16.01.2014

СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР

демократик ислоҳотларни ҳаракатга келтирувчи кучдир

Тадбир бошланишидан олдин иштирокчилар ўртасида ўзаро суҳбат бўлди:

— Фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти қанча юксак бўлса, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга шунчалик таъсири кучли бўлади, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Ҳафиза Каримова. —  Фуқаролик бурчи ва масъулиятини чуқур ҳис қилган, ислоҳотлар моҳиятини теран англаган кишилар ижтимоий фаол бўлади. Демак, сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида ташкил этиладиган семинарлар партиямиз электоратининг ижтимоий-сиёсий билими ва фаоллигини оширишда таъсирчан воситага айланиши зарур.

— ЎзХДП аъзоси сифатида партия томонидан ўтказилган сиёсий ўқувларда фаол иштирок этишга ҳаракат қиламан, — дейди Тошкент вилояти педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти катта ўқитувчиси, ЎзХДП аъзоси Дилноза Тошмуҳаммедова. — Уларда электорат вакиллари ва партия аъзоларини демократик ислоҳотлардан кенг хабардор қилиш ҳамда бу жараёнда фаол иштирок этишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Тадбир дастури билан танишиб, бугунги сиёсий ўқувда ҳам шу масалага урғу берилганидан мамнун бўлдим...

Тадбир бошланди... Унда ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, ЎзХДП Тошкент шаҳар ва туман кенгашлари фаоллари ва электорат вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни, аҳоли фаровонлигини мус­таҳкамлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар давлат қурилиши, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий соҳаларда эришилаётган ютуқларда ўз аксини топаяпти. Хусусан,  2013 йилда аҳолининг реал даромадлари 15,7 фоизга, иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар миқдори 20,8 фоизга ўсгани шубҳасиз, халқимиз фаровонлиги, ҳаёт даражаси юксалиб бораётганидан далолат беради, дейишди сўзга чиққанлар.

Шунингдек, алоҳида қайд этилдики, бугун одамларимизда фаол фуқаролик позицияси шаклланиб, уларнинг сиёсий онги ўсмоқда, ҳуқуқий маданияти юксалмоқда. Бу эса демократик ислоҳотлар янада чуқурлашиб боришининг муҳим шартларидан биридир.

Бундан ташқари, семинарда Президентимизнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

  — Президентимиз ўз маърузасида ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг аниқ устувор йўналишларини белгилаб олишда сиёсий партияларнинг ролини кескин кучайтириш, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича стратегик вазифаларни ҳал этишда уларнинг иштирокини кенгайтириш демократик ислоҳотларни изчил амалга оширишнинг энг муҳим омилига айланиши зарурлигини таъкидлади,  — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева.  — Демак, жорий йилда партиямиз олдида турган вазифалар кўлами ҳар қачонгидан ҳам масъулиятли. Уларни самарали адо этиш учун партиянинг ҳар бир аъзоси, электоратининг сиёсий-ҳуқуқий билими, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини юксалтириш алоҳида эътибор талаб этади. Бу масалаларни ҳал этиш учун нафақат марказлар, балки олис туман ва қишлоқларда ҳам демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида қилинаётган ишлар бўйича давра суҳбатлари ўтказиб, ҳаётий мисоллар асосида жонли мулоқот, эркин фикр алмашув, муайян масалаларни очиқ муҳокама этишни кўпроқ ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгиладик. Бундай тадбирлар давлат бошқарувини янада демократлаштириш жараёнида фуқаролар иштирокини фаоллаштиришга хизмат қилади.

Семинарда сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари электоратни ўйлантираётган масалалар юзасидан партия фракцияси илгари сураётган қонунчилик ташаббуслари ҳақида тўхталиб ўтишди.

  — Қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни кўриб чиқиш, қабул қилишда депутатлар ҳамда сиёсий партияларнинг фракцияларига катта имкониятлар берилган, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Зиёвуддин Мансуров. — Масалан, Қонунчилик палатасида қонунлар қабул қилиниши фракцияларнинг фикр ва таклифларисиз бўлмайди. Ҳар бир фракция қонун лойиҳалари муҳокамасида ўз электорати манфаатини ҳимоя қилади.

Партиямиз Сайловолди Дастурида аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, бандлик даражасини ошириш асосий вазифа сифатида белгиланган. Шундан келиб чиқиб, фракциямиз қатор ташаббусларни илгари сурмоқда. Ҳар йили битта ёки иккита масалани Парламент эшитувига киритаяпмиз. Хусусан, фракция ташаббуси билан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси тўғрисидаги ҳисоботи эшитилмоқда. Аҳамиятли жиҳати, депутатларимиз нафақат муаммоларни кўтараяпти, балки уларнинг ечими бўйича таклиф ҳам киритмоқда. Мисол учун, бизнинг фракциямиз таклифи билан янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли банд­лигини таъминлаш дас­тури янада такомиллашади. Жорий йилда шу амалиётни янада фаоллаштиришни режалаштирдик.

Маърузалар давомида демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнида сиёсий партиялар иштироки, улар олдида турган вазифаларга алоҳида урғу берилди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.