21.01.2014

«БАРКАМОЛ АВЛОД — 2014»

спорт мусобақаларига Наманган вилояти мезбонлик қилади

Бугунги кунда мазкур спорт байрамининг юксак савияда ўтиши учун тайёргарлик ишлари қизғин. Мавжуд спорт иншоотларини реконс­трукция қилиш, таъмирлаш ва янгиларини қуриш жадал суръатларда олиб борилмоқда.

«Баркамол авлод — 2014» спорт мусобақаларининг тантанали очилиш ва ёпилиш маросимлари «Навбаҳор» марказий стадионида ўтказилади.

Президентимизнинг 2011-2013 йилларда республикада футболнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва уни ривожлантиришга доир қарори асосида «Навбаҳор» стадионида амалга оширилаётган кенг кўламли реконструкция ишлари натижасида бугун мазкур мажмуа янада кўркам ва замонавий қиёфа касб этмоқда.

Спортчилар, ҳакамлар, мураб­бийлар ва маъмурият учун мўл­жалланган хоналар ҳамда анжуманлар залида барча қулай­ликлар яратилган. Муҳандислик таъминоти талабларига кўра, йигирма икки минг томошабинга мўлжалланган ўриндиқлар пастки ва юқори қаватларга бўлинган. Ногиронлар учун ҳам алоҳида сектор ажратилган.

Замонавий технологиялар билан жиҳозланган тўртта ёритиш минораси стадионнинг тунда ҳам кундузгидай чароғон бўлишини таъминлайди. Видео табло, замонавий аудио тизими мосламалари ва бошқа ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланган шарҳловчилар хонаси мухлисларни зарур маълумотлар билан тезкор равишда хабардор қилиб бориш, ўйинларни тўғридан-тўғри эфирга узатиш, теле ва радиотрансляция сифатини оширишга хизмат қилади.

— Янгиланаётган «Навбаҳор» стадиони футбол мухлислари учун ажойиб совғадир, — дейди Наманган вилоят футбол фе­дерацияси вице-президенти Баҳромжон Холмирзаев. — ­Стадионнинг маъмурий бино­сида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун хоналар ажратилиб, замонавий воситалар билан таъминланган. Айни пайтда бу бинода пардозлаш, электромонтаж, сантехника, ҳаво алмаштириш, паст кучланишли электр тармоқларини тортиш ва жиҳозлаш ишлари тугалланиш арафасида...

— Бундан ўн тўрт йил муқаддам, яъни 2000 йилда талаба- ёшларнинг Универсиада мусобақаси илк бор Наманган вилоя­тида бўлиб ўтган эди, — дейди ЎзХДП фаоли, халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши депутати Саидусмон Тошбоев. — Ўшанда ҳам кўплаб янги спорт иншоотлари қурилиб, замонавий анжомлар билан жиҳозланганди. Соғлом бола йили­да ўтадиган «Баркамол авлод» спорт мусобақалари ҳам яна янги спорт иншоотларининг бар­по этилишига асос бўлади. Мен бугунги тайёргарлик жараёнларининг бевосита иштирокчи-ташкилотчиларидан бири сифатида ишонаманки, бундай спорт байрамлари фарзандларимизни халқаро миқёсдаги беллашувларда, жаҳон чемпионатларидаги муваффақиятларига асос бў­лади...

«Баркамол авлод — 2014» мусобақалари дастуридан жой олган спорт турлари бўйича баҳслар ўтказиладиган бошқа иншоотларда ҳам қурилиш-ободонлаштириш юмушлари қизғин давом этмоқда. Жумладан, «Дўстлик» теннис корти, «Паҳлавон», «Баркамол авлод» спорт мажмуалари, Наманган давлат университети, Муҳандислик-педагогика, Муҳандислик-технология институтлари, Олимпия захиралари, тиббиёт, санъат, хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежларида ҳамда Олий спорт маҳорати мактабида ҳам тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилмоқда.

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.