифалар кенг муҳокама этилди.

— Президентимиз маъруза­сида сиёсий партиялар ва депутатлар фаолиятини кучай­тириш тўғрисида билдирилган фикрлар ишимизга муносабатни тубдан ўзгартиришни талаб этади, — деди ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши раиси Шерали Умаров. — Шу боис дастурий мақсадларга эришиш, электорат манфаатларини ҳимоя қи­лиш учун биринчи навбатда сиёсий партиянинг асосий кучи — депутатлик гуруҳлари ваколатларидан самарали фойдаланиш лозим. Чунки, партиянинг халқ орасидаги нуфузи, аввало, депутатнинг ма­ҳаллий вакиллик ҳокимиятида амалга ошираётган ишлари, пар­тиянинг Сайловолди дастури ижросини таъминлаш мақсадида қандай ташаббусларни кўтараётгани билан ўлчанади. Би­роқ ана шу масъулиятни чуқур ҳис этмаётган депутатларимиз ҳам йўқ эмас. Буни айрим ҳу­дудларда депутатлик гуруҳлари томонидан сес­сиялар муҳокамасига электорат манфаатла­рига доир масалалар киритишда сусткашликка йўл қўйила­ётганида ҳам кўриш мумкин. Натижада ушбу ҳудудда иж­ти­моий-иқтисодий масалалар ечи­мида камчиликлар кузатилмоқда. Уларни бартараф этиш учун депутатлик гуруҳларимиз фаолиятини танқидий кўриб чиқишимиз, янги ташаббус ва ғоя­ларни илгари суришимиз, электорат манфаатларини ҳимоя қи­лиш борасидаги ишларимизни фаоллаштиришимиз лозим.

— Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда фаол ишти­рок этиш ҳар бир депутатнинг бурчи­дир, — дейди халқ депутатлари Зарафшон шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси Аслиддин Абдуллаев. — Айниқса, бугунги кун одамларининг сиёсий тафаккур даражаси юксалиб бораётгани депутатларга талабни кучайтирмоқда. Ҳозир одамлар кимга қандай масала юзасидан мурожаат қилишни ях­ши билади.

Ўтган йили ўрганишлар натижасида ҳудудимизда пенсия таъминоти, аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги аниқланди. Бу масалаларни депутатлик гуруҳимиз ўз назоратига олиб, мутасадди ташкилотлар томонидан камчиликлар бартараф этилишига эришдик. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ёлғиз кекса ва жисмоний имконияти чекланган кишилар ҳуқуқлари, манфаатлари таъминланиши борасида ҳам назорат-таҳлил ишларини олиб бораяпмиз. Энг асосий эътиборимиз эса янги иш ўринлари ташкил этиш масаласига қаратилган.

Семинарда таъкидландики, депутатнинг, депутатлик гуруҳи­нинг фаолияти самарали бўлиши, аввало, ўз бурчини қанчалик даражада чуқур анг­лашига боғлиқ. Шунда у фаол бў­лади, ваколатидан унумли фой­даланишга ҳаракат қилади.

Тадбирда депутатлик назорати ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш билан боғлиқ яна кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шулардан келиб чиқиб, навбатдаги режалар белгилаб олинди.

Илҳом САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.